Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:08

Россия паспортини олиш осонлашди


"Бундан буён Россия паспортини чегарадаёқ, сўрамасангиз ҳам, берсалар керак." Давлат Думаси 10 сентябрь куни қабул қилган бир қонунга муносабат билдирар экан, бу гапни Россияда ишлаётган ўзбек меҳнат мигрантларидан бири айтди. Дума, чиндан ҳам постсовет республикалари фуқароларига Россия паспортини бериш тартибини фавқулодда осонлаштирди.

Хўш, бунинг ортидаги мақсад Россиядаги демографик вазиятни соғломлаштиришгинами ёки Москванинг бошқа геосиёсий мақсадлари ҳам яширинми?
Давлат Думаси 10 сентябрь куни "Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида"ги қонунга киритган уч ўзгартиш¸ россиялик бўламан деган ҳар бир ўзбекистонликка бу имконни беради. Дума депутати Владимир Плигиннинг айтишича, Россия фуқаролигини сўровчидан, биринчидан, Россия ҳудудида узлуксиз 5 йил истиқомат қилиш, иккинчидан,паспорт олганидан сўнг муайян муддат яшаши учун етарли маблағи мавжудлигини исботлаш талаб қилинмайди. Учинчи шарт ҳақида гапиришдан олдин бир аниқлик киритиб олсак. Айтилаётган енгилликлар Россияга ватандошларни қайтариш дастури доирасида фуқаролик сўровчилар учун берилиши таъкидланмоқда.
Бироқ учинчи енгилликдан, яъни рус тилини билишини исботлаши шарт эмаслигидан ҳар қандай ўзбекистонлик, умуман марказий осиёлик Россияга¸ ватандошларни қайтариш дастурига кира олиши ва рус паспортини осонгина олиши мумкинлиги равшан кўриниб турибди.
Аслида бу дастуру¸ кеча жорий этилган енгилликларсиз ҳам баъзилар, масалан, қирғизистонликлар учун рус паспортини олиш қийин эмас эди. Қирғизистонлик Россия паспортини сўраб мурожаат қилса бўлди, узоғи билан 3 ойда паспорт қўлига тегар эди.
Енгилликлар тўғрисидаги хабарни эшитгач¸ Челябинск областида ишлаётган мана бу қирғизистонлик аёл хаёлига келган фикрни айтади.

“Кеча телевизорда кўргандан кейин бугун бозорларда ҳам эшитдик бу гапларни.Божхонадагиларга фуқаролигим йўқ десангиз мана сенга фуқаролик дейдиган бўлиб кетаяпти.Кеча телевизорда рус тилини билиш ëки билмаслигини аҳамияти йўқ деб айтди.Олдин Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига 5 йил яшагандан кейин фуқаролик берарди. Ҳозир шу ҳам керак эмас деяпти.Дарров фуқаролик бераркан. Энди божхонадан ўтаëтганда “Сизда фуқаролик борми?” деб сўрайди. Йўқ десангиз “Мана сенга фуқаролик” деб айтади шекилли”.
Ўзи умуман, дейди суҳбатдошимиз, меҳнат мигранти Россияда шундай шароитга тушириб қўйилганки, у ҳоҳласа ҳам, ҳоҳламаса ҳам фуқаролик сўрашга мажбур.
“Ҳар 3 ойда рўйхатдан ўтгандан кўра¸ паспорт олаяпмиз.3 ойга 4000¸ 5000 бериб рўйхатдан ўтардик.Биз ишхоналарга ишга кирмоқчи бўлсак¸ биздан ишга рухсатнома сўрайдику.Ҳозир паспорт билан олаверади. Бир йиллик ишга рухсатнома 25000¸ 30000 га чиқиб кетган. Биз 5000га паспорт олаяпмиз”.
Демак, паспорт – кони фойда экан. Ҳозир бирга эшитганимиз рақамларни ҳисоб-китоб қилиб чиқдим.
Паспорт олмасангиз ҳар уч ойда прописка учун 5 минг рублдан бир йилда 20 минг рубль, "Разрешение на работу" деган ҳужжат учун ҳар йили камида 25 минг рубль, жами 45 минг рубль харажатингиз бор.
Паспорт олиш учун эса, бор-йўғи 5 минг рубль сарфлайсиз. 40 минг рубль – тақрибан 1600 доллар ақча ёнингизга қолаяпти.
Паспортли бўлсангиз, иш ҳақиниям кўпроқ тўлашади, дейди Пермь областида ишлайдиган мана бу андижонлик йигит.
“Паспорт бўлса яхши иш ҳам топасизда.Ҳозир бир ишни икки баробар арзон қиласизда.
Озодлик:Оддий россияликлар сизни ишга ëллар экан паспортингизга қараб пул тўлайдими?
“Бизни бу ерда ерлик эмаслигимизни биладику.Паспорт бўлса пулни талаб қилиш осон бўлади.Бу ерда пул бермаслик¸ алдаш кўп. Агар шу ерни фуқароси бўлса¸ унда алдай олмайди. Тийинигача тўлайди.
Озодлик:Мана паспортни осон олиш имкони пайдо бўлаяпти.Энди шунга ариза топширасизми ëки йўқми?
“Топшираман”.
Хуллас, отингни сот, молингни сот, Россия паспортини ол. Тўғрироғи, Россия паспортини олсанг, от ҳам оласан, мол ҳам оласан. Ахир ҳеч йўқ бояги 40 минг рублга берарку, от билан молни?
Хўш, нима учун Москва паспорт беришни деярли перажка сотиш даражасига тушириб қўйди?
Бунинг ортидаги мақсад Россиядаги демографик вазиятни соғломлаштиришгинами ёки Москванинг бошқа геосиёсий мақсадлари ҳам яширинми?
“Бизни ўйлашимизча¸ мана Грузия Россия билан ҳеч ўртоқ бўлмаяптию¸ ўшанга Ўрта Осиëни ўзимга тобе қилиб оламан деб ўйлаяпти шекилли. Мана мисол.Бизни оиламиздан аллақачон бештамиздан учтамиз фуқаролик олдик. Масалан чегарани ëпиб юборса. Биз барибир ота-онамизни олдига боришимиз керакку. Грузияга ўхшатиб чегараларни ëпиб ташласа”¸ деган жавони берди сиёсатдан узоқ оддий меҳнат мигранти. Челябинск областида ишлаётган мана бу қирғизистонлик аёлнинг гаплари мана бу маълумотни ёдингизга солиб қўйиш заруратини пайдо қилди.
Аслида Грузия ҳудуди бўлган Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисига кейинги 5 – 10 йил ичида ёппасига Россия паспорти берилди. Шу кунда бу икки ҳудуд аҳолисининг 80 – 90 фоизи расман Грузия эмас, Россия фуқаросидир. Грузияга бостириб кирар экан, Россия Абхазия ва ва Жанубий Осетиядаги фуқаролармизни ҳимоя қилаяпмиз, деган иддаони қилди.
XS
SM
MD
LG