Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:17

Сардор Аҳмедов 2008 йилги пахта терими қурбони


http://gdb.rferl.org/230FE9CD-FFCD-49B5-A905-50D33740A622_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/230FE9CD-FFCD-49B5-A905-50D33740A622_mw800_mh600.jpg Қашқадарё вилоят, Китоб туманидаги маиший хизмат коллежи ўқувчиси Сардор Аҳмедов дала шийпонида ўлдирилди. Бу ҳақда фожеа содир бўлган жой - Нишон тумани "Гулистон" фермерлар уюшмаси ҳудудида истиқомат қиладиган бир тингловчимиз хабар қилди. Сардор Аҳмедов 2008 йилги пахта йиғим-терими кампаниясининг жамоатчиликка маълум бўлаётган илк қурбонидир.

Айни пайтда 2007 йилги кампанияда ҳалок бўлган бошқа бир ўқувчи учун форишлик 5 ўқитувчи жазоланди.

Фожеа жумадан шанбага ўтар кечаси юз берди, деб хабар қилди Нишон туманилик тингловчимиз.

“18 сентябрдан 19 сентябрга ўтар кечаси Китобдан бир бола пахта теришга келган. Унинг шериклари олдинроқ келган бўлган”.

Янги келган ўқувчига дала шийпонининг ҳамма ётган хонасида ётишга бир зўравон синфдоши рухсат бермайди. Жанжал чиқади. Кўп ўтмай, одатдагидай, кечқурун чироқ ўчади.

“Соат 11.30¸ 12.00 ларда бизда чироқ ўчади. Чироқ ўчгандан кейин бўғиб олган. Нариги бола чўнтагида пичоқ олиб юрган бўлган. У пичоқни чўнтагидан олиб бўйнини орқасига урган. Янги келган бола пичоқни олиб кейин яна уради. Шундай қилиб 3 марта уради пичоқни”.

Уч марта урилган пичоқ ўз ишини қилади: ўқувчи Сардор Аҳмедов воқеа жойидаёқ жон беради. Жанжал бўлаётган пайтда ўқитувчилар ўз хонасида ухлаб ётган эди.

Нишон тумани прокуратураси мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатди ва дастлабки тергов ҳаракатларини бошлаб юборди. Тергов нима билан тугаши, кимлар айбдор топилишини бошқа бир ишнинг қандай тугаганидан тахмин қилиш мумкинки, у иш ҳақидаги гап олдинда.

Ҳозирча эса, Нишон туманида 15 сентябрь куни юз берган бошқа бир воқеа. Шу куни Нишон касб-ҳунар коллежининг Гули исмли ўқувчиси синфдошлари - ҳашарчилар учун катта қозонда ёғ доғлаётган пайтда куйиб қолди.

“Дала бошида овқат қилиш учун ëғ доғлаëтган бўлган. Ëғ ëниб кетиб Гулини башарасини куйдириб ташлаган”.

Хабарларга қараганда, юзлари тўла куйиб кетган Гули шу кунда Нишон туман касалхонасида даволанаяпти. Ҳаётдан кўз юмган Сардор ва ҳуснидан ажралган Гули 2008 йилги пахта йиғим-терими кампаниясининг жамоатчиликка маълум бўлаётган илк қурбонларидир.

Жиззах вилояти¸ Фориш туманидаги 69-ўрта умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Лочин Болтабоев 2007 йилги кампаниянинг қурбонларидан бири эди.

У 9 октябрь куни пахта даласидан касалхонага олиб кетилган ва орадан бир ҳафта ўтиб-ўтмай, 16 октябрь куни вафот этган эди.

Мазкур воқеани яқиндан ўрганган инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти маълумотларига қараганда, марҳум Лочин Болтабоев ва синфдошлари пахта терар экан, етарли озиқ-овқат, тоза ичимлик суви билан таъминланмаган.

Натижада ўқувчилар орасида бош оғриғи, ич кетиш, тери касалликлари тарқалиб кетган.

Ўсмир ўлди. Кимдир бунинг учун жавоб бериши керак.

Жавобгар ҳам топила қолди. Айб ўқитувчиларга юкланди.

“Пахтага чиқаришда жавобгарлик албатта ҳокимиятнинг зиммасида. Прокуратура уларга нисбатан иш оча олмайди. Текширув пайтида ўлган болага синф журнали ва табеллари тўлдириб борилганлиги маълум бўлди ва 560 минг сўм жарима тўлаш билан иш ëпилган. Бу пулни ҳар бир ўқитувчи тўлаган”¸ дейди “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов.

Бу йил мактаб ўқитувчиларида емаган сомсамиз учун пул тўлаш мажбуриятидан қутулиб қолармиз, деган умид пайдо бўлган эди.

Бу умидни Вазирлар маҳкамасининг 12 сентябрь кунги қарори пайдо қилган эди. Ўша ҳужжатга биноан мактаб ўқувчилари пахта теримига жалб этилмаётган эди.

Бироқ Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи тингловчимизнинг мана бу гапидан ўқитувчилар ноумид бўладиганга ўхшайди.

“Кеча 8 синфда ўқийдиган иккита неварам келиб “Пахтага борар эканмиз. Бизга пахтага боришга буйруқ бўлибди. Бир ойга борарканмиз” деб сумкаларини қўйиб¸ баклашкаларда чой¸ нон олиб чиқиб кетишди. Бу бутун туман бўйича. Битта мактабда шунақа бўлгандан кейин бошқасида ҳам бўладида”.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги гап. Етиб келаётган хабарларга қараганда, мактабларнинг юқори синфлари бошқа вилоятларда ҳам ёпилиб, ўқувчилар пахтага ҳайдалган.

Ўзбекистон республикаси бош вазири болалар меҳнати эксплуатациясига барҳам бериш тўғрисидаги қарорни имзолаганига 11 кун бўлди.
XS
SM
MD
LG