Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:37

МХХ собиқ ходимини қоралашга киришди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:1nn7JP2ykjFD3M:http://vedara.narod.ru/pic/fsb/snbu.jpg Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Лондонга қочиб келган собиқ ходими, президент девонининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ ходими Икром Ёқубовни бўҳтон тарқатаётганликда айбламоқда.

Душанба куни “Озодлик” радиосига интервью берган Икром Ёқубов 2005 йилда Андижонда намойишни бостириш буйруғини президент Ислом Каримов ўз тасарруфидаги ноқонуний жангари гуруҳга берганини айтганди.

Собиқ жосуснинг гаплари мухолифат ва инсон ҳуқуқлари вакилларининг Каримов режимига қарши аввал билдирган иддаоларини тасдиқлайди. Ўзбекистон МХХ эса Икром Ёқубовни ғаразли мақсадларда бўҳтон тарқатаётганликда айбламоқда. МХХ матбуот вакили Олимжон Тўрақулов И.Ёқубовни “ёлғончи”, деб атади ва унинг гапларида мутлақо асос йўқлигини таъкидлади.

Икром Ёқубов ўзини ва оила аъзоларини таҳдид остига қўйиб ўзи ҳам бир бўлагига айланган системани тарк этар экан, бунинг сабабини ноҳақликларга ортиқ тоқат қилишни истамагани билан изоҳлаган.

Лондонда И.Ёқубов билан учрашган Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг айтишича, махсус хизмат вакилининг қочиши Каримов режимининг даҳшатли бўлиб бораётганидан далолат беради.

“Менимча, Икром Ёқубов мамлакатдаги жуда кўпчилик одамга тааллуқли норозиликнинг кўринишидир. Шахсан ўзим Ўзбекистон ҳукуматида вазир даражадаги одамлар билан алоқадаман. Улар ҳам бўлаётган жараёнларга қониқишсизлик билан қарайди”,- дейди собиқ элчи.

Крейг Мюррей таъкидича, президентга яқин доирада хизмат қилган Икром Ёқубовнинг кўрсатмалари режим томонидан содир этилган жиноятларни исботлаш учун муҳим аҳамият касб этади.

“Лекин уларнинг Лондонга келган И.Ёқубовга қарши бирор иш қилиши мушкул бўлади. Шунинг учун улар унинг айтган гапларини инкор қилиш билан чекланади”,- дейди Крейг Мюррей.

Тошкент прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича собиқ терговчиси Арслон Холмуҳаммедов режимнинг содиқ хизматчилари уни ташлаб кетаётгани Каримов ҳокимиятининг заифлаша бошлаганини кўрсатишини айтди.

“Улар чўкаётган кемани тарк этаётган каламушлар каби қочаётгандир. Ёки уларнинг ўзлари вазиятнинг шу тариқа давом этиши мумкин эмаслини англамоқда. Вақти келиб ҳамма нарса юзага чиққанда улар бу ишларнинг иштирокчилари бўлиб қолишни истамаётгандир”,– дейди А.Холмуҳаммедов ва ҳуқуқ-тартибот тизимининг собиқ ҳодими сифатида Ёқубовга нисбатан ҳукуматнинг кейинги чораларини тахмин қилади:

“Бу ҳодисага ҳукуматнинг муносабати жуда салбий бўлади, улар буни оғриқ билан қабул қилади. Чунки бу гўё ахборот ташувчи компакт диск йўқолиб қолгандай бир ҳолат. Улар Ёқубовни қаттиқ қоралашга ҳаракат қилади. Унинг Ўзбекистондаги барча алоқаларини узиб ташлайди. Бу ҳолат унинг қариндошлари ва собиқ ҳамкасблари ҳаётига салбий таъсир қилади, чунки бу система қасос олишни яхши билади”.

Миллий хавфсизлик масалари бўйича москвалик эксперт Владимир Мухин режимдан бир жосуснинг қочгани унинг заифлашганини кўрсатмаслигини таъкидлади ва ўз гапини Каримовнинг ҳокимият тепасида қанчалик узоқ муддат қолаётганини билан асослашга ҳаракат қилди.

“Мен Ўзбекистон миллий хавфсизлик тизимида жиддий камчиликлар бор, деб айтмаган бўлардим. Ўзбек жосус дўстларимдан ҳам эшитганимга асосланиб, Каримов яратган тизим жуда салоҳиятли эканини айтишим керак. Акс ҳолда у ҳокимият тепаси шунча йил қолмаган бўларди. Бу режим худди Сталин режими сингари репрессив аппаратга таянади, шунинг учун унинг заифлиги ёки таҳдид остида қолгани ҳақида гапиришга шошилмаган бўлардим”,- деди москвалик таҳлилчи.

Лондонга қочиб ўтган ўзбек жосусининг тез орада Буюк Британияда ҳимояга муҳтож қочқин мақомини олишини тахмин қилиш қийин эмас. Ҳозирнинг ўзида Икром Ёқубовни ўз эгаларини танқид этган собиқ махфий хизмат ходимлари - қозоғистонлик Роҳат Алиев ва россиялик Александр Литвиненко билан солиштираётганлар бор.
XS
SM
MD
LG