Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:33

БМТ рўйхати ўзбекистонлик яна икки шахс номи билан бойиди


БМТнинг махсус қўмитаси “Ал-Қоида” ва Усама бин Лодинга алоқадор кишилар рўйхатига Ўзбекистоннинг яна икки фуқаросини қўшди. Шу вақтгача рўйхатда Ўзбекистон исломий ҳаракати ва унинг раҳбари Тоҳир Йўлдош номи бор эди.

БМТнинг бу рўйхати “Ал-Қоида”, Усама бин Лодин ва “Толибон” ҳаракатига алоқадор гуруҳлар ва шахсларнинг бирлашган рўйхати”, деб аталади.

Бу гал ушбу рўйхатга яна икки ўзбекистонликнинг киритилгани бир неча йилдан буён маълум бўлган “Исломий жиҳод” ёки “Исломий жиҳод иттифоқи” гуруҳи етакчилари кимлар бўлиши мумкинлигини ошкор қилди.

Ҳужжатда айтилишича, 1972 йилда Андижонда туғилган Нажмиддин Жалолов ва 25 ёшли тошкентлик Суҳайл Бўронов гуруҳ етакчилари ҳисобланади. Иккови ҳам Тошкентдаги қўпорувчилик амалиётларини содир этганликда айбланиб қидирилмоқда.

Улар раҳбарлик қилаётгани айтилаётган Исломий жиҳод иттифоқи (ИЖИ) дастлаб ўзини 2004 йил июль ойида АҚШ ва Исроилнинг Тошкентдаги элчихоналари ва Ўзбекистон Бош прокуратурасига уюштирилган худкуш ҳужумлардан сўнг танитди. Мазкур ҳужумлар оқибатида хавфсизлик идораларининг камида икки ходими ҳалок бўлганди. Бироқ ўшанда ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган ушбу гуруҳ жиддий қабул қилинмади.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг гуруҳ ҳақида бераётган маълумоти ўта чекланган.

“Бу гуруҳ 2004 йилда Тошкент шаҳрида Исроил ва АҚШ элчихоналари олдидаги портлашларда иштирок этган. Гуруҳнинг ҳибсга олинган вакиллари бор”, - деди МХХ матбуот вакили Олимжон Тўрақулов.

2007 йил сентябрь ойида ИЖИ Интернет орқали баёнот тарқатиб, АҚШнинг Германиядаги ҳарбий базаси ҳамда АҚШ ва Ўзбекистон элчихоналарига қарши режалаштирилган террорчилик ҳужумлари учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Ҳарбий базага ҳужум немис полицияси томонидан тўхтатиб қолинган ва фитнада гумонланган турк миллатига мансуб уч шахс ҳибсга олинганди.

“Бу қўпорувчилик амалиётининг олдини олиш бўйича кўп муддат давомида ишлаган идорамиз унинг ортида ИЖИ турганига аминдир”,- деганди Германия Ички ишлар вазирлиги вакили Закс Кристиан.

ИЖИ “Ал-Қоида”га алоқадор Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажралиб чиққан бир гуруҳ сифатида кўрилмоқда. Бу гуруҳни Ўзбекистон билан боғловчи омиллардан яна бири унинг мақсадларидир.

“Улар даъво қилаётган мақсадлардан бири келажакда Германиянинг Термиздаги авиабазадан фойдаланишига чек қўйишдир”,- дейди Закс Кристиан.

Лекин барибир ИЖИ ҳақидаги маълумотлар кўп эмас. Бу эса гуруҳ атрофидаги турли мунозараларни келтириб чиқарган. Масалан, Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ИЖИ Ўзбекистон МХХ ихтироси эканини даъво қилганди.

“ИЖИ ҳақиқатан ҳам мавжудлиги борасида ҳеч қандай далил кўрганим йўқ”,- деганди Крейг Мюррей.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институти тадқиқотчиси Ширин Акинер эса ИЖИ жуда хатарли гуруҳ эканига ишонади.

“Мен ҳурмат қиладиган одамлар бу гуруҳнинг жиддий ва ўта хавфли эканини айтади. Лекин тўғрисини айтсам, Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу гуруҳ ҳақида кўп нарсани билмайди”,- деди Ш.Акинер.

“Ал-Қоида”, Усама бин Лодин ва “Толибон” ҳаракатига алоқадор гуруҳ ва шахслар сифатида эътироф этилган Ўзбекистон исломий ҳаракати, “Исломий жиҳод” гуруҳи ва яна 110 гуруҳ ҳамда 372 шахсга қарши БМТ санкциялари амал қилади. Дунёнинг барча давлати бу ташкилотлар ва уларга алоқадор шахсларнинг активларини музлатиш, уларни ўз ҳудудига киритмаслик, уларга қурол-яроғ ва ҳарбий жиҳозлар сотмаслик ва улар билан ҳарбий соҳада мутлақо алоқа қилмаслик мажбуриятини олган.
XS
SM
MD
LG