Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:40

Собиқ муфтийнинг фатвоси яна бир маҳбусни ҳаётдан олиб кетди


Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган маҳкумлар билан суҳбатдан сўнг Ўзбекистон ҳукумати дин мулозими “эътиқодидан қайтишига умид йўқ”, дея хулоса берган диндор маҳбуслардан яна бири оламдан ўтди.

5 май куни Жаслиқдан жасади келган қўқонлик 26 ёшли Одил Азизовнинг яқинлари унинг қийноқлар остида ўлдирилгани ва бу қийноқлар дин мулозимининг кўрсатмасига биноан кучайтирилганини айтмоқда.

2004 йил май ойида Жаслиқ қамоқхонасида Ўзбекистон ҳукуматига хизмат қилувчи дин мулозимлари суҳбат ўтказиб, “Ҳизб ут-таҳрир”, ваҳҳобийлик диний оқимларига алоқадорликда айбланган маҳбусларни уч тоифага ажратган.

“Ҳизб ут-таҳрир” партиясига аъзоликда айбланиб қамалган Одилжоннинг отаси Маҳмуджон Азизов “Озодлик” билан суҳбатда ўғли каби маҳбусларга ҳукуматнинг дин мулозимлари “қайтишига умид йўқ, баҳридан кечса ҳам бўлади” мазмунида тасниф берган.

“Абдурашид Баҳромов 186 йигит билан гаплашиб, бирма-бир суҳбат қуриб чиққан. Уларни 3 гуруҳга саралаб берган. Биринчи гуруҳни: “Ҳеч таъсир кучи йўқ, буларни қийнаб ўтирманглар. Қўйиб юборинглар”, деган. Кейин 60-70 тани ажратган ва буларни тарбияласа бўлади, деган. Аммо учинчи гуруҳга ажратилган 42 йигитнинг баҳридан ўтилса ҳам бўлади, деб шу жойнинг ўзида фатво бериб келган. Шу гуруҳда ўғлим ҳам бўлган”,- деди М.Азизов.

М.Азизовнинг шу 42 маҳбусдан айримлари яқинлари, таниш-билишларига таяниб айтишича, кейинчалик улар оғир қийноқларга солинган ва 30га яқини ҳозирда оламдан ўтган.

“16 даражали совуқ бетон жойда қамаб қўйиб, босим билан сув сепишган. Шунақа қилиб ўпка нозик ҳолга келиб қолганда уришни касб қилиб олган булар. Буни менга Сангороддаги врачларнинг ўзи айтди. Ўпка шишганда ëпишиб қоларкан ва шу пайтда ҳар қандай зарбадан ëрилиб кетаркан”,- дейди Маҳмуджон Азизов.

Унинг сўзларига кўра, айнан шу усулда, яъни ўпкаси ёрилиб тиббий бўлимга тушган маҳбусларга тиббий ёрдам деярли кўрсатилмайди.

“Ўғлимнинг айтишича, айнан шу касаллик билан болалар ҳафталаб, ойлаб ëтаверар экан. Бирорта дори беришмас экан. Ўша ердаги биродарлар докторга айланиб кетган эканки, бир-бирига даво қилиб, ëрдам бериб юришар экан. Ҳатто бир марта ишлатиладиган шприцдан 12 марталаб укол қилинган болаларни айтарди ўғлим. СПИДга ўхшаган вируслар кўпайтирилиб бошқа қамоқхоналарга тарқатилишини ўғлим айтган эди”,- деди М.Азизов.

Унинг ўғли билан бирга “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланиб қамалган жияни ҳам қийноқлардан кўз юмган.

“Очлик эълон қилганда оғзидан нарсалар қуямиз, деб ўпкасига юборгани ҳақида ўша ерда ëнидаги болалар аниқ маълумот берган. Қулимбетов шахсан бунинг тепасида қараб турган. Маҳбуслар ëзиб чиқарган эди менга. Ким ушлаб турган, ким нима қилган, ҳаммасининг номлари соат-минутларигача аниқ бор менда”,- дейди Маҳмуджон Азизов.

Одилжон кабилар судда ҳам, кейинчалик қамоқхонада ҳам “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига аъзолигини тан олган ва бу йўлидан қайтишни истамаган маҳбуслар. Буни уларнинг яқинлари айтмоқда.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодир Элибоев бу каби маҳбусларнинг баҳридан кечишга кўрсатма бўлгани ҳақида аниқ далиллар йўқлиги, аммо шундай кўрсатма бўлганини собиқ муфтий Абдурашид қори Баҳромов хос суҳбатлардан бирида тан олганини айтади.

“12 май куни муфтийга телефон қилишган ва нима сабабдан бундай фатво берганини сўрашган. У: “Мажбурман. Юқоридан берилган буйруқни бажаряпман”, деб жавоб берган. Йилнинг бошидан шу кунгача ўзим яшаб турган ҳудудга мен биладиган 4 диндор кишининг жасади келди”,- деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ҳозирча бу каби маълумотларни йиғиб, таҳлил қилиб бораётган Ўзбекистон ичидаги ягона йирик ташкилот – Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи бераётган маълумотларга кўра, мамлакат бўйлаб ҳар ойда тахминан 20 - 30 нафарга яқин маҳбуснинг жасади уйига жўнатилади.

“Буларнинг ҳаммаси қийноқлардан ўлган, дея олмаймиз. У ерда касал бўлиши мумкин, бошқа нарсалар бўлиши мумкин. 15 тача диндорни қийноқлар остида ўлдириб, жасадини уйига олиб келиб беришади”,- деди ташкилот раҳбари Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG