Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:35

Ҳуқуқ альанси яна танқид нишонига айланди


Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи-назарини ифодаловчи “Пресс-ўз.инфо” сайти маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, айнан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсини икки томонлама ўйин олиб бораётганликда айблади.

Сайтда эълон қилинган мақолада айтилишича, альянс ҳуқуқ ҳимоячилари Ғарбдаги хўжайинларидан пул ололмай қолди, шекилли, энди Европа Иттифоқини ҳам, НАТО саммити иштирокчиларини ҳам танқид қилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси фаолларидан бири, мамлакатни тарк этиб, БМТнинг қочқинлар идорасидан бошпана изловчи шахс мақомини олган Абдулла Тожибой ўғли фикрича, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлиш учун Ғарбдан ҳам, Шарқдан ҳам ҳеч қандай хўжайин керак эмас. Бунинг учун одам ўз ватанини чин дилдан севса, шунинг ўзи кифоя.

“2-3 йил давомида альянсни ташкил этиб, тиклаб шу кунга қадар бир тийин пулсиз ëнимиздан шу даражага олиб келганмиз. Яъни айтмоқчиманки, бизга на бирор ташкилот, на бир шахс томонидан бир тийин пул ўтказилган, на пул тўланган. Бу ҳар бир ватанпарварнинг, халқнинг келажагини, фаровонлигини ўйлайдиган ҳар бир шахснинг тутадиган йўли”,- деди А.Тожибой ўғли.

Шунинг учун ҳам, дейди Абдулла Тожибой ўғли, ҳозир менга бошпана изловчи шахс гувоҳномасини берган БМТнинг қочқинлар идораси бошқармасини ҳам пикет қилмоқчиман. Чунки бу бошқарма ўзбекистонлик қочқинлар тақдирига масъулиятсизлик билан қарамоқда.

Унинг сўзларига кўра, альянс ким бўлишидан қатъи назар, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласига панжа орасидан қарайдиган Ғарб давлатларини ҳам, унинг ташкилотларини ҳам танқид этаверади.

“Биз уларни Ўзбекистон ҳукумати барибир қинғир ишларини давом эттиришидан огоҳлантирамиз. Бу йўлда уларни танқид ҳам қилаверамиз. Чунки мақсадимиз айнан Ўзбекистон халқи ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир”,- деди А.Тожибой ўғли.

Абдулла Тожибой ўғли “Пресс-ўз.инфо” сайтида берилган мақолага муносабат билдириб: “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Конституцияга, қонунларга амал қилишга даъват этувчи, шуни талаб этувчи инсон қанақа қилиб юрти, эли ëки ватанининг душмани бўла олади? Бизни нафақат сайтларга ëмонлашади, ҳаттоки турган маҳаллаларимиз, жойларимизга келишиб, аҳолига бизни душман, айғоқчи сифатида ёмонлашади. Албатта, мевали дарахтга тош отилади”,- деди.
XS
SM
MD
LG