Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:09

Ҳашарчилар тушликка нима еяпти?


"Кечагина укам пахтадан қочиб келди ва 10 кун ичида бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Жуда, жуда даҳшат. Сизлардан илтимос, келиб биздан интервью олинглар, ортиқ тоқат қилиб бўлмайди. Дунё аҳли халқимнинг, ёшларнинг қанчалар қийналаётганини эшитиб қўйсин. Илтимос."

Бу илтижо битилган мактуб электрон почта орқали Озодликка 25 сентябрь куни эрталаб Жиззахдан етиб келди.

Озодлик мухбири мактуб эгаси билан, пахтадан қочиб келган лицей ўқувчисининг ўзи билан боғланиб, уларнинг айтганларини ёзиб олди.

Бу суҳбатларни жума кечки, шанба эрталабки эшиттиришларимизда тинглашингиз мумкин.

Ҳозир эса, коллежлар ва охир-оқибат барибир яна пахтага ҳайдалган ўрта мактаб ўқувчилари далада неча соат ишлатилаётгани, улар тушликка нима еяётгани тўғрисида эшитинг.

Жойлардан олинаётган хабарларга қараганда, бу масаладаги вазият бутун республика бўйлаб бир хил. Шунинг учун аҳволни Сирдарё вилоятининг икки тумани мисолида ўрганиш билан чекланамиз.

Вилоятнинг Гулистон туманида истиқомат қилувчи тингловчимизнинг айтганлари.

“Коллеж, лицей ва мана бизда ягона бўлган Гулистