Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:03

Сув ортидан жанжал чиқмоқда


Қирғизистон ва Ўзбекистон маҳаллий маъмурларининг воқеа жойига етиб келиши туфайлигина қўшни давлат ҳудудига ноқонуний ўтган ўзбекистонлик фуқароларнинг қирғиз чегарачилари билан жанжали олди олинди.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Санжира Чоколоеванинг сўзларига қараганда, Ўзбекистоннинг қўшни давлат ҳудудидаги Сўх анклавида жойлашган Ҳушёр қишлоғилик бир гуруҳ аҳоли Қирғизистонга ноқонуний ўтиб, ўз экин майдонлари учун сув очмоқчи бўлган.

“Улар маст ҳолатда бўлган. Қўлларида кетмонлар бўлган ва сув очмоқчи бўлган. Шу пайт чегара патрули келиб қолган ва улардан ҳужжатларини кўрсатишни талаб қилган. Ўзбекистон фуқаролари бундан ғазабга келиб, кетмонлари билан қирғиз чегарачиларига ҳужум қилган”,- деди Санжира Чоколоева.

Унинг билдиришича, шундан сўнг қирғиз чегарачилари осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узган. Воқеа жойига Қирғизистоннинг Боткен ва Ўзбекистоннинг Сўх тумани расмийлари етиб келган. Уларнинг аралашуви билан катта жанжалнинг олди олинган.

“Ўзбекистон томони воқеага тезда баҳо берди. Сўх тумани милицияси бошлиғи, Ўзбекистон чегара заставаси раҳбари ва бошқа расмийлар биз билан бир вақтда воқеа жойига келиб, жанжалнинг олди олинди. Ўзбекистон томони бўлиб ўтган воқеада ўз фуқаролари айбини тан олди ҳамда қирғиз томонидан расман кечирим сўради”,- деди воқеа ҳақида Боткен вилояти ҳокимлиги расмийси Тоштемир Эшалиев.

Хўш, бу воқеанинг содир бўлишига Қирғизистоннинг Ўзбекистонга сув бермай қўйгани сабаб бўлдими?

Т.Эшалиев бу саволга жавоб берар экан: “Ўзбекистоннинг Сўх тумани чегарадаги қирғиз қишлоғидан сув олади. Шартномага кўра, Ўзбекистонга бир ҳафтада беш кун сув берамиз. Қолган икки кун эса чегара атрофидаги учта қирғиз қишлоғи деҳқонларига сув берилади. Бироқ ўзбекистонликлар бизга беш кун эмас, етти кун сув берасанлар, деган иддао билан ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, сувни ўзларига бурмоқчи бўлган,- деди.

Боткен вилояти расмийсининг айтишича, Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ва Қозоғистонни камсувлик жараёни бошлангани ва шу муносабат билан эҳтиёжнинг 50 фоизи ҳажмида сув берилиши ҳақида расман огоҳлантирган. Боткен вилояти Ўзбекистоннинг Сўх туманига ҳафтасига беш кун сув беришига қарамай, сув миқдори етарли даражада бўлмаган. Камсувлик жараёнидан бехабар бўлган Ўзбекистон фуқаролари қирғизлар сувни атайлаб бизга тўлиқ миқдорда бермаяпти, шунинг учун сувни ўзимиз керакли миқдорда очиб келамиз, деган мақсадда чегарани бузган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Қирғизистон томони маълумотига кўра, Сўх тумани расмийлари бундай воқеа қайта такрорланмаслиги учун аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Санжира Чоколоева эса бу воқеа юзасидан тергов иши бошланганини маълум қилди.

“Ўзбекистон томони ҳодиса айбдорлари жазоланишини ваъда қилди. Қирғизистон томони ҳам бу воқеа юзасидан бир томонлама тергов бошлади”,- деди Санжира Чоколоева.
XS
SM
MD
LG