Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:56

Андижонда сокинлик


Андижон воқеаларига роппа-роса уч йил тўлган куни Ўзбекистон ҳукумати бу воқеани эсламади ҳам, шаҳарнинг Бобур майдонида бир дона гул ҳам қўйилмади, Қурьондан бир оят ҳам тиловат қилинмади.

Андижондаги 13 май воқеаларида тўкилган қонларни кўрган гувоҳлардан бири буни “қонли сароб”, деб атаган эди. Орадан уч йил ўтиб Андижон ерида бу қонли саробдан нишон ҳам қолмади. Қонли сароб фақат андижонликлар хотирасидагина қолди. Бироқ улар фожеанинг уч йиллиги кунларида ҳам ўз турмуш ташвишлари билан бўлиб қолди.

“Озодлик” андижонликларга қўнғироқ қилиб, 2005 йилнинг эмас, 2008 йилнинг 13 майи ҳақида сўради.

Озодлик: Бугун Андижон воқеаларига уч йил бўлди. Одамлар Андижон воқеаларини эсга оляптими? Қанақадир тадбир бўляптими?

- Йўқ, билмадим лекин. Мен унақа тадбирларга дуч келганим йўқ. Эрталаб ишга чиқиб кетдим ва ҳалигача ишдаман. Кўчада нима гап, билмайман. Тинчлик бўлса керак. Ҳамма ëқда одамлар юрибди-ку.

Озодлик: Кўчаларда аҳвол қандай? Одамлар эслаяптими?

- Ҳамма ëқ яхши. Иссиқ. Одамлар мазза қилиб дам олгани кетяпти. Ҳеч қанақа гап-сўз йўқ. Ҳамма ëқ яхши, тинчлик.

Озодлик: Уч йил олдин шунақа бўлган эди, деб ҳеч ким эсламаяптими?

- Ҳозир унақа замонмас-ку. Ҳозир бугунги кун ўтса бўлди. Эртани ҳеч ким ўйламаяпти.

Озодлик: Тадбир ëки хотирлаш маросими ҳам ўтказилмайди?

- Йўқ, йўқ, йўқ. Ҳеч ким эсламайди уни.

Озодлик: Нимага эсламайди?

- Энди менинг бунга ақлу фаросатим етмайди. Тушундингиз-а нима демоқчи бўлганимни... Шунақа, ҳамма ўз-ўзи билан. Ҳамма қанақа юрган бўлса шундай. Нима бўларди ҳозир. Ҳамма ўзи билан овора. Кимлардир индамасдан ичида эслаëтгандир.

- Одамлар энди эсласа керак. Дахлдор одамлар бўлган бўлса, эсласа керак. Ўша яқини ўтганлар эслайди.

- Одамлар юрибди. Ўша кунни эсламасдан бўладими?! Қанча бегуноҳ одамлар ўлиб кетди. Мен буни эслаб умуман Андижонда юргим келмаяпти. Андижонда одамларнинг юриш-туриши ëқмай қолди. Шунақа тўйиб кетдим ëлғончилар замонидан. Замон ИИВ ва прокуратураники бўлиб қолди. Фақат бунинг ҳаммасини президент билиши керак.
XS
SM
MD
LG