Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:27

Қирғиз фуқаролари ўзбек чегарачиларини қуролсизлантирди


Бишкекдаги ахборот агентликлари Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилоятида мамлакат фуқаролари Ўзбекистоннинг икки чегарачисини қуролсизлантиргани ҳақида хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, бу воқеа ўзбек чегарачилари 2 июнь куни Жалолобод вилоятининг Новкен тумани Дўстлик қишлоғида яшовчи Файзулло исмли Қирғизистон фуқаросини Ўзбекистон ҳудудига олиб чиқиб кетаётганида содир бўлган.

Жалолобод милицияси матбуот котиби Иброҳим Шатманалиев воқеа тафсилотлари ҳақида гапириб: “Ўзбекистонннинг икки аскари автоматлар билан Қирғизистон ҳудудига ўтган. Файзулло исмли фуқарони кечки соат саккизларда уйидан олиб чиқиб, зўрлик билан Ўзбекистон томонга олиб кетаётганида бу воқеани қўшнилар кўриб қолган. Ҳамқишлоқларининг қаршилиги билан Файзулло озод қилинган, қишлоқ аҳолиси ўзбек чегарачиларининг автоматларини тортиб олиб қўйган. Қуролсиз қолган чегарачилар Ўзбекистон томонга қочиб кетишга улгурган”,- деди.

Расмийнинг билдиришича, бу воқеа юзасидан жиноят иши очилган. Воқеа тафсилотлари Ўзбекистон расмийларига етказилган. Бироқ ўзбек тарафи шу кунга қадар бу воқеага расман муносабат билдиргани йўқ. Ўзбекистон томони ҳатто қирғиз фуқаролари томонидан тортиб олинган автоматлар қайтарилиши тўғрисида ҳам илтимоснома жўнатмаган.

Иброҳим Шатманалиев таъкидича, ўзбек чегарачилари Файзуллони ғаразли мақсад билан олиб кетаётган бўлган.

“Файзуллони ўғирлаб кетишаётган эди, деб айтишга асосимиз йўқ. Унга нисбатан Ўзбекистонда қидирув эълон қилинмаган, жиноятчи ҳам эмас. Оддий бир одам. Бизнинг маълумотимизга кўра, ўзбек чегарачилари уни қўрқитиб пулини олмоқчи бўлган ёки уларнинг бошқа ғаразли мақсадлари бўлган”,- деди Иброҳим Шатманалиев.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан Қирғизистон фуқароларини ўғирлаш ҳолатлари ҳам кузатилган.

“Бундай воқеалар Бозорқўрғон, Қорасув ва Аравон туманларида кузатилган. Ўзбекистон махсус хизматлари бу ерларда бир қанча фуқароларимизни ўғирлаб олиб кетган. Ўзбекистон уларни жиноят содир этганликда айблаб, озодликдан маҳрум этган. Айрим фуқароларимиз эса Ўзбекистонга олиб кетилгач, бедарак йўқолган”,- деди Азиза Абдурасулова.

Қирғиз милицияси расмийларининг билдиришича, бундай воқеалар аллақачон ўтмишга айланган эди. Бир неча йилдан бери Ўзбекистон томонидан Қирғизистон фуқароларини мамлакат ҳудудидан яширин тарзда олиб чиқиб кетиш ҳолатлари рўйхатга олинмаган. Бу борада аҳолидан аризалар ҳам тушмаган. Новкенда содир бўлган воқеани икки ўзбек чегарачисининг ўз мавқеидан ғаразли мақсадда фойдаланишга бўлган уриниши, оддий қонунбузарлик сифатида баҳолаш лозим.
XS
SM
MD
LG