Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:15

Солижон Абдураҳмонов иши юзасидан маҳкама бошланди


Қорақалпоғистонда мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов иши юзасидан маҳкама бошланди. Абдураҳмонов кўп миқдордаги гиëҳванд моддани сотишга ҳаракат қилишда айбланмоқда. Журналист устидан кечаëтган суд жараёнида қатнашган ҳимоячи Баҳром Абдураҳмоновнинг айтишича, қолган гувоҳларнинг бугунги суд мажлисига етиб келмаганликлари туфайли суд 18 сентябр кунига қолдирилган.

"Асосий гувоҳлардан учтаси сўроқ қилинди. Гувоҳлар дастлабки терговда берган ўз кўрсатмаларини кескин равишда ўзгартирган. Сабаби кўп саволлар ойдинлашмасдан қолаяпти. Улар “Мумкин¸ шундай бўлган бўлиши мумкин” деган нарсадан нарига ўта олишмаяпти. Бунинг натижаси қандай бўлади¸ кейинги гувоҳлар қандай кўрсатма беради ҳозирча бизга қоронғу. Шунинг учун мен олдиндан бир нарса дейишга шошилмайман", - деди Баҳром Абдураҳмонов.
Суд жараёнида Солижон Абдураҳмонов ўзига қўйилган барча айбловни рад этган. "У айбни умуман тан олмади. “Айбга иқрор эмасман” деб кўрсатма берди’’.
Айни маҳкама бошланган куни халқаро Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти мустақил журналистга нисбатан сиëсий сабаблар билан жиноий таъқибни тўхтатиш талаби битилган баëнот билан чиқди. Ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Игорь Воронцов Озодлик билан суҳбатда¸ Абдураҳмоновга қўйилаëтган айбловларни сиëсий дер экан¸ бу ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар овозини ўчириш йўлида ҳукумат юргизаëтган сиëсатнинг яна бир кўринишидир¸ деб айтди.
“Биз унинг ҳибсга олиниши ва қўйилаëтган айбловлар журналистнинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканига шубҳа қилмаймиз ва Ўзбекистон ҳукуматини уни зудлик билан озод этишга чақирамиз”, - деди Воронцов.
Хюман Райтс Уотч АҚШ ва Европа иттифоқи раҳбариятига мурожаат қилиб¸Солижон Абдураҳмонов маҳкамасини диққат билан кузатишга¸ унинг зудлик билан озод этилишини талаб қилишга чақиради.

“Биз жамоатчилик эътиборини ҳам Ўзбекистондаги қонунбузарликларга қаратамиз ва ғарб дипломатлари ва халқаро ҳамжамият билан ҳам иш олиб борамиз”¸ деди Игорь Воронцов.
Солижон Абдураҳмонов Нукус шаҳрида автомобил назорати ходимлари томонидан тўхтатилган ва автомобилидан гиëҳванд модда топилган. Журналистнинг ўзи ва унинг ҳимоячиси гиëҳванд модда милиция ходимлари томонидан ташлаб қўйилганига ишонишларини айтишган. Солижон Абдураҳмонов “Озодлик” ва “Америка овози” радиоларининг Қорақалпоғистон бўйича мухбири сифатида фаолият юритган. Шунингдек Британиянинг “Уруш ва тинчликни ëритиш” институти ва Uznews.net мустақил ахборот хизмати билан ҳамкорлик қилган.
XS
SM
MD
LG