Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:16

Уол Стритдаги инқироз Ўзбекистон иқтисодида акс этадими?


Шу кунларда аксар дунë нигоҳи ана шу манзилга қаратилган.
Шу кунларда аксар дунë нигоҳи ана шу манзилга қаратилган.

Танганинг орқаси иқтисодий дастуримизнинг бу галги сонини, глобал молия бозорида кенгайиб бораëтган инқироз мавзуига бағишладик.

15 сенябр куни АҚШ даги тўртинчи йирик сармоя банки ҳисобланган Лиман Бразерс (Lehman Brothers ) банкротга учраганини маълум қилди. Айни шу куни АҚШ даги яна бир молиявий гигант Мерил Линч (Merrill Lynch ) ўз рақиби бўлмиш хусусий Америка банки (Bank of America )томонидан ярим баҳосидан ҳам арзонга сотиб олинди. Нафақат АҚШ балки дунëнинг аксар ривожланаëтган давлатларида ўз бўлимларига эга Америка халқаро гуруҳи (American International Group) деб номланган Американинг энг йирик хусусий суғурта кoмпанияси ҳам айни шу куни ўзининг жар ëқасига келиб қолганини эълон қилди ва хусусий сармоядорлардан мадад сўради.

Бундай уч машъум хабарнинг бир кунда пайдо бўлиши, дунë молиявий бозори маркази ҳисобланмиш Уол Стрит ( Wall Street) учун ҳам кўплик қилди ва АҚШ биржаларидаги нархлар 2001 йилнинг 11 сенябридан бери кузатилмаган тарзда фавқулодда тезлик билан пастга шўнғиди. Инвесторлар ўзларини бир соат ичида қимматини йўқотган қимматбаҳо қоғозлардан имкон қадар тезроқ озод қилишга берилдилар ва Уол стрит яқин йилларда мисли кўрилмаган ваҳима ва саросима ичида қолди.

Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр, дейди қадим ўзбек мақоли. Ню-Йорк биржаларидаги инқироз тезлик билан дунë молиявий бозорларига тарқалди ва ваҳима ҳамда саросима энди 16 сенябр тонгида иш бошлаган Осиë ва Европа биржаларига кўчди. Қиммaтбаҳо қоғозлар нархи саноқли дақиқалар ичида ўз қимматини яшин тезлигида йўқота бошлади.
Ҳонг-конгда жойлашган Тиҳе гуруҳи молиявий таҳлилчиларидан бири Мартин Ҳеннеке, бу жараëнни шундай тасвирлайди.




“Шубҳа йўқки, ҳозирда сармоядорлар учун ниҳоятда улкан мавҳумлик юзага келди. Аввалига акциялар пучга чиқди, эндиликда кўпчилик таҳликадан ҳоли деб ишонган истеъмол маҳсулотлари нархи пастга шўнғимоқда. Ҳозирги шароитда сармоядорлар имкон қадар қўлига нақд пулини қайтариб олишга, борини эса ишлатмасликка уринмоқда”, дейди бу таҳлилчи.

Жаҳон молиявий бозорида давом этаëтган инқирознинг тўртинчи палласи деб қаралаëтган душанба кунги воқеалар муносабати билан, ҳукуматлар, жаҳон марказий банклари инқироз кўламини камайтиришга уринмоқдалар.
Гарчи АҚШ марказий банки раиси Ҳенри Паулсон Лиман Брозерс банкининг ўзини қутқариш сўровини , Уол Стрит ўзи пиширган ошни ўзи есин, қабилида рад этган бўлса-да, яқин орада марказий банкнинг молия бозоридаги ваҳима ва саросимани жиловлашга ëрдам бериши мумкин қандайдир қадамлар қўйиши кутилмоқда. Душанба куни молиявий инқирознинг янада чуқурлашуви муносабати билан Европа марказий банки ва Англия марказий банки нақд пул тақчиллиги олдини олиш учун бозорга 48 миллиард доллар нақд пул ташлади. Айни шундай қадамни Япония ва Жанубий Корея банклари ҳам амалга оширди. Айни пайтда дунëдаги энг йирик 10 молия тизими келажакдаги шундай инқирозлар олдини олиш учун 70 миллиард долларлик фавқулодда жамғарма ташкил этди. Шундай бўлса-да, мутахассислар бундай уринишлар самарасига шубҳа билан қарамоқдалар ва душанба кунги воқеаларнинг жаҳон иқтисодига зарбаси сезиларли бўлажагини айтмоқдалар. Бундайлар орасида АҚШ марказий банкининг собиқ раиси Алан Гринспан ҳам бор.




