Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:47

Журналистга қўйилган айблов прокуратурани қониқтирмади


Нукус прокуратураси деярли уч ойдан бери қамоқда сақланаётган мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов ишини қайта терговга жўнатди. Прокуратурани журналистга қўйилган наркотик савдоси билан шуғулланганлик айби қониқтирмади.

С.Абдураҳмонов 7 июнь куни машинасидан гўёки 114 грамм марихуана ва 6 грамм қорадори топилиб, ҳибсга олинган эди. Кейин унга наркотик модда сақлаш ва истеъмол қилиш айби қўйилди. Тиббий экспертиза Солижон Абдураҳмоновнинг гиёҳванд эмаслиги тўғрисида хулоса бергач, журналистга янги айблов қўйилган эди. У наркотиклар билан савдо қилишда айбланди.

Энди эса Нукус прокуратурасини бу айблов ҳам қониқтирмади ва у Солижон Абдураҳмоновга қўшимча айбловлар қўйилишини билдирган.

“Энг сўнгги маълумотлардан маълум бўлдики, Нукус прокуратураси ишни қайта терговга жўнатиб, Солижон Абдураҳмоновнинг қўлга олиш пайтида маст бўлгани ҳам жиноят ишига тиркалишини талаб қилган. Аслида бу қуруқ туҳмат, негаки Солижон Абдураҳмонов мутлақо спиртли ичимликлар истеъмол қилмайди”, - деди журналист ишлаб келган “Ўзньюс.нет” сайти раҳбари Галима Бухорбоева.

Бу янги тафсилот жиноят иши учун қандай принципиал аҳамиятга эга?

Маълум бўлишича, айбланувчининг қўлга олиш пайтида маст бўлгани ёки бўлмагани суд учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бироқ Галима Бухорбоева фикрича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимлари аҳоли орасида ўзгача фикрловчи журналистнинг маънавий бузуқ қиёфасини яратишга уринмоқда.

Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати ва уни билган одамларнинг эътироф этишича, журналистга қарши очилган жиноят иши қалбакилаштирилган маълумотлар йиғиндисидир.

С.Абдураҳмонов Uznews.net дан аввал “Озодлик”, “Америка овози” радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти каби бир қатор оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Бундан ташқари, Солижон Абдураҳмонов инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган.

Солижон Абдураҳмонов ҳамкорлик қилган бир қатор ташкилотлар унинг ҳимояси учун қўлдан келган ҳаракатни амалга ошираётир.

“Халқаро амнистия” ва “Чегара билмас мухбирлар”, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти каби бир қатор йирик ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан Солижон Абдураҳмоновнинг озод этилишини талаб қилаётир. Бу ташкилотлар президент Ислом Каримов номига баёнотлар ҳам жўнатган.

“Биз бу айбловлар борасида ташвишдамиз. Ҳукумат уни шу йўл билан узоқроқ муддатга қамаш учун имконият қидиргандек бўлмоқда. Унга қўйилган айблар асоссиз эканини яхши биламиз. Бу ҳолат умуман Ўзбекистондаги сўз эркинлиги тақдиридан хавотирланишга асос яратади”,-дейди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили Жан Франсуа Жулиард.

Бироқ халқаро ташкилотларнинг кўплаб мурожаатлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG