Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:57

Тақирбошлар гуруҳи қўлга тушди


Россиядаги “Новости” ахборот агентлигининг 17 июнь кунги хабарига қараганда, Москва вилояти криминал милицияси ходимлари Москва ва Подмосковьеда 20 кишини ўлдирганликда гумон қилинаётган скинхедлар гуруҳини қўлга олган.

Сочини қириб юргани учун ўзларини скинхедлар – тақирбошлар, деб атовчи ирқчиларнинг бу гуруҳи қурбонлари, асосан, марказий осиёликлардир. Умуман, ирқчилик янги ҳодиса эмас. Бироқ кейинги йилларда жиноятчиликнинг бу тури Россияда жуда кенг авж олган.

Бош қароргоҳи Москвада жойлашган “Сова” ахборот-таҳлилий маркази 2004 йилдан буён миллий нафрат асосида амалга оширилган жиноятларни кузатиб келади. Ташкилот йиққан маълумотлардан ирқчиликнинг Россияда чуқур томир отаётгани, расмийлар эса бу муаммога етарли эътибор бермаётгани кўриниб турибди.

“Сова” марказининг билдиришича, Москва ва Санкт-Петербург миллати славян бўлмаганлар учун энг хавфли шаҳарлардир. Жорий йилда ташкилот қайд этган 57 қотилликдан 35 таси Москвада, 11 таси Санкт-Петербургда амалга оширилган.

Марказ директори ўринбосари Галина Кожевникованинг айтишича, тақирбошлар ва бошқа миллатчилар қурбонлари аслида анча кўп бўлиши мумкин.

“Жиноятлар тўғрисидаги маълумотларни олиш жуда қийин бўлиб кетди. Ўтган йили ҳам шундай деган эдик. Лекин бу йил сира иложсиз бўлиб қолди. Жиноятлар тўғрисидаги хабарлар ОАВга етиб бормайди, ҳуқуқ-тартибот органларидан умуман маълумот олиб бўлмайди”,- деди Г.Кожевникова.

Миллий нафрат асосидаги жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2005 йили 47 киши, 2006 йили 63 ва 2007 йили 80 киши миллатчилар қўлида жон берди. Бояроқ жорий йилнинг 5 ойида 57 киши ўлдирилганини айтган эдик.

Марказий осиёликлар тақирбошлар амалга ошираётган жиноятларнинг асосий қурбони бўлмоқда. Жорий йилнинг 5 ойида ўлдирилган 57 кишидан 31 нафари ўзбек, қирғиз, тожиклардир. Скинхедлар нишонга олган иккинчи гуруҳ кавказликлар: январдан июнгача 14 кавказлик ўлдириб кетилди.

Миллий нафрат асосида жиноят содир этганлар устидан ўтказилаётган судловлар ҳам тез-тез ўтиб турибди. Бироқ натижачи? Масалан, ўтган йили судлар 110 кишини миллий нафрат асосида жиноят қилган, деган қарорга келди, бироқ улардан 30 нафари суд залидан озод қилинди.
XS
SM
MD
LG