Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:00

“Озодлик” мухбирларига яна бир таҳдид


Озодликнинг эркин микрофони Ўзбекистон ҳукуматига таҳдид манбаи сифатида кўринмоқда.
Озодликнинг эркин микрофони Ўзбекистон ҳукуматига таҳдид манбаи сифатида кўринмоқда.

“Озод Европа\Озодлик” радиоси президенти Жэфри Гедмин “Озодлик” радиоси мухбирлари ҳақида Фарғона вилояти телевидениесида намойиш этилган кўрсатувни радио журналистлари учун тўғридан-тўғри таҳдид, деб атади.

Ж.Гедмин бу кўрсатув журналистларни қўрқувга солиш учун атайин уюштирилгани ва бунинг ортида ҳукуматнинг ўзи турганини айтди.

“Бу кўрсатув, бизнингча, Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Озодлик” журналистларини жиноятчи этиб кўрсатиш учун махсус тайёрланган. Мен шуни айтиб қўймоқчиман, агар қайсидир журналистимизга ёки унинг оила аъзоларига бирор кор-ҳол бўлса, бунга президент Ислом Каримовнинг ўзи халқаро ҳамжамият олдида жавобгар бўлади”,- деди Жэфри Гедмин.

Кўрсатувда “Озодлик” мухбирлари номлари, Ўзбекистондаги манзили ва қариндошлари ҳақидаги маълумотлар бирма-бир келтирилади. “Озодлик” радиоси раҳбарияти буни таҳдид сифатида қабул қилди.

“Чегара билмас мухбирлар” ва журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа ташкилотлар Ўзбекистонда “Озодлик” радиосига қарши тайёрланган бу кўрсатувни қоралади.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари орқали “Озодлик” радиосини қораловчи ва радио эшитувчиларини қўрқитиш мақсадида тайёрланган кўрсатув биринчи марта берилаётгани йўқ. “Озодлик”ни обрўсизлантиришга қаратилган бундай усул совет давридан бери қўллаб келинади. Лекин Фарғона вилояти телевидениеси орқали 10 июнь куни намойиш этилган кўрсатувда “Озодлик” радиоси журналистларининг номлари, таржимаи ҳоли ва Ўзбекистондаги манзили деталларигача келтирилган:

“Бобожонов Ҳурмат Ражаббоевич. 1971 йилда Урганч шаҳрида туғилган. Ўзбек. Ўзбекистон Республикаси фуқароси. Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатияси университетини халқаро муносабатлар мутахассислиги бўйича тугатган. Айни пайтда Чехия Республикасида истиқомат қилади. Иш фаолиятини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлигида бошлаган. 2000 йилдан бошлаб “Озодлик\Озод Европа” радиосида продюсер бўлиб ишлайди”.

Кўрсатув бошловчиси Ҳурмат Бобожонни одамлар овозини ўғирлашда айблайди:

“Хоразмлик зиëлилар оиласи Бобожоновлар сулоласининг кенжаси Ҳурмат Бобожонов ҳам маълумот йиғишда юқоридаги синалган ва бехатар усулдан фойдаланади. Ўзбекистон кутубхоналаридан тайëрланган, китобхон қайси китобларни ўқиши ҳақидаги лавҳаси бунга мисолдир”.

Бу ерда гап Ўзбекистонда ўқилмайдиган китоблар ҳақидаги эшиттириш ҳақида бормоқда. Яъни Ўзбекистон президентининг китоблари ҳақида.

Ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов Фарғона телевидениеси орқали эфирга узатилган бу кўрсатувни журналист ва унинг оиласига таҳдид, деб атади.

“Бу жуда фундаментал айблов. Худди жиноятчиларга ўхшатиб, расмини қўйиб, кейин ҳаëтига доир маълумотларни айтиши фақат суд томонидан ҳукм қилинган одамларга мумкин. Одамнинг шахсий ҳаëтини, агар у бирор арбоб бўлмаса, қоралаш мумкин эмас”,- деди А.Ташанов.

“Эшонова Замира Шукуровна. Адабий тахаллуси Зебунисо. Бухоро вилоятида туғилган”,- дея айтилди Фарғона ТВда.

Абдураҳмон Ташанов таъкидича, бу Ўзбекистон хавфсизлик идоралари буюртмаси эканини кўрсатувнинг ўзи айтиб турибди.

“Чунки ҳеч қанақа журналист ëки бошқаси “Озодлик” радиоси ëки бошқа тўлқинларни ўзлари мунтазам эшитмай туриб бунақа эшиттиришлар тайëрламайди. Албатта, бу ерда мухбирлар, журналистлар шахсига тўхталганда барчаси махсус хизматлар маълумотлари, менимча”,- деди А.Ташанов

Фарғона телевидениеси орқали узатилган бу кўрсатув “Озодлик”нинг Ўзбекистондаги тингловчиларини ҳам бефарқ қолдиргани йўқ.

“Демократик радиоларни, демократик қарашдаги одамларни халқ кўзига бошқача қилиб кўрсатиб, одамларни узоқлашадиган, чўчийдиган қилиб қўйиш учун тайëрланган махсус кўрсатув, деса ҳам бўлади. Менинг фикрим шу”,- деди бир тингловчи.

Унинг айтишича, бу кўрсатувдан кейин “Озодлик” тингловчилари сони яна кўпайган бўлса, ажаб эмас.

“Бу нарса ўзининг акс таъсирини кўрсатади. Одамлар: “Озодлик” радиосини қаердан топса бўлади, қайси тўлқинда, деб ўзлари сўрашни бошлади. Қидириш бошланди. Бу реклама”,- деди суҳбатдош.

Озодлик радиоси раҳбарияти буни ўз журналистларига нисбатан таҳдид сифатида қабул қилди. “Чегара билмас мухбирлар” ва журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа ташкилотлар Ўзбекистонда “Озодлик” радиосига қарши тайёрланган бу кўрсатувни қоралади. Бу хавотирларга Брюсселдаги Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи ҳам қўшилди.

“Бу жуда хавотирли ҳолдир. Телевидение орқали эфирга узатилган бу кўрсатув хавфсизлик хизматининг иши экани, шубҳасиз. Ҳаммага маълум, ўтган йили худди шунга ўхшаш қораловчи кўрсатувлардан сўнг Қирғизистонда яшовчи ўзбек журналисти Алишер Соипов отиб ўлдирилган эди. Бу жуда ачинарли ҳол. Энг ачинарлиси, журналистларни қораловчи бу кўрсатув Тошкентда матбуот эркинлиги анжумани ўтаётган бир пайтда эфирга берилди”,- дейди ташкилот вакили Эндрю Штролайн.

Ўзбекистонда ўтиши керак бўлган халқаро матбуот анжуманига Эндрю Штролайндан ташқари “Ҳьюман райтс уотч”, “Халқаро амнистия”, Очиқ жамият институти, “Чегара билмас мухбирлар” каби ташкилотлардан вакиллар қатнашиши керак эди. Анжуман улар иштирокисиз ўтказилди. Бир кун аввал эса “Озодлик”нинг Қорақалпоғистондаги собиқ мухбири Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинди.
XS
SM
MD
LG