Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:20

Ризқ Аллоҳдан, лекин захира фойдадан холи эмас


“Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг бу галги сонида кейинги ҳафта ичида дунё сиёсатчиларини ташвишга солиб турган озиқ-овқат бўҳрони мавзуида фикр юритилади.

Бу мавзунинг айнан “Ислом ва мусулмонлар” эшиттириши учун алоҳида мавзу қилиб олинганига бош сабаб – дунё сиёсатчилари, хусусан, БМТ Озиқ-овқат дастури, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси каби ташкилотлар яқин-келажакда озиқ-овқат бўҳронига учраши мумкин, дея хавотир билан санаётган давлатларда яшовчи аҳолининг кўпчилик қисмини мусулмонлар ташкил қилмоқда. Дарвоқе, бу давлатлар сафида Ўзбекистон ҳам бор.

Яна айнан шу мавзуни бу эшиттиришда тилга олишимизга сабаб бўлган жиҳат – захира масаласи. Дунё давлатлари, асосан, ривожланган Ғарб давлатлари дунёнинг бир четини сув, бир четини олов олиб, глобал равишда иқлим ўзгариши кузатилаётган бир вақтда ўсимлик ва ҳайвонот оламини сақлаш ҳаракатини кўрмоқда. Сўнгги мисоллардан бири Норвегия ҳукуматининг шу йил февраль ойида донли экинларнинг қарийб 4,5 миллион нави уруғи сақланадиган омборни ишга туширганидир.

Бу омбор инсоният тарихида қурилган энг мустаҳкам омборлардан биридир балки. Норвегиянинг энг чекка шимолий нуқтаси – Шимолий муз океанининг мангу музлик ҳукмрон Шпицберген оролида қояни ўйиб қурилган у. Анча-мунча зилзила, ҳатто атом бомбаси портлашига дош беради, ҳарорати минус 18 даража атрофида бўлади. Музхона-омборхонани қуриш лойиҳасини таклиф қилган олимлар фикрича, дунё шу кунларда уруш, глобал иқлим исиши билан боғлиқ табиий офатлар ва энди озиқ-овқат бўҳрони арафасида турибди. Шунинг учун имкон қадар биринчи бўлиб қирон келади, деб хавфсиралган тириклик воситаси – озиқ-овқатни захира қилиш керак.

Бунақа генетик банклар, яъни омборхоналарнинг кўпчилиги дунёнинг ривожланаётган мамлакатларида. Дунё сиёсатчиларининг гапига қулоқ тутилса, айнан ана шу ривожланаётган мамлакатларнинг айримлари ва асосан, қашшоқ давлатлар ҳадемай озиқ-овқат инқирозига учраши мумкин. Бу давлатлар рўйхатида Миср, Камерун, Мавритания, Сенегал, Яман, Бангладеш, Боливия, Индонезия, Афғонистон, Ўзбекистон бор.

Хуллас, хавотир бор ва бу хавотирларга дунёнинг етакчи олимлари далил, ҳужжат қилиб келтираётган ҳисоб-китоблар, таҳлиллар бор. Ҳали айтганимиздек, озиқ-овқат тақчиллигидан қийналиши мумкин, дейилган мамлакатлар сафида, асосан, аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қиладиган давлатлар кўпчилик.

Шундай экан, бу хавотирларга шу мамлакатларда яшаб турган аҳолининг муносабати қанақа, деган саволга жавоб қидириб кўрдик ва шубҳасиз, олинажак жавоблар, кутганимиздек, бу аҳолининг диний қадриятлари доирасида бўлди. Зеро, мусулмон аҳлида ризқ масаласи алоҳида, катта бир масала. Келинг, оддий замондошларимизнинг фикрларига қулоқ тутамиз.

-
Ҳар бир бандани Аллоҳ таоло ризқи билан яратган. Ризқига яраша насибаси бор.Овқат тугаб қолади, деб ҳеч ўйламайман. Осмонда учиб юрган қушнинг ҳам Аллоҳ берган насибаси бор.

- Худойим ҳаммага ўз ризқини берган ва Худойим ҳеч кимни оч қўймаса керак, деб ўйлайман.

Озодлик: БМТ, Халқаро валюта жамғармаси ҳозирдан тараддуд кўрилмаса, бир кун келиб шундай очарчилик бўлиб, давлатлар ўртасида низо келиб чиқиши мумкинлигини айтяпти...

-
Мен бунга ишонмайман. Бунга ҳеч ҳам асос йўқ.

-
Менимча, бу яна бир сиëсий ўйиндир. Биз ҳеч қандай сабабларни кўрмаяпмизки, озиқ-овқат кам бўлса. Улар озиқ-овқат тугаб қолади, деган маълумотни қаердан олган?

Озодлик: Балки тадқиқотлар натижасида кўрсатаëтгандир?

-
Жаҳон миқëсида бўлса мумкин. Агар буғдой ва унга нисбатан бўладиган бўлса, пахта бизнинг республикамизга умуман керак эмасдир. Раҳбарлар бирор қарорга келиб пахта экиладиган жойларга буғдой экишса.

-
Озиқ-овқат тугамайди. Ҳамма меҳнат қиляпти, нимага тугаб қолади? Буғдой экишяпти, қишлоқларга борсак, экин-тикинларнинг ҳаммаси яхши. Қишлоқларда экинлар яхши бўлса, ҳаммаси секин-секин арзон бўлади яна.

Тожикистонлик суҳбатдошлар, кундалик тирикчилигини қилиб юрган замондош мусулмонлар ўз юртида қачондир озиқ-овқат танқис бўлишини тасаввур ҳам қила олмаяпти. Содда айтганда, ризқ Аллоҳдан, деган ақидага амал қилиб яшаяпти.

Хўп, унда захира масаласига қандай қарайсиз, уйингизда қанча муддатлик озиқ-овқатни захира қилиб қўясиз одатда, деб сўраймиз суҳбатдошлардан.

-
1 ойлик захирамиз бор. Ҳозир ҳеч ким 1 йиллик захира қилмайди. Бир ойга шукур деймиз, 1 ойлик захира қиламиз.

-
Аллоҳ бизга қанча умр берган бўлса, шунча умр кўрамиз. Масалан, 1 йилга захира қилсак, эртаси куни ўлиб қолсак, унинг нима фойдаси бор? Бу, билишимча, захирага қарамайди. Худо ҳар кунги ризқни ҳар кун ўзига яраша беради.

-
Масалан 3-4 ойлик захира қилиш керак. Лекин Худога ҳам ишониш керак. Чунки Худо ҳеч вақт ўзи яратган бандаларни оч қўймайди.

Озодлик: Асосан нималарни захира қиласиз?

-
Ун. Ундан бошқа ҳеч нарсани захира қилмайман.

-
Захира қилиш, албатта, керак. Мен ўзим нафақахўрман ва захирага анча кучим етмайди. Ҳа энди ҳаракат қиламан.

Бу оддий замондошларнинг фикр-муносабатлари. Фикр қилинса, микрофон тутганимиз одамлар бугунги кун билан яшаяпти. Бугунга егулик-ичгулик бор. Ғамлашга қурби келган одамларнинг уйида 1 ойлик егулик бор. Яна ҳам имкони бўлиб қудрати етганлар 3 ойлик ғамлаб қўйиш тараддудида. Бунда ҳам ун ва донни.

Келинг энди шу саволларга, яъни озиқ-овқат бўҳрони бўлиши ҳақидаги огоҳлантирувларга муносабатингиз қандай ва шу тобда захира қайғусига тушиш керакми, деган саволга маҳаллий имомлардан биридан олинган жавобни тинглайлик:

- Ҳар кунги ризқ Худодан бўлади, лекин бир кунлик ризқнинг ғамини ейиш ҳам нодурустлик. Худо бандалари ризқига кафил-ку, лекин имконият бўлганда захира қилиб қўйиш фойдадан холи эмас.

Ҳар кунлик ризқ Аллоҳдан, аммо имкон бўлганда захира қилиб қўйиш керак.

Лекин дунёнинг юзлаб олимлари озиқ-овқат бўҳрони ҳақида огоҳлантираётганда бунга бугунги мусулмон аслида қандай муносабатда бўлиши керак? Ризқ Аллоҳдан, дея бугун борига қаноат қилиниши керакми ёхуд музликларга уруғларни захира қилаётган олимлар, давлатлар ортидан бориб, нимагадир тайёргарлик кўриши керакми? Юқоридаги савол-жавобларда бўҳрон соя солиб турган давлатларда яшовчи айрим суҳбатдошлар бундан ортиқ қайғу қилмаётганини сўзлади.

Бироз ўтиб, бу хусусда исломда кўрсатилган тавсиялар, суннат ва фарз амаллар ҳақида тўхталамиз. Ҳозир эса эътиборингизни яна дунё олимлари огоҳлантирувларига қаратмоқчимиз.

Агар дунё мутахассисларининг таҳлилларига назар солсак, шу кунларда ўзи дунё бўйлаб буғдой захирасининг миқдори ҳам 12 ҳафта – 3 ойга етар экан.

Фақат бу захира бир жойда эмас, у дунёнинг турли давлатларида. Буни тўғри тақсим қилганимиздагина кутилаётган бўҳрондан тинч ўтиб оламиз, демоқда дунё олимлари.

Улардан бири БМТ Озиқ-овқат дастурининг Осиё давлатлари бўлими директори Тони Банбури. У, хусусан, Марказий Осиё давлатларидаги вазиятга эътибор қаратди ва бу ерда буғдойни экспорт қилувчи асосий давлат Қозоғистонга тўхталди. Қозоғистон буғдой экспортини сентябрь ойига қадар тўхтатгани, Тони Банбури фикрича, яхши ечим эмас.

