Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:29

Ҳарбийлар устидан жиноят иши қўзғатилди


Когонда 10 июль куни содир бўлган портлаш туфайли уй-жойларини тарк этиб, коллеж ва масжид биноларидан бошпана топган оилаларнинг айримлари вақтинчалик уй-жой билан таъминлангани хабар қилинмоқда.

Уларга Когон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан вақтинча муддатга квартиралар ажратилган. Уй-жойига у қадар зарар етмаган оилаларга эса таъмир учун ёрдам ваъда қилинган ва улар ҳам ўз уйларига қайтарилган. Бу ҳақда Бухородаги мустақил манбалар маълум қилмоқда.

Аммо айни пайтда айрим электрон оммавий ахборот воситаларида Когонда яна бир неча портлаш содир бўлгани ва 20 ҳарбий устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Ҳозирча расман тасдиқланмаган хабарларга кўра, ҳарбий омборхонада содир бўлган ҳодиса вақтида портламай қолган мосламалар аҳоли пунктидан узоқроқ жойга олиб чиқиб, портлатиб юборилмоқда. Жиноий жавобгарликка тортилгани айтилаётган 20 ҳарбийнинг кўпчилиги эса Мудофаа вазирлигининг ана шу омборга маъсул бўлган зобитларидир.

Бухоролик ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниевнинг сўзларига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари сапёрлар портламай қолган снарядларни аҳоли яшаш пунктларидан узоқда портлатиб юбормоқда.

“Охирги маълумотларга кўра, аҳоли Баҳоуддин Нақшбанд зиëратгоҳида қолган эди. Хўжабаргин деган қишлоқда яшовчи оила бор эди. Уларнинг уйи чўкиб қолган. Шу туфайли улар уйига бормаган экан. Кеча ҳокимликдан вакиллар келиб, уларни олиб кетибди. Улар ҳозир Когон шаҳридаги бўш бўлган уйда вақтинча яшаб турибди. Ҳозирги пайтда Бухоро, Ғиждувон, Қизилтепа шаҳарларида жойлашган лицейлар бўм-бўш. У ерда когонликлар йўқ. Баъзилари қариндошларининг олдига борган бўлиши мумкин. Афсуски, улар бўйича ҳозир бизда маълумотлар йўқ”,- деди Ш.Ғаниев.

“Биздаги маълумотларга кўра, яроқсиз уйлар сони 10 тадан 15 тагача,- дея давом этди Ш.Ғаниев. Бу энди мутахассисларнинг гаплари. Афсус, ўзимиз мониторинг ўтказа олмаяпмиз. У ерда ҳозир катта ишлар олиб бориляпти. У ер ҳали ҳам ёпиқ”.

Ўзбекистондаги мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, Бош прокуратура томонидан жиноий жавобгарликка тортилган Мудофаа вазирлигининг 20 зобити ўз вазифасига совуққонликда айбланмоқда.

“Бу ахборотни берган одамни биз ошкор қила олмаймиз. Лекин бунинг аниқлигига ишонамиз. Чунки бу нарса ўзи бўлиши керак эди. Бунақа катта воқеадан кейин ўзи жиноят иши очилади. Кеча олган хабаримизга кўра, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича ҳаракатлар 3 ойча давом этса керак”,- деди ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Ҳозирча мустақил манбалардан олинган бу хабарлар расман тасдиқлангани йўқ. Аммо маълумки, айни портлаш юзасидан ҳукумат комиссияси тузилган ва Когондан олинган хабарга кўра, ушбу комиссия бош вазир етакчилигида воқеа жойида ишлаяпти. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари шу кунга қадар бу комиссиясининг ишлаш жараёни ва суриштирувнинг дастлабки натижалари сир тутилаётгани боис, ҳарбий амалдорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилганига оид хабарнинг яқин-атрофда ойдинлашишига ҳам шубҳа қилмоқда.

Худди шундай, юзлаб одамни уйидан кўчирган бу ҳодиса қурбонларига оид маълумотларга ҳам ойдинлик киргани йўқ. Дастлаб эълон қилинган расмий рақам – 3 кишининг қурбон бўлгани ва 21 кишининг жароҳатланганидан ташқари бошқа аниқ рақам йўқ. Аммо воқеа жойида тахминан 15 уйнинг буткул вайрон бўлгани ва ҳодисанинг тунда содир бўлгани – бундан бир ҳафта муқаддам Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳи тахминан 27 киши қурбон бўлган, дея тарқатган хабарларни бир қадар асослайди.

Аммо Когондаги ҳарбий омборда содир бўлган бу ҳодиса мамлакат раҳбарининг эл-юртни хабардор қилайлик, деган чиқишларидан сўнг ҳам буткул сир тутилганича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG