Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:51

Янги қонун болалар меҳнатига чек қўядими?


Ўзбекистонда “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”даги қонун кучга кирди.

Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилдаёқ БМТнинг болалар ҳуқуқи борасидаги конвенциясини имзолаганди. Кузатувчилар расмий Тошкент ҳеч қачон бу конвенция талабларини бажармаганини эътироф этади.

Ҳозирда Ўзбекистонда болалар меҳнати кенг миқёсда эксплуатация қилиниши кўпчиликка сир эмас. Айниқса, қишлоқ жойларида мактаб ўқувчилари баҳорги ва кузги дала ишларига доимий равишда жалб қилинади.

“Пахта терими мавсумида эса қишлоқ мактаблари деярли ёпиқ бўлади,- дейди сирдарёлик ўқитувчи Исроил Ризаев. - Тайëр текин ишчи кучи сифатида ҳанузгача ўқувчилар меҳнатидан фойдаланиб келиняпти. Айниқса, Жиззах ва Сирдарë вилоятларида пахта ўсиб чиққач, имтиҳонгача 5-10 кун, баъзида 1 ойлаб мактаблар ëпилиб, пахта чопиғига чиқилади. 2 сентябрдан ўқув йили бошланади. 1 ҳафта, узоғи билан 20 кун ўқиш бўлади. Сентябрнинг 15, узоғи билан 20сидан бошлаб ўқувчиларимиз 2- 2,5 ойга чўзиладиган пахта теримига жалб қилинади”.

Хўш, янги ҳужжат болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўя оладими?

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева Ўзбекистонда бундан кейин ҳам болалар ҳуқуқларининг поймол қилиниши давом этади, деган ишончда.

Унинг фикрича, кейинги икки йил мобайнида ҳам бола меҳнатидан фойдаланилиб, бу жараён ҳар қачонгидан кўра яширинроқ тарзда амалга оширилади.

Надежда Отаева бунинг сабабларига тўхталиб: “2000 йилда бир тонна пахта 1000-1200 доллар атрофида эди. Ҳозир эса бир тонна пахтани Ўзбекистонда 700 долларга сотиб олиш мумкин. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ҳукумати пахта таннархини тушириш сиёсатини юритмоқда. Бу сиёсатни эса болалар меҳнатидан фойдаланмасдан амалга ошириб бўлмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистонга халқаро конвенция талабларини ҳаётга тадбиқ этишни таъминлаш ишларига камида икки йиллик муддат керак бўлади”,- деди.

Сирдарёлик ўқитувчи Исроил Ризаев эса янги ҳужжат амалга тадбиқ этилишига умид қилишини айтади.

“Мана, болалар меҳнатини чеклаш тўғрисида қонун қабул қилинди. Қолаверса, ўзбек пахтасининг халқаро миқëсда бойкот қилиниши ҳам босим. Бу йил энди болаларимиз меҳнатга жалб этилмай, тўлиқ мактабга қайтарилади, деб ният қилиб турибмиз”,- деди И.Ризаев.

Ўзбекистонлик кузатувчи Тўрабек Сано сўзларига кўра, янги қонун ҳам фақат қоғозда қолиб кетиши мумкин.

“Бу фақат расмиятчилик учун. НАТО билан муносабатни яхшилаëтган Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги обрўйини кўтариш учун. Халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланмаяпти, деган фикрни пайдо қилиш ва шунга халқаро ҳамжамиятни ишонтириш мақсадида қабул қилинган қонун бу. Лекин бу қонунларнинг ўзбек болалари ҳаëтига ҳеч қандай таъсири бўлмайди ва болалар бундан кейин ҳам пахта далаларига олиб чиқилади ва мажбурий пахта теришда давом этади”,- деди кузатувчи.

Ўзбекистон халқ таълим вазирлигининг болалар ижтимоий ҳимояси бўлими ходими Ўлмас аканинг таъкидлашича, қабул қилинган қонунга риоя қилиниши шарт. Янги қонун болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўяди.

Балки бу йил янги қонун боис, мактаб ўқувчилари пахта териш азобидан озод бўлар. Ҳозирча бу ҳақда фақат тахмин қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG