Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Рашид Бекжоннинг аҳволи оғир


Конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланиб, 1999 йилда қамалган хоразмлик Рашид Бекжон қаттиқ касалга чалинган, ҳаёти хавф остида. Бу ҳақда маҳбуснинг турмуш ўртоғи Бозоргул Бекжондан олинган маълумотга таяниб “ponauz.info” сайти хабар қилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, Рашид Бекжон сиёсий маҳбус.

“Озодлик” радиоси сиёсий мотивлар билан қамалиб, Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган бир қатор маҳбусларнинг турмуш ўртоқлари билан, жумладан, Бозоргул Бекжон билан ҳам суҳбат ўтказган эди.

Жорий йилнинг 8 февралида ўтказилган суҳбат чоғида Бозоргул опа эрининг турмадаги аҳволи тўғрисида гапириб: “Қамоқхонадаги аҳволи, шу ўтирибди, яхши, ëмон эмас. Кўзлари ожизланган. Унақа яхши кўра олмайди”,- деган эди.

Бозоргул опанинг тилидан чиққан “яхши, ёмон эмас”, деган баҳонинг шартли экани шундоқ кўриниб турибди.

Навоий шаҳридаги 64/46-қамоқхонада сақланаётган сиёсий маҳбус Рашид Бекжоннинг турмуш ўртоғи Бозоргул Бекжон билан бугун боғланишнинг иложи бўлмади.

Рашид Бекжон “Эрк” демократик партияси лидери, Ўзбекистон президентлигига экс-номзод Муҳаммад Солиҳнинг укаси. Шунинг учун “Озодлик” “ponauz.info” сайти хабарини шарҳлаб беришни Муҳаммад Солиҳдан сўради. Муҳаммад Солиҳ келини Бозоргул опадан эшитганларини айтиб берди.

“Келиннинг айтишича, биринчидан, унинг ҳамма жойини яра босган. Мен мақолани ўқидим. Бу ҳақда мақолада ëзилмаган. Кейин жуда озиб кетган. Уни у ерда врачларга кўрсатиб текширтирмагандан кейин унинг қандай касал эканини ҳам аниқлаш қийин. Лекин келиннинг айтишича, аҳволи жуда ëмон. Жисмонан жуда озиб кетган. Ҳозир ҳатто 65 килога тушиб қолганини айтишди”,- деди Муҳаммад Солиҳ.

Рашид Бекжон биринчи мaртa 1994 йилда “Эрк” гaзeтaсини тaрқaтгaни учун 4 йилгa қaмaлгaн, 1996 йили муддaтидaн oлдин oзoд қилингaн эди. 1999 йил 16 фeврaль пoртлaшлaридaн бир кун кeйин у Тoшкeнтдa ҳибсгa oлингaн вa конституциявий тузумга тажовуз қилиш айби билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Муҳаммад Солиҳнинг яна бир укаси Муҳаммад Бекжон ҳам қамоқда. Маълумотларга қараганда, у шу кунда Косонсойдаги қамоқхонада сақланмоқда. Силга чалинган, аҳволи оғир.
XS
SM
MD
LG