Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:37

Қочқинлари Ўзбекистонга ноқонуний равишда бериб юборилган


Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон ҳукуматини расман тан олинган андижонлик қочқинларни Ўзбекистонга бериб юборгани учун танқид қилди. Бирлашган миллатлар ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг 93 сессиясида масаласи тилга олинган ўзбекистонлик тўрт қочқин Жаҳонгир Мақсудов, Одил Раҳимов, Ёқуб Тошбоев ва Расулжон Пирматовлар, қўмита текширувлари натижасига кўра, Ўзбекистонга ноқонуний равишда бериб юборилган.

Қўмита куни кеча расмий сайтида эълон қилган баёнотида бунга асос қилиб халқаро ҳуқуқий меёрлар билан тасдиқланган қатор жиҳатларни келтирган. Биринчидан, Ўзбекистонга бериб юборилаётган чоғда бу шахсларнинг расман қочқин, деб тан олингани, иккинчидан, Ўзбекистоннинг қийноқлар қўлланиладиган мамлакат, дея тан олингани ва экстрадиция амалга оширилаётган чоғда бу мамлакатда ўлим жазосининг амалда мавжуд бўлгани. Яна бир тарафдан, бу қочқинлар жиноятчи, деб Ўзбекистон бош прокуратураси юборган айблов далилларини тўғри, дея тан олган Қирғизистон бош прокуратураси бундай қарорини асословчи ҳужжатларни тақдим этмагани ва бу борада сўровларга ҳуқуқий нормалар доирасида жавоб бермаганидир.

Ана шу жиҳатларни санаб ўтган БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон ҳукуматининг бу ҳатти-ҳаракатларини танқид қилар экан, қийноқлар қўлланиладиган мамлакатга бериб юборилган андижонлик 4 қочқиннинг кейинги тақдиридан хавотир билдирган.

Эслатамиз, Қирғизистон ҳукумати 2006 йилнинг 9 августида Ўш вилояти вақтинчалик тергов изолятори биносини ўраб олган ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилот вакиллари кўзини шамғалат қилиб, бу қочқинларни яширин тарзда Ўзбекистонга бериб юборган ва катта норозиликларга сабаб бўлган эди.

Ўшдаги “Қонун ва тартиб” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Иззатулла Раҳматуллаев бу қочқинлар вазиятини бошдан охирига қадар кузатган.

“Нодавлат ташкилотлар ва журналистлар билан бирга вақтинча сақлаш изоляторини (Сизо) пикет қилдик. Улар эса бизни чалғитиб Ўзбекистонга бериб юборишган. Бизни бир ҳамкоримиз “Дўстлик” чегара постидан ўша қочқинлар билан бирга ян а16 кишини Ўзбекистонга бериб юборилганига гувоҳ бўлган. Аммо шу кунгача шу йигитларнинг кейинги тақдири ҳақида аниқ маълумот ола олмадик”.

Иззатулла Раҳматуллаевнинг бу қочқинларнинг кейинги тақдирини суриштириб, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига киритган сўровномаларига ҳам аниқ жавоб берилмади.

Фақатгина Ўшдаги “Одиллик” номли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот вакиллари¸ бу қочқинларнинг яқинларидан айрим хабарларни олишга муваффақ бўлган. Ташкилот раҳбари Солижон Майитов шуларни сўзлаб берди:

“Ота-онасидан маълумот олганмиз. Ярим йилгача қаерда туришганини айтишмаган. Суд бўлгандан кейингина айтилган. Менимча кейин уларни Ангренда учраштирган. Уларни ҳаммаси 10 йилдан ошиқ муддатга қамалган. Энг ками 13 йил”.

“Одиллик” ташкилоти ҳам¸ ҳар икки томон ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига жўнатган расмий сўровномаларига аниқ жавоб ололмаган. Биргина Қирғизистон бош прокуратурасидан бир сафар жавоб келган.

“Қирғизистон бош прокуратураси бизга “халқаро ҳуқуқ норма қоидалари бўйича экстрадиция қилдик” деган гапдан бошқа нарса ëзмади”¸ дейди Ўшдаги “Одиллик” инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Солижон Майитов.

Шу тариқа, қарийб 2 йил муқаддам Ўзбекистонга бериб юборилган 4 андижонлик қочқин ҳануз уларнинг вазиятини кузатган халқаро ташкилотлар диққат марказида қолмоқда. Эслатамиз, Ўзбекистон бош прокуратураси бу қочқинларни бир қатор жиноятларда, хусусан, Андижон воқеалари чоғида Андижон шаҳар прокурорини ўлдирганликда айблаган эди. Бирлашган миллатлар ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мурожаатига жавоб қайтарган Қирғизистон бош прокуратураси эса ана шу айбловларни асосли, деб топди.

Изатулла Раҳматуллаев буни эслар экан, вазиятни шундай изоҳлади:

“Агар бирорта қочқин ўз юртидан жиноий жавобгарликдан қочиб келган бўлса¸ Қирғизистон ҳукуматини унга қочқинлик мақоми бермасликка ҳаққи бор. Бироқ халқаро норма бўйича берилиши керак. Қирғизистонни ички қонунчилиги халқаро нормаларга зид. Улар икки давлат ўртасидаги мулоқтга биноан бериб юборилган деб ўйлайман”.

Икки давлат ўртасидаги ўзаро келишувлар ва МДҲ давлатлари ўртасида имзоланган “Минск” конвенциясига рўкач қилиб, Қирғизистон ҳукумати жуда кўплаб бегуноҳ қочқинларни Ўзбекистон қамоқхоналарига ноҳақ банди қилди, дейди бошқа бир ўшлик адвокат Саидкамол Аҳмедов.

“Экстрадицияни булар “Минск” конвенциясига асосланиб қилишмоқда. У ерда экстрадиция бўлими бор. У ерда “Қочқин мақомига эга бўлган шахс ëки қочқинлик мақоми излаëтган шахс” деган нарсани ўзи йўқ. Демак¸ уларни беришни умуман кераги йўқ”.

Халқаро ҳуқуқ нормаларини босиб ўтиб, ҳукуматларнинг шу тариқа икки томонлама манфаати устига қурилган муносабатлари қурбонига айланган ўзбекистонлик фуқароларнинг ўзбек махсус хизматлари қўлига ўтганидан кейинги тақдири эса деярли номаълум қолади. Иззатулла Раҳматуллаев мамлакатдаги таъқидан қочиб келган кўплаб ўзбекистонликларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилган.
XS
SM
MD
LG