“Озиқ-овқат экспорт қилувчилар бу муаммо ечими сифатида экспортни тўхтатмоқда. Бу билан бошқа давлат жуда муҳтож аҳволга келди. Мисол учун, Афғонистон, Шарқий Тимор каби мамлакатлар озиқ-овқат бўҳрони қаршисида турибди. Бироқ бу давлатларга етказиш учун ҳозир маҳсулотнинг ўзи йўқ”,- дейди Тони Банбури.

Хуллас, кутилаётган озиқ-овқат бўҳрони ҳозирданоқ дунё аҳлини баҳсларга тортмоқда. Бу баҳсга эса Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам тортилган. Биз ана шу масалаларга ва умуман ҳали айтиб ўтганимиз – ризқ ва егулик заҳираси масаласидаги саволларга ислом, шариат нуқтаи назаридан ойдинлик киритишини сўраб ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаровга мурожаат қилдик.

Обид қори Назаров: Бу халқ тилида қаҳатчилик, дейилади. Агар енгилроқ қилиб айтсак - қимматчилик. Қаҳатчиликка юз тутаëтган мамлакатлар ичида Ўзбекистон ва бошқа кўплаб мусулмон давлатлар бор экан. Мусулмон дунëсининг сиëсати мана шундай чалкаш сиëсат ва мусулмон дунëси шундай абгор аҳволдаки, аслида ҳамма бало-офат бўладиган, Худо асрасин. Бундай олиб қарасангиз, дунë камбағаллашиб бораëтгани йўқ. Ўзи миллион, миллиард, триллион маблағлар тўпланиб ëтибди бир четда. Бу ëқда эса очарчилик хавфи келяпти. Нима учун шундай? Бу бошқарув, тақсимот ва ўзаро муносабатларнинг яхши эмаслигидан. Дейлик, Саудия кучли давлат. Унинг қўшниси Яман камбағал. У ерда халқ қашшоқликда. Ëки Марказий Осиë. Бу давлатлар муносабатлари ҳам бир-бирига боғланиб кетган. Бири бой, бири камбағал. Хулласи калом, қудратли давлатлар яна ҳам кўпроқ адолатли, холисроқ бўлиши керак.

Озодлик: Озиқ-овқат бўҳрони кутиляпти, дейилган мамлакатлар, масалан, Индонезия, Қозоғистон буғдой экспортини тўхтатиб қўйди. Дунë олимлари бу яхшиликка олиб келмайди, деб танқид қиляпти. Бунга нима дейсиз?

Обид қори Назаров: Мусулмончиликда олдин ўзингдан, дейилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в) ҳам садақа бермоқчи бўлганларга: “Олдин ўз оилангга қарагин, бола-чақангга қарагин. Бола-чақангдан орттирганингни кейин қариндошингга, кейин қўшниларингга, кейин бегоналарга”, деганлар. Бир ҳисобда ўша Индонезия ëки Қозоғистон тутаëтган сиëсат тўғри. Агар ўз халқининг келажагини ўйлаб шундай қилаëтган бўлса, бу биринчи қадам, албатта, шундай бўлиши керак, деб ўйлайман. Иккинчи қадамда эса, албатта, қўни-қўшниларга мурувватли бўлиш керак. Бошқалар аҳволидан ҳам хабар олиш керак. Энди бунинг учун анави ëнидаги қўшнилари ҳам сал инсофга келиши керакда. Ўзи камбағал, аммо қайсар, жоҳил, тўполончи, жанжалкаш, мутакаббир бўлса, бу ëмонда. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтганлар: “Аллоҳ ëмон кўрадиган инсон камбағал мутакаббир”. Ўзи камбағал, лекин ақлини ишлатмайди. Кибру ҳаво, осмонда. Бундай ҳолатда иш битмайдида.

Озодлик: Шариат нуқтаи назаридан захира масаласига, масалан, нафақат шу дунë бўйлаб уруғларни сақлаб қолиш, умуман оддийгина тирикчилик учун захира йиғиш нуқтаи назаридан қандай қаралади?

Обид қори Назаров: Бу хасислик, бахиллик, очкўзлик мақсадида бўлса ҳаром. Лекин бу оқилона тадбир келажак учун, халқ манфаати учун қилинадиган иш бўлса, жоиз, балки зарур, балки фарз бўлади. Кўпгина нарсаларнинг вазиятга қараб ҳукми ўзгаради. Баъзан ҳолатга, шахсларга қараб ҳам ўзгаради. Бемалолгарчилик бўлса, ҳадисларда ривоятларда бир йил муддатгача мўлжаллаган захира қилиш мумкин, деб келади. Айнимайдиган, сасимайдиган нарсанинг бир йилга етадиганини захира қилиш мумкин. Бу энди юқорида айтилгандай, эртанги кунга ишончсизликдан эмас, балки бир қадар хотиржам бўлиб бошқа зарурий ишларга вақт ажратиш учун.
XS
SM
MD
LG