Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:54

Кўзбўямачиликдан ёнғончиликка


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:eURk4Gt3_9OIAM:http://ru.uzbekistan.neweurasia.net/wp-content/images/june-2007/newspaper.jpg Ортда қолган ҳафтада Ўзбекистоннинг барча оммавий ахборот воситалари Тошкентда матбуот эркинлигига бағишланган халқаро анжуман ҳақида жар солди. Европа Иттифоқи шафеълигида ўтказилиши керак бўлган тадбир ўрнига ташкиллаштирилган ушбу анжуманни нуфузли халқаро ташкилотлар қоралаб чиққан эди.

Фуқаролик жамиятини тарғиб этувчи, сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 4 нуфузли халқаро ташкилот ушбу тадбирни “ачинарли фарс”, деб атаган эди.

Мазкур анжуман тафсилотлари тобора ойдинлашиб борар экан, унинг кўзбўямачиликдан ҳам ўтиб ёлғончиликка айлангани айтилаётир.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Стролайн анжуман арафасида навбатдаги мустақил журналистнинг қамалишини, кейинроқ эса “Озодлик” радиоси ходимларига қилинган очиқдан-очиқ таҳдидларни эслаб: “Бу фарсдан ўтиб кетди. Матбуот эркинлиги муҳокама этилаётган бир вақтда режимнинг бундай амалиётларга қўл уришини яна қандай баҳолаш мумкин?! Бу мутлақо сохта анжумандир”,– деди.

Тошкентдаги анжуманда сўзга чиққанлар сўз эркинлигини ўзича таҳлил этишга уринди ва айримлари журналистлар фаолияти чекланганини оқлашга уринди. Улардан бири германиялик Франк Лемке “Дойче велле” академияси бош маслаҳатчиси сифатида тақдим этилди. Бироқ “Дойче велле” академияси бу кишининг ўз ташкилотига мутлақо дахли йўқлигини билдирди. Академия раҳбари Герда Моер Ўзбекистон ҳукуматининг “Дойче велле” номини ўз мақсадларида ишлатишга уринганини таъкидлади.

“Франк Лемке “Дойче велле” вакили эмас. Ўзбекистонга ўхшаш режимлар остида яшаётган одамларнинг қандай ишга қўл уришини ўзингиз яхши биласиз. Чунки у ерда ҳаттоки одамлардан келтирилган иқтибосларга ҳам ишонавериш нотўғри. Франк Лемке у ерга борган бўлса, ўзича боргандир. Лекин бу одам 2 йил аввал нафақага чиқиб кетган”,- деди Герда Моер.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг мамлакатдаги деярли барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарида айтилишича, тадбирда сўзга чиққан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича вакили Миклош Харашти шундай анжуман ўтказилаётганини гўё Ўзбекистонда ОАВни эркинлаштириш, демократлаштириш ва уларни давлат тасарруфидан чиқариш томон ташланган қадам, деб баҳолаган.

Бироқ анжуман давомида “Озодлик” билан суҳбатда бўлган М.Харашти мутлақо бошқа нарсалар ҳақида гапирганди. Аввалига у ЕИ шафеълигида ўтказилиши режалаштирилган анжуманнинг бекор қилинганидан афсус билдирган, сўнг мамлакатдаги сўз эркинлиги билан боғлиқ аҳвол ва Тошкентдаги анжуман борасида ачиниш билан гапирганди.

“Тадбирда сўзга чиққан кўпчилик одамлар оммавий ахборот воситаларида давлат иштирокига мойиллик билдирди. Менимча, бу ерга атайин шундай одамлар танланган. Мен, албатта, улар билан мунозарага киришиб, Ўзбекистон сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларини давлат тасарруфидан чиқариш бўйича мажбурият олгани ҳақида аниқ–тиниқ билдиришга ҳаракат қилдим”,- деганди Миклош Харашти.

Тошкент анжуманида сўзга чиқиб, Ўзбекистонга Ғарб андозалари асосидаги матбуот эркинлиги керак эмас, қабилида чиқиш қилганларнинг кўпчилиги аслида матбуотга мутлақо алоқаси йўқ одамлар экани ҳам фош бўлди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакиласи Элса Видалнинг айтишича, махсус танланган бу одамлар шу тариқа ўзларининг Тошкентга таклиф этилганига Ислом Каримов режимига минатдорлик билдирган.

“Франциядан Тошкентга таклиф этилган одамлар ҳақида айтадиган бўлсам, бу мутлақо кулгулидир. Чунки улар Ўзбекистонга ҳам, матбуотга ҳам ҳеч қандай дахли бўлмаган одамлар эди. Улар ўзларининг қадрли меҳмон бўлганидан суюлиб кетиб қолган, чунки Ғарб давлатларида бундайлар ўзларига минбар тополмай қийналади”,- дейди Э.Видал.

Тошкентдаги анжуманда мамлакатдаги демократияни олқишлаганлар орасида ҳукуматга сотилиб кетгани гумон қилиниб, АҚШнинг “Фридом ҳаус” ташкилотидан қувилган Мьюша Север ҳам бор эди. Афтидан, Мьюша Север айни гумонларни илгари суришга лойиқ ягона ғарблик эмас.

“Бу одамларнинг барчаси Ўзбекистон халқига қарши хизмат қилмоқда,- дейди мустақил журналист Галима Бухорбоева.- Ўзбекистонга келиб диктатурадан азият чекаётган одамларга жуда яхши бўляпти, деб айтаётган одамлар учун уяламан ва ачинаман. Диктатурадан жабрланган одамларга бунинг фойдаси ҳақида гапириш Тошкент режимига қилаётган ишини давом эттиришига йўл очади”.
XS
SM
MD
LG