Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:23

Каримовнинг биринчи хотини вафот этди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг биринчи хотини Наталья Кучми 71 ёшида Тошкентда вафот этди ва пойтахтдаги Боткин қабристонида дафн этилди. Бу ҳақда бир қатор ахборот воситалари 29 апрель куни хабар тарқатди.

Марҳуманинг, маълумотларга қараганда, Ислом Каримовдан Пётр исмли бир ўғли бор. Ўзбекистонликлар Пётрни яхши билмаса-да, унинг ўгай онаси – Каримовнинг ҳозирги хотини ҳам рус эканидан хабардор.

Битта воқеа – воқеа. Иккита бир хил воқеа эса тенденциядир.

Ўз карьерасини совет даврида бошлаган ҳозирги кўплаб олий лавозимли амалдорларнинг хотинлари рус ёки рус тилида сўзлашувчилар эканини ҳам кўпчилик билади.

Ислом Каримовдан ташқари, Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиевнинг хотини ҳам рус. Марҳум Туркманбошининг хоними рус эди. Тожикистоннинг собиқ раҳбарларидан бири Қаҳҳор Маҳкамовнинг хотини ҳам рус эди. Ҳатто Мўғулистоннинг собиқ коммунист раҳбари Цеденбал ҳам рус аёлга уйланган.

Хуллас, бу ўринда муҳаббат эмас, тенденция аниқ кўриниб турибди.

Адабиётшунос Бахтиёр Исабеков сўзларига кўра, аслида одамнинг кимга уйланиши, кимни яхши кўриши унинг шахсий иши. Лекин юқорида келтирилган мисолларнинг ҳаммасига сиëсат аралашганини бемалол айтиш мумкин. Яъни аниқроғи, совет даврида амал талаб қилган одамнинг партия сафида бўлишдан ташқари хотини рус бўлса, амал поғоналарида кўтарилиш имконияти ҳам катта бўлган.

Ўзбекистон Компартиясининг энг биринчи биринчи котиби Акмал Икромовнинг хотини яҳудий, кейинги раҳбар Усмон Юсуповнинг хотини украин эди.

Умуман Ўзбекистон Марказий қўмитасининг биринчи секретарлари орасида Шароф Рашидовдан ташқари, ҳаммасида худди шу ҳолат бўлган. Уларни хотини рус, жуда бўлмаса татар бўлиши қанақадир ëзилмаган қоида бўлганини айтади Бахтиёр Исабеков.

Адабиётшунос Абдулла Абдуқодир ўғлининг билдиришича, юқорида келтирилган далиллар замирида юқорига ёқиш истаги ётибди.

“Фақатгина юқорига ëқиш ва амалга мустаҳкам ўрнашиб олиш мақсади бўлган. Чунки бундай эътибор бериб қарасангиз, Москва томондан қўйилган жуда кўп раҳбарларимизнинг хотини рус бўлган. Аввало, улар нафақат хотини рус бўлишига, иккинчи томондан хотинини тоза ўзбек бўлмаслигига ҳам жуда катта эътибор берилган”-, деди А.Абдуқодир ўғли.

Шу ўринда “Фарғона.ру” сайтида 2007 йилнинг 12 ноябрида эълон қилган бир мақола ёдга тушади. Мақола муаллифи Фахриддин Файзиев Ислом Каримовнинг совет ҳокимияти сўнгги йилларида иқтидорга келиши тарихини батафсил ёритган.

Москва ўша кунларда Нишоновнинг ўрнига тайинланиши мумкин бўлган бир неча номзодни муҳокамадан ўтказган ва охир-оқибат Каримовни танлаган, деган фикрни уқдирар экан, муаллиф айнан мана бу гапни ёзади:

“Масалани ҳал қилишда Каримовнинг биринчи хотини ҳам, иккинчи хотини ҳам рус экани инобатга олинган омиллардан сўнггиси эмас эди. “Ўзбеклар иши” доирасида миллиятчилик руҳидаги ҳар бир нарса қораланаётган, янги бир шароитда Ўзбекистон биринчи раҳбарининг КПСС Марказий қўмитасига Москва ва Россияга мутлақ содиқ бўлишига қўшимча кафолатлар керак эди ва Татьяна Акбарова ўша кафолат эди”.

Хуллас, совет даври ўзига хос давр эди. Ўзига хос даврнинг ўзига мос қўшиқлари ҳам бор эди.

Маша севар Омонни,
Николай Сорахонни.
Бир-бирига муносиб
Экан жуда бўйлари
Қачон бўлар тўйлари.

Соеет даврида бу қўшиқлар кун ора бериб туриларди!
XS
SM
MD
LG