Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:27

Аҳоли бир ҳафтасиз Когонга қайтмайди


“Озодлик” мухбири бир неча кун муқаддам Когон шаҳридаги ҳарбий омбор портлагандан сўнг у ерда ҳукм сураётган вазият тўғрисида бухоролик ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев билан суҳбатлашди.

Шуҳрат Ғаниев: Кеча ва бугун Когон шаҳрининг ҳамма аҳолиси Бухоро шаҳри мактаб, лицей ва коллежларига эвакуация қилинган. Ҳозир у ерда ҳеч ким йўқ. Одам қолмади. Когон аҳолиси Бухорога кўчирилган.

Озодлик: Агар ëнғин ўчирилган бўлса, хавф бартараф этилган бўлса, нега аҳолини кўчириш бунақа давом этяпти?

Шуҳрат Ғаниев: Мана шу саволни мен эвакуация қўмитасига, фавқулодда комиссияга ва ИИБ масъулига бердим. Улардан ҳар хил жавоб олдим: 1. Ҳар эҳтимолга қарши. 2. Аҳоли Когонда газ ва сув йўқлиги учун ниҳоятда қийин аҳволда экан. 3. Биз билмаймиз, комиссия ҳали ишни давом эттиряпти. Мана менинг саволимга 3 хил жавоб.

Озодлик: Қурбонлар тўғрисидаги расмий маълумот ўзгармаяпти. Лекин шунга оид норасмий маълумотлар борми?

Шуҳрат Ғаниев: Афсуски, норасмий маълумот аҳоли орасида гап даражасида кетадиган нарса. Шунинг учун унга ишониш-ишонмаслик ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Мен Бухоро шаҳридаги бир-икки марказий шифохонага ўтдим. Когонда жароҳат еган жами 16 кишини топдим. Улар билан гаплашдим. Эпицентрда салкам 3000га яқин аҳоли яшаган экан. Бу 1,5-2 км нарида. Кўп уйлар шикастланган, кўп уйлар йиқилиб тушган. Бу менинг шахсий фикрим, албатта. 3 киши дегани ҳали биринчи ахборот ва ҳали текширилмаган.

Озодлик: Расмийлар сизга ëки кўчирилган аҳолига қачон қайтиш ҳақида бирор маълумот бердими?

Шуҳрат Ғаниев: Бугун 23-интернатда мен бу саволни ўша ерга кўчирилган аҳолига бердим. Уларнинг вакили ҳокимликка борганида у ердагилар ҳали камида бир ҳафта кутиш кераклигини айтибди.

Озодлик: Эвакуация қилинганларнинг шароити қанақа?

Шуҳрат Ғаниев: Энг биринчи кундан ташкилотимиз вакиллари 3 та лицей билан 1 та интернатда кузатяпти. Биринчи кун иссиқ овқат масаласида камчилик бўлган эди. Мана, 1 ҳафта ўтгач, Худога шукур, 3 маҳал иссиқ овқат бериляпти. Сув танқислиги ҳам йўқ.

Озодлик: Аҳолини озиқ-овқат ва сув билан ким таъминлаяпти?

Шуҳрат Ғаниев: Ўша ерда яшовчи маҳалла қўмиталари вакиллари ва ундан ташқари хусусий бизнесменлар вакиллари келиб ҳокимлик номидан ҳар куни гуруч, нон, сув олиб келяпти. Ҳар хил фирмалар. Бундан ташқари, бизнинг нодавлат ташкилотимиз ҳам кечаги кундан хат ëзиб ҳокимиятга чиқди. Кеча “Нестле” ичимлик сувини тарқатдик.

Озодлик: Болали аëллар, кексаларнинг аҳволи қанақа экан?

Шуҳрат Ғаниев: Мана шу вазият юзасидан иккита катта муаммо келиб чиқяпти ҳозир. Биринчиси, аниқ ва равшан ахборотнинг на газета, на телевидениеда йўқлиги. Иккинчи муаммо, бу болалар ва катталарнинг қолгани. Ўша куни аҳоли саросимага тушиб, кўпчилиги чиқиб кетган ва улар ҳозиргача йўқ. Уларни ҳеч ким аниқ билмайди. Ҳозирча лицей ва коллежларда рўйхатлар тарқатиляпти. Рўйхатларга ҳамма ўз яқинларини ëзиб қидирувга беряпти. Болалар, эркаклар, аëллар ҳаммаси битта катта спорт залда ëки синф хоналарида тарқатилиб ëтишибди.

Озодлик: Ҳокимиятнинг аҳоли вакилларига муносабати қанақа? Йўқолганларни топиш юзасидан ички ишлар ходимлари томонидан қандайдир ëрдамлар ваъда қилиняптими?

Шуҳрат Ғаниев: Худога шукур, бор. Буни айтиш керак. Маҳаллий ҳокимият томонидан ҳар куни тиббиëт вакиллари – врачлар, жарроҳлар, ëш болалар врачлари ўша ерда турибди. Кўпчилик саросимада ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқа шаҳарлардаги яқинларининг уйига ўтиб кетган. Буларнинг аҳволини ҳеч ким билмайди.

Озодлик: Мана, сиз фалокатга доир маълумот йўқ ва ахборот тарқатилмаяпти, дедингиз. Техноген ҳалокат ҳамма жойда рўй бериши мумкин. Бунда сир яширишдан қандай маъни бор?

Шуҳрат Ғаниев: Буни посткоммунистик урф-одатнинг ëмон аломати, десак бўлади. Халқдан бир нарсани сир сақлаб яшириш. Биз ҳам шу саволни беряпмиз: Нима фойдаси бор? Кеча Бухоро аҳолисининг ярми саросимага йўлга тушибди. Когондан аҳоли Бухорога кўчириляпти. Бухорога ҳам хавф бор экан, деб одамлар ўзидан ўзи поездларда, машиналарда, автобусларда чиқиб кетяпти. Бу 14 км нарида Бухородан. Савол берсак, на милиция ходимлари, на ҳокимият вакиллари жавоб беради. Умуман ахборот йўқлиги одамларни ваҳимага олиб боряпти. Ҳеч бўлмаса, маҳаллий ҳокимият вакили телевидениеда бир чиқиш қилиб: “Ҳозир вазият шундай. Эртага шу нарса бўлиши мумкин”, деб айтиши керак эди. Бу нарса эса ҳозирча йўқ. Биз ҳам шу нарсага ҳайронмиз.
XS
SM
MD
LG