Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:47

Аъзам Турғунов барибир қамалади...ми?


26 август куни Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани судида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғунов устидан суд жараёни бошланди. “Озодлик” унинг адвокати Рустам Тўлаганов билан суҳбатда бўлди.

Адвокатнинг айтишича, товламачиликда айбланаётган Аъзам Турғунов ишини судья Ражабова кўрмоқда.

Баъзи маълумотларга қараганда, тергов жараёнида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси қийноққа солинган, унинг бадани қайноқ сув билан куйдирилган эди. Бироқ адвокат Р.Тўлаганов ўз мижози билан кўришолмаётган эди.

Шунинг учун адвокатдан дастлаб, шу ҳақда сўрадик.

Озодлик: Мижозингиз Аъзам Турғунов билан мулоқот қилишнинг имкони бўлдими?

Рустам Тўлаганов: Мулоқот бўлди. Кўрдим. Анча яхши, тетик.Судга тайëрман, деб айтди. Суд бошланди ва таржимон билан таъминланмагани учун тугатилиб, 4 сентябрга кўчирилди.

Демак, Аъзам Турғунов устидан судловнинг навбатдаги мажлиси 4 сентябрь куни бўлиб ўтади. Бироқ судловнинг қандай натижа билан якун топиши ҳозирданоқ маълумга ўхшайди. Суд залида суд расмийси қилган бир баёнот тўғрисида айтиб берди адвокат.

Рустам Тўлаганов: Адвокат Тошкентдан келадими, бошқа жойдан келадими, барибир қамалади, деган фикрни девонхона мудиридан эшитдик. Фазилат деган аëл экан. Суд бошланмасидан олдин эълон қилинди.

Озодлик: Буни суд девонхонаси мудири айтдими?

Рустам Тўлаганов: Ҳа. Фазилатхон деган аëл бор экан. Биз суд бошланишига чиқиб кетдик, лекин ўша ерда қолган одамларнинг ҳаммаси айтяпти. У “Адвокат Тошкентдан келса ҳам, бошқа жойдан келса ҳам суд фикри билинтирилди. Суд бошланмасидан олдин аниқ барибир, Аъзам ака қамалади”, деган фикрни айтибди. Мен буни бугундан айтиб қўяяпман.

Озодлик: Суд девонхонасининг бошлиғи бундай фикрни нима муносабат билан айтибди?

Рустам Тўлаганов: Бизни келганимизни одамлар кўриб: “Мана, Тошкентдан келишди”, дейишган. Ўша аëл бу гапларни эшитиб милиция, гувоҳлар олдида, у ерда 30тача одам бор эди: “Тошкентдан олиб келсанг ҳам, ББСдан олиб келсанг ҳам барибир қамалади. Мен шуни биламан”, деган.

Озодлик: Нима учун бундай баëнот қилишади?

Рустам Тўлаганов: У аëлнинг суд раисига қариндошлик томони бор экан. Акасиними,опасиними қизи экан. Ўша ерда ишлаб юрар экан. Судя ҳам қаердадир шунақа гап айтган бўлса керак. Шунинг учун шунақа фикр чиқиб кетяпти. Шунга биз шунақа деб ўйлаяпмиз.

Озодлик: Ўзингизнинг фикрингиз қанақа?

Рустам Тўлаганов: Бу ерда Аъзам ака томонидан ҳеч қанақа товламачилик қилинмаган. Бу қасддан қилинаëтган нарса. Бу ерда Аъзам акани айбдор қилиш масаласи қўйилган ва бу ўша масалани бажариш учун ўйлаб топилган. Агар бу чиройли ишланганида эди, бу ерда адвокат қиладиган иш қолмас эди. Лекин ҳозирги кунда ҳеч қанақа айби йўқ, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Прагадаги студиямиз меҳмони. Адвокат Рустам Тўлагановнинг айтганларини жаноб Икромов билан биргаликда эшитдик.

Озодлик: Мана, адвокат Рустам Тўлаганов Аъзам Турғунов устидан бошланган суд жараëнининг биринчи мажлиси бўйича берган маълумотини биргаликда тингладик. Рустам Тўлагановнинг гаплари ичида битта-иккита тингловчимиз тушунмайдиган гаплар ўтди. Дейлик суд девонхонаси мудирининг “Аъзам Турғунов барибир қамалади”, деган баëноти. Тўлаганов яна уни судянинг қариндоши, деб айтган эди. Буни қандай тушуниш керак? Бу давлат идорасими ëки оиланинг хусусийлаштириб олган ишхонасими?

Суръат Икромов: Рустам Тўлагановни айтганлари бўйича маълум бўлиб турибдики, Аъзам Турғунов устидан бошланган иш уюштирилган. Демак, бунда юқори инстанциядаги суд мулозимлари деймизми, президент аппарати деймизми, МХХ раҳбарлари деймизми, хуллас, кимнингдир қўли бор. Яъни буйруқ олдиндан бериб қўйилган. Хоҳласа-хоҳламаса барибир Аъзам Турғуновни қамашади, лекин қанча муддатгалиги ҳали номаълум. Муддати балки мавжуд бўлиши ҳам мумкин. Ҳукм ëзиб қўйилган бўлиши ҳам мумкин. Ўзбекистонда бунақа ҳолатлар ҳам бор. Судлар унинг қамалишини олдиндан айтишидан бу юқоридаги раҳбарларни буйруғи билан бўлаëтгани аниқ бўлиб турибди.

Озодлик: Аъзам Турғуновнинг адвокати уни мутлақо айбсиз, деяпти.Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Суръат Икромов: Мен ҳам шунақа, деб ўйлайман. Тўғри, Аъзам Турғунов Тошкентдан Нукусга бориб туради. Бу жуда ҳам узоқ масофа. Энди у таксида келадими, автобусда келадими, йўлкира ҳақини бўйнига олишган. Бу табиий нарса. Бундан унга даромад йўқ. Аслида ҳуқуқ ҳимоячилари энг қийналиб, энг пулсиз юрган одамлар. Уни ҳимоя қилишга келяптими ҳеч бўлмаса йўлкирасини тўлайди. Ўша йўлкирани беришини тергов органлари гўë товламачилик сифатида асос қилиб олган. Товламачилик аслида ўзи унақа бўлмайди. Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳеч қачон бунақа нарсага бормайди ҳам. Мен бунга ишонмайман. Негаки ҳуқуқ ҳимоячисининг лицензияси йўқ, у адвокат эмас. У ҳар қандай пул сўраши мумкин? Бу айблов уюштирилгани ҳар тарафлама маълум бўлиб турибди.

Озодлик: Аъзам Турғунов устидан жиноят иши қўзғатилган ва судланаëтган биринчи ҳуқуқ ҳимоячиси эмас. Шу кунгача Ўзбекистонда қамалиб чиққан ҳуқуқ ҳимоячиларини сонини айта оласизми?

Суръат Икромов: Сонини аниқ айта олмайман-ку, лекин қамалганларнинг ҳар бирига қўйилган айбловда товламачилик моддаси бор. Бундан ташқари, жиноят ишини кенгайтириш ëки кўпроқ муддатга қамаш мақсадида уларга яна 4 тадан 7 тагача модда қўшиб борилган.
XS
SM
MD
LG