Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Кулиб кетди Ҳожибой!


Ҳожибой Тожибоев жанозаси.25 июл¸ 2008
Ҳожибой Тожибоев жанозаси.25 июл¸ 2008

“Ўзбекнинг ўзи қизиқ, ўзидан ҳам сўзи қизиқ”. Бу машҳур ибора муаллифи, Ўзбекистон ва Тожикистонда хизмат кўрсатган санъаткор Ҳожибой Тожибоев 24 июль куни оғир касалликдан сўнг Тошкентда оламдан ўтди.

Ўша куни унинг жасади туғилиб ўсган юрти шимолий Тожикистоннинг Янгиқишлоқ қишлоғига олиб келинди. 25 июль куни эрталаб санъаткорнинг жанозасига минглаб одам йиғилди.

“Ҳожибой акани кечқурун соат 8 ларда олиб келишди. Ҳаммани кулдириб, ўзи кулмаган одамнинг таъзиясига ёзнинг чилласида осмон ҳам йиғлаб юборди, - дейди Ҳожибой Тожибоевнинг шогирди Ғайрат Ҳамроқулов. - Ҳожибой Тожибоевнинг руҳсиз танасини олиб келаëтганда шундай ëмғир ëғдики, бу Аллоҳнинг раҳмати. Айнан жума куни тупроққа қўйилаëтгани ҳам унинг Аллоҳ раҳматига эришгани исботи”.

25 июль куни тонг отиши билан Янгиқишлоққа одамлар оқиб кела бошлади. Кўпчилик учун 52 ёшли санъаткорнинг бевақт оламдан кўз юмиши кутилмаган воқеа бўлди. Жаноза намозидан олдин маҳаллий ҳукумат вакиллари, санъаткорнинг дўсту биродарлари, шогирдлари Ҳожибой Тожибоевнинг ўзбек қизиқчилик санъатига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирди. Майит ортилган тобут қабристонгача қўлма-қўл бўлиб кетди.
Ҳожибой Тожибоевни минглаб юртдош ва мухлислари сўнгги йўлга кузатиб қўйдилар.25 июл¸2008 йил.


“У оддий қизиқчи эмас эди. У оддий латифачи эмас эди. У ҳақиқий санъаткор эди. Унинг актëрлик маҳорати ҳам ниҳоятда баланд эди. Ҳожибой саҳнада туриб оддийгина бир ҳаракат қилса ҳам халқ кулаверар эди. Бунга ҳар қандай санъаткор сазовор бўла олмайди. Худо унга берган эди”,- дейди Тожикистон халқ артисти Жўрабек Набиев.


Санъаткор Қодир Мирашуров Ҳожибой Тожибоевнинг оддий одамларнинг оддий қилиқлари устидан ҳажв қилиб, бу билан жамиятнинг иллатини очиб ташлашини айтади.

“Тракторчилар, ғўзапоя каби оддий халқ тилидаги нарсаларни у шундай чиройли қилиб айтардики, кулмайдиган нарсага кулар эдик. Кўп нарсаларини мана халқимиз маза қилиб эшитиб юрибди”,- дейди Қ.Мирашуров.

Ҳожибой Тожибоев ўзбек қизиқчилик санъатининг ўзига хос мактабини яратди. Яъни бачкана қилиқлар қилмай, фақат сўз таъсири билан кулдириш, одамлар билиб юрган, лекин бу ҳақда ўйлаб кўрмаган нарсаларни айтарди.

Ҳаммани кулдириб, ўзи эл дардида йиғлаб ўтган санъаткор эди, дейди диссидент шоир Ëдгор Обид.

“Ҳожибой Тожибой ўғлини мен анча ëш деб ўйлаган эдим. Жуда кўп афсусландим. Бу ўзбек халқи, ўзбек санъати учун катта йўқотиш бўлди. Ҳожибой танлаган санъат йўли алоҳида ўзбек халқига хос бўлган санъат йўли эди. Машҳур қизиқчилар бўлганини биламиз. Қадимги машҳур санъаткорлар йўлини давом эттирган ва улар билан бир қаторда тарихда қоладиган санъаткор. Бунақа санъат, истеъдод эгалари дунëга кам келади. Уларни ўрни доим билиниб туради. Қизиқчилик халқ дардини очиб бера оладиган, кулдириш йўли билан дардларни айта оладиган бир санъат усули. Ҳожибойнинг якка ҳолдаги томошаларида ҳам, бошқалар билан чиққанда ҳам аскиячиликнинг бир усули акс этарди. Қадим аскиябозлик йўналишини жуда яхши эгаллаган ва шу орқали халқни кўнглини олиб юрган бир санъаткордан жудо бўлдик. Халқимизнинг қадимий анъаналаридан келиб чиққан ҳолда ўша истеъдодини намойиш қилганлиги учун у фақатгина кулдириш эмас, балки халқ дардини ҳам кўрсата билган. Халқимиз баъзида кўзида ëши билан кулган. Мен бу одамнинг чиқишларини жуда яхши кузатганман. Ҳар қандай санъатнинг бачкана томонлари бўлади ва жиддий санъат йўналишлари бўлади. Ҳожибой бачкана йўлни эмас, балки жиддий санъат йўлини танлаган эди”,- дейди Ёдгор Обид.

Ҳожибой Тожибоев ҳаётининг сўнгги йилларида Ўзбекистонда яшади ва ижод қилди. Ҳар йили Халқлар дўстлиги саройида унинг янги концерти намойиш қилинарди.

Лекин санъаткорнинг жанозасига Ўзбекистондан ҳеч ким кела олмади. Сабаби оддий. Йўллар ёпиқ. Виза керак. Ўзбек ва тожик халқининг севимли қизиқчиси бўлган Ҳожибой Тожибоев ана шу икки халқ ўртасидаги сунъий тўсиқлар олиб ташланиши орзусида яшади. Лекин бу кунлар унга насиб қилмади. Марҳум яқинларининг айтишларича, унинг жасади ҳам жуда катта қийинчиликлар билан чегарадан ўтказилди. Лекин Ҳожибой Тожибоевнинг орзулари барибир бир кун ушаладиган ёруғ кунлар ҳам келади ва унинг овози доим қулоқларда жаранглаб тураверади
.
Исми, жисми ярашади феълига,
Топганини бахш этади элига,
Дилдагини чиқариб у тилига,
Гапни топиб гапиради Ҳожибой,
Кулдиришни қотиради Ҳожибой.
XS
SM
MD
LG