Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:17

Президент портлаш айбдорларини топди


http://uza.uz/ru/images/556t.jpg 17 июль куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Бухоро вилоятининг Когон туманида бўлиб, 10 июль куни бу ерда жойлашган ҳарбий қисм омборида юз берган портлаш сабаблари билан қизиқди.

Ислом Каримов содир бўлган портлаш билан боғлиқ вазиятда аҳолининг хавфсизлиги асосий масала эканини таъкидлади.

“Атрофда жойлашган аҳоли хавфсизлигини сақлаш. Бошқа ҳар қандай хавф-хатарлар олдини олиш, қанча маблағ керак бўлса, шунча маблағ сарф қилиш. Агар маблағ одам ҳаëтини сақлаб қолишга хизмат қилса, уни аямаслик керак”,- деди президент портлаш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси йиғилишида.

Бухоролик ҳуқуқ ҳимоячиси Бобомурод Раззоқов эса халқ хавфсизлигидан қайғураётганини кўрсатган президент портлашдан талафот кўрган аҳоли билан учрашмаганини билдирди.

“У вилоят раҳбарлари ва ички ишлар ходимлари билан учрашув ўтказди. Уларга махсус топшириқлар берди. Раҳбарлар билан гаплашиб кетган. Аммо жабрланганлар ва жароҳат олганлар билан учрашмаган”,- деди Б.Раззоқов.

Ислом Каримов Когондаги портлаш сабабларига тўхталар экан, рўй берган воқеанинг асосий сабаби совет даврида қурилган мазкур ўқ-дори омбори белгиланган норматив талабларга жавоб бермаслигида эканини таъкидлади. Шунингдек, у портлашга мутасадди ташкилотларнинг ўз вазифасига эътиборсизлиги ва совуққонлиги ҳам сабаб бўлганини қайд этди.

“Бугун афсусланиб айтиш керакки, жанговар снаряд ва ўқ-дорилар сақланган бу омбордаги аҳвол портловчи моддалар қандай сақланаëтгани, уларнинг эртага қандай хавф етказиши мумкинлиги, бундай объектлардаги тартиб-интизомнинг ҳолати тўғрисида тегишли мутасадди ташкилотлар, авваламбор, Мудофаа вазирлиги етарлича эътибор ва масъулият кўрсатмаган. Кўп нарса ўзбўларчиликка ташлаб қўйилган. Бундай ўта муҳим объектни қўриқлайдиган, унинг хавфсизлигини таминлайдиган ҳарбий қисм раҳбарияти ва ходимларни жой-жойига қўйиш масаласига совуққонлик билан қаралган”,- деди И.Каримов.

Президент Когон портлашлари юзасидан асл ҳақиқатни халқдан яширмаслик лозимлигини таъкидлади.

Лекин Бобомурод Раззоқов барибир асл вазиятни халқдан яширишга ҳаракат қилинаётганини билдирди.

“Президент шу масалани ойдинлаштириб, кеча мажлисда конкрет қилиб айтди. “Когонда бўлган воқеаларни халқ билиши керак. Матбуот воқеаларни тафсилотлари билан ëритиши керак”, деди. Балки президент бу гапни экранда айтаëтгандир. Матбуотга мен айтганим билан ëритманглар, деган бўлиши ҳам мумкин”,- деди Б.Раззоқов.

Унинг сўзларига кўра, асл вазият ёритилмаётгани боис аҳоли орасида ваҳимага тушиш ҳолатлари учрамоқда.

“Бу нарса матбуотимизда ëритилмагани сабабли халқ орасида ҳар хил шов-шув бўляпти. Кеча тунги соат 12 гача ваҳима қилиниб қишлоқ аҳолиси ҳам уйидан чиқарилди. Телефон қилиб ҳаммага кўчага чиқиш кераклиги, кечки 8да портлаш бўлиши айтилган. Бу Жондор туманида, портлаш жойидан 30 км узоқда бўляпти”,- деди Б.Раззоқов ва яна портлаш бўлиши тўғрисида тахминлар борлигини билдирди.

Шунингдек, Когондаги вазиятни бевосита кузатаётган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Ғаниев ҳам “Озодлик”ка берган интервьюсида сўнгги вазият кўнгилдагидай эмаслигини маълум қилди.

“Кеча ва бугун Когон шаҳрининг ҳамма аҳолиси Бухоро шаҳрининг мактаб, лицей ва коллежларига эвакуация қилинган. Ҳозир у ерда ҳеч ким йўқ.Одам қолмади. Когон аҳолиси Бухорога кўчирилган. Мен Бухоро шаҳридаги бир-икки марказий шифохонага ўтдим. Когонда жароҳат еган жами 16 кишини топдим. Улар билан гаплашдим. Эпицентрда салкам 3000га яқин аҳоли яшаган экан. Бу 1.5-2 км нарида. Кўп уйлар шикастланган, кўп уйлар йиқилиб тушган”,- деди Ш.Ғаниев.

Расмий маълумотларга кўра, Когондаги портлаш оқибатида уч одам ўлган, 21 киши оғир жароҳатланган.

Бу маълумот ҳукумат томонидан билдирилган дастлабки ва шу кунгача ягона маълумотлигича қолаётир.
XS
SM
MD
LG