“Мен жорий инқирозни ҳар юз йилда бир кузатиладиган молиявий бўҳрон деб атайман ва бундай кўламдаги ҳодисанинг жаҳон иқтисодига таъсир кўрсатиши аниқ. Бунинг ижобий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Масалан, нефт нархи тушди, озиқ-овқат нархи ҳам пасаймоқда. Жилла қурса, қисқа муддатга инфляция даражаси ҳам пасаймоқда. Балки шу жараëнлар иқтисодни барқарорлаштиришга хизмат қилар. Аммо бу борада ишончим унча комил эмас”, деди Алан Гринспан.



Эшитганимиз каби, молиявий таҳлилчилар Уол Стритда душанба куни бошланган инқирознинг бутун дунë иқтисодига салбий таъсири бўлишидан огоҳлантирмоқдалар. Хўш, бу таъсир собиқ совет ҳудудлари, хусусан Ўзбекистонда қай шакл ва кўламда бўлиши мумкин?

Маркази Вашингтонда жойлашган Халқаро иқтисод бўйича Петерсон институти таҳлилчиси Андерс Асланд, Россия, Украина ва Қирғизистон ҳукуматларига иқтисодий маслаҳатчилик қилган мутахассис. Унга кўра, бу таъсир биринчи галда, собиқ совет ҳудудларидаги иқтисодий ўсиш суръатининг пасайишида кузатилади.



“Бу ўринда кўп нарса жаҳон иқтисодидаги пасайиш билан инфляция бирлашган бир кезда ўсиш суръатининг қанчалик пасайишига боғлиқ. Ҳозирда бу фавқулодда инқироздан Болтиқбўйи давлатлари анча зиëн кўришмоқда. Марказий Осиëда эса, бу инқироздан энг кўп зарба еган Қозоғистон бўлади. Мамлакат макроиқтисодини бошқаришдаги жиддий ноқисликлар сабаби, қозоқ иқтисоди ҳозирда мураккаб вазиятга тушиб бормоқда”, дейди Асланд.



Шу ўринда кўпчиликни жаҳон молиявий бўҳрони Ўзбекистон иқтисодида, хусусан менинг кундалик турмушимда акс этадими, акс этса, қай кўринишда, деган савол қизиқтираëтган бўлиши табиий.
Бу савол билан биз Уол Стритдаги ўзбекистонлик молиявий таҳлилчи Фарҳод Иноғомбоевга юзландик.

“Умумий макроиқтисодий таъсирини олганимизда, қачонки АҚШни иқтисоди кучсизланса, дунëда хом-ашëлар нархи тушади. Чунки АҚШ дунëдаги энг йирик хом-ашë сотиб олувчи. Хом-ашë деганда мен хусусан нефт ва газни назарда тутаяпман. Биз биламизки, газ ва нефтни Ўзбекистон иқтисодига таъсири жуда катта. Ҳозир 1 баррел нефтнинг нархи 100 доллардан пастга тушиб кетди. Ўзбекистон иқтисодини жаҳон капитал бозорларига катта боғлиқлиги бор деб ўйламайман. Бизларда молиявий сиëсат жуда ҳам консерватив. Бизни республикамиз ипотекаларга боғланган, катта фоизлари ваъда қилинган сармояларга пул тиккан деб ўйламайман. Бу айрим ҳолда тўғри натижалар беради”, деди Фарҳод Иноғомбоев.




