Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:15

Покистон разведкаси шубҳалар остида


НАТОнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони генерал Дэвид Маккирнан Покистон хизматлараро разведка агентлигининг “Толибон” ҳаракати билан алоқаси борлигига ишончи комил эканини билдирди.

Бундан аввалроқ бу ҳақда Афғонистон президенти Ҳомид Карзай, Ҳиндистон ҳукумати ва Пентагондаги айрим шахслар ҳам билдирган эди.

Покистон эса ўз разведкаси Афғонистондаги исёнчи кучлар билан алоқда эканини рад этиб келмоқда. Расмий Исломобод бу хизматда Афғонистон исёнчиларига ҳамдардлик қилувчилар бор бўлиши мумкин эканини инкор этмайди, бироқ бу Покистон хизматлараро разведка агентлиги исёнчиларни қўллаб–қувватлашини исботламайди.

“Нима бўлганда ҳам мен бўлаётган воқеаларда учинчи кучлар иштироки бор, деб билмайман. Исталган разведка хизматида, жумладан, махсус яширин амалиётларни бажарадиган гуруҳларда нималар содир бўлаётганидан ҳатто буйруқ берувчилар ҳам доимо хабардор бўлавермайди”,- дейди Нью-Йоркдаги Халқаро муносабатлар университети раҳбари Барнетт Рубин.

Покистонлик журналист, “Толибон” китоби муаллифи Аҳмад Рашид эса Покистон хизматлараро разведка агентлиги Вашингтон билан ҳам, Толибон билан ҳам ўйин олиб борганини айтади. Бир томондан Покистон Американинг минтақадаги асосий ҳамкори, бошқа томондан эса унинг разведкаси Афғонистон, Ҳиндистон ва Кашмирда исёнчиларга мадад бераётгани тўғрисида тахминлар бор, деб ҳисоблайди Аҳмад Рашид.

“Ҳарбийлар ва сиёсий арбоблар ўртасида террорчиликка қарши кураш масаласида турлича қарашлар мавжуд. Ҳарбийлар ҳақиқатан ҳам сиёсатни бошқармоқда. Бу нега энди Покистон террорга қарши кескин кураш олиб бора олмаётганини изоҳлайди”,- деди Аҳмад Рашид.

Нью-Йорклик мутахассис Барнетт Рубин фикрича, Покистон хизматлараро разведкасини расман мамлакат бош вазири бошқаради. Аслида эса бу тармоқ аллақачон ҳарбийлар назорати остига ўтиб кетган. Шунинг учун ҳам бу ташкилотнинг аслида нималар билан шуғулланаётганидан доим ҳам ҳукумат раҳбарлари хабардор эмас.

Покистонлик таниқли журналист ва хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Насим Зуҳро ҳам бу фикрга қўшилади.

“Покистон хизматлараро разведка агентлиги, асосан, ҳарбийлар томонидан шакллантирилган. Шунинг учун ҳам у фуқаровий ташкилотлар қаторидан аллақачон чиқиб қолган. Бу тузилмани бош вазир бошқармай қўйган, дейиш тўғрироқ бўлар эди”,- дейди Насим Зуҳро.

Таҳлилчилар фикрича, Покистон хизматлараро разведкасини бугунги кунда парламент ва бош вазир назоратига қайтармоқ зарур. Бу эса нафақат Покистон учун, балки унинг халқаро террорчиликка қарши курашаётган ҳамкорлари учун ҳам жуда муҳим масаладир.
XS
SM
MD
LG