Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2023, Тошкент вақти: 06:17

Дунё Андижон воқеаларини хотирлади


Андижон воқеаларининг 3 йиллиги муносабати билан бир неча хорижий мамлакатлар, жумладан, Швеция, Туркия, Украинада норозилик ва хотирлаш тадбирлари уюштирилди.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси олдида ўтказилган пикетда Тошкент ҳукуматининг уч йил аввалги Андижондаги амаллари қораланди. Ўзбек мухолифати ва украин фуқаролик жамияти фаоллари элчихона олдида “Йўқолсин диктатура!”, “Андижон ҳодисаси мустақил экспертлар томонидан тергов қилинишига рухсат берилсин” каби шиорларни кўтариб чиқди.

Ўндан зиёд пикетчи дунё ҳамжамиятидан Тошкент ҳукуматини уч йил аввалги қирғин юзасидан мустақил тергов ўтказишга кўндиришни талаб қилди.

“Европа давлатлари, БМТ, АҚШ ташкилотларининг бу воқеаларга беэътиборлиги ва ўзлари демократия боши бўлган ҳолда диктатура билан дўстлашиши биз учун жуда ҳаяжонлидир”,- деди пикет қатнашчиси Исоқжон Зоҳидов.

Андижон қирғинининг уч йиллиги муносабати билан Швеция парламенти ва Ташқи ишлар вазирлиги қаршисида ҳам ўзбек мухолифати норозилик тадбирларини уюштирди.

“Мақсадимиз Андижон воқеасини унутмаслик. Шунга уч йил тўлгани ва бунақанги воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун жаҳон жамоатчилиги эсидан чиқарган нарсани эсига солиб қўйиш”,- деди тадбир қатнашчиларидан бири.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консуллиги остонасига эса норозилик тадбири иштирокчилари томонидан қора гулчамбар қўйилди.

Шунингдек, Андижон қатлиоми халқаро илмий доиралар назаридан четда қолмади. АҚШ Конгрессининг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик - Хелсинки комиссияси Андижон ҳодисаларининг уч йиллиги муносабати билан йиғилиш уюштирди. Тадбирда ўзбекистонлик журналист, Андижон ҳақида фильм суратга олган Шоҳида Тўлаганова, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Маша Лиситсяна, “Табиатга адолатли ёндашув” ташкилотидан Жулиэт Уилямс ва бошқа тадқиқотчилар қатнашиб, ҳозирги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида чиқиш қилди.

Ўзбекистонда эса расмийлар Андижонда юз берган уч йил аввалги ҳодисаларни эсламасликка уринмоқда. Тошкентда норасмий Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси хотира маросимини ўтказишга қарор қилган, бироқ куч тизимлари ходимлари бунга йўл бермаган.

Альянс раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, улар Тошкентдаги “Матонат” монументи пойига гул қўйиб, уч йил аввалги воқеаларни хотирламоқчи бўлган, аммо ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларни вақтинча ҳибс этган.
XS
SM
MD
LG