Ню Йоркда жойлашган таҳлилчининг бу каби фикрига, Ўзбекистон ичкарисидаги иқтисодчи Дмитрий Поваров ҳам қўшилади.



“Ўзбекистон иқтисоди жаҳон савдо тизимига, хусусан молиявий бозорига кўп ҳам қўшилмагани боис, мен ҳозирги инқироз Ўзбекистон иқтисодида бевосита акс этади деб ўйламайман. Аммо бу инқирознинг Россия иқтисодига таъсири кучайишда давом этса, бундай ҳолда бу зарбани Ўзбекистон ҳам ўз танасида ҳис этмай қолмайди. Чунки, Ўзбекистондаги бизнес элитасининг аксар сармояси Россияда ва айни пайтда Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги ҳамдир”, дейди Поваров.

Душанба куни Уол Стритда бошланган навбатдаги саросима Россия иқтисодида Грузия билан бошланган ҳарбий можародан бери пастга қулаб бораëтган биржа нархларида акс этмай қолмайди. Россиядаги энг ишончли деб қаралган ширкатлар акциялари бир кун ичида ўз қимматининг 20 фоизигача йўқотдилар. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, кейинги бир ой ичида Россия биржаларидаги акциялар нархи 20 фоиз қимматини йўқотган ва бу Россия иқтисоди учун 300 миллиард долларлик йўқотиш демакдир.
Хўш, Россия иқтисодида бошланган бу каби мисли кўрилмаган йўқотишнинг Ўзбекистонга таъсири қандай бўлади?

“Россия Ўзбекистон учун энг йирик савдо шериги ва Ўзбекистонни ичида бир қатор Россия компаниялари бор. Бу компанияларни акциялари, бу Лукойлми, Газпромми, жаҳон бозорларида сотилади. Агар Россияни аҳволи умумий жаҳон инқирозида янада пастга тушиб кетса, мен Россия орқали буни Ўзбекистонга катта таъсири бўлишига ишонаман. Биринчидан¸ сармояси камаяди. Бу дегани Ўзбекистонда бир қанча одамлар ишсиз қолади. Икинчидан Ўзбекистон бюджетига тўловлари камаяди ва ўша компаниялар ўзини қисқартиришга мажбур бўлади”, деди Фарҳод Иноғомбоев.

Ўзбекистонлик яна бир иқтисодчи Дмитрий Поваров фикрича, Россия иқтисодидаги инқироз оқибатида Ўзбекистонда инфляция даражаси янада ошмай қолмайди.



“Россия иқтисоди инқирозга юз тутса, бу биринчи галда ўзбек сўми қурбининг янада пасайишига олиб келади. Бу дегани, асосий истеъмол маҳсулотлари нархининг ошиши ва халқ турмуш даражасининг янада пасайиши демакдир. Қолаверса, Россия молия тизимидаги инқироз, Ўзбекистонга Россиядан юборилаëтган пул ўтказувларига ҳам тасъир қилмай қолмайди. Расмий ҳисоб-китобга кўра, бу ўтказимлар йилига ярим миллиард долларни ташкил этади, норасмий манбалар эса бир неча миллиардни тилга олишмоқда. Ўзбекистондаги аксар оилалар турмуши айнан гастербайтерлар юбораëтган ана шу пулга боғлиқ бўлгани боис, бу улар турмуш тарзининг ëмонлашувига олиб келади”, дейди Поваров.

АҚШ молиявий бозорида бошланиб, глобал миқëсга ëйилган бўҳрон гарчи бутун дунë иқтисодига ўз таъсирини кўрсатса-да, бир ëмоннинг яхшиси ҳам бор дегувчилар талайгина. Улар фикрича, бу инқироз оқибатида молия бозори кўпикларидан, ўз заиф аъзоларидан халос бўлади, унинг устунлари янада мустаҳкамланади. АҚШ иқтисоди асослари бундай бўҳронлардан омон чиқиш имконини беришига ишонувчилар, яқин келажакда инқироз ўз тубига етиб, жараëнларнинг яна тепага ривожланишини башорат қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG