Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:25

Ишлар ҳозирча журналист фойдасига


Ҳибсда сақланаётган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмоновнинг журналистик фаолиятига оид материаллар ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан текшириб бўлинди.

Солижон Абдураҳмоновнинг укаси ва адвокати Баҳром Абдураҳмонов бу ҳақда “Озодлик”ка маълум қилди.

“Шанба куни ҳамма журналистик фаолият билан боғлиқ ҳаракатларни текшириш жараëни тугади. Аудио ва видео кассеталарни кўриш ва эшитиш, компьютердаги ҳужжатларни принтердан чиқариш тугади”,- деди адвокат.

Баҳром Абдураҳмоновнинг энг биринчи тахминларидан бири ҳам Солижон Абдураҳмоновнинг компьютеридаги маълумотлари билан боғлиқ эди. Яъни адвокат журналистга нисбатан сиёсий айбловлар ҳам илгари сурилиши мумкинлигини тахмин қилганди. Чунки С.Абдураҳмоновнинг уйи тинтув қилинганда у ердан иккита варақа топилгани ва улар мазмунан Ўзбекистон тузумига қарши руҳда экани айтилганди.

Лекин адвокатнинг айтишича, текширув натижалари Солижон Абдураҳмонов фойдасига бўлган.

“Натижаси экспертизага бериладиган ëки бўлмаса аниқ текширувга лойиқ ҳужжат, умуман давлатга қарши ҳужжат йўқ. Ҳозир уларнинг оғзаки айтишига қараганда, Соли акам фойдасига ҳал бўляпти. Лекин протоколда нимани ëзишига, қандай ëзишига, қандай расмийлаштиришига қараб аниқ натижани айтишимиз мумкин”,- деди адвокат.

Текширув натижалари борасида Қорақалпоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот олишнинг имкони бўлмади. Солижон Абдураҳмонов Нукусдаги тергов изоляторида деярли қирқ кундан буён сақланаётган бўлса-да, “Озодлик” мухбирларининг тергов органларига қилган мурожаатларининг барчаси жавобсиз қолаётир.

Маълум бўлган ягона маълумот Солижон Абдураҳмонов ҳибсга олинган пайти унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилгани, холос.

“Наркотик билан боғлиқ ҳеч қандай тергов ҳаракатлари ҳозир олиб борилмаяпти. Бу бўйича ҳозир ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган. Талаб қилинган нарсалар ҳали ижобий ҳал қилинмади”,- деди Баҳром Абдураҳмонов.

Яъни Баҳром Абдураҳмонов машинадаги ва пакетлардаги бармоқ изларини олиш, пакетда журналистнинг бармоқ излари бор-йўқлигини аниқлашни сўраган. Шунингдек, у машина яқинида наркотикни ҳидлаш орқали топадиган махсус итлар билан ҳам тергов эксперименти ўтказишни сўраган. Чунки адвокатнинг айтишича, журналист билан бўлган воқеада итлар машинадан наркотикни топа олмаган. Яъни Баҳром Абдураҳмонов наркотик модда машинага атайлабдан ташлаб қўйилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Лекин унинг “Озодлик”ка маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот ходимлари негадир наркотик билан боғлиқ ҳолатни ўрганишни пайсалга солмоқда.

Ўтказилган тиббий экспертиза С.Абдураҳмоновнинг наркотик истеъмол қилмаслиги ва унинг руҳий жиҳатдан соғломлигини аниқлаган.

Айни пайтда терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда. Расмий тергов ҳали бошланмади. Лекин журналист устидан тергов бошланмасдан тўхтатилиши ҳам мумкин, деган тахминлар мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Солижон Абдураҳмонов «Озодлик» ва «Америка овози» радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти сингари бир қатор ҳалқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Ҳозир ҳам у Uznews.net сайтининг Қорақалпоғистондаги мухбири. Шунингдек, у беш йилдан буён Инсон ҳуқуқлари ҳалқаро жамиятининг ҳудудий вакили сифатида фаолият кўрсатиб келяпти.
XS
SM
MD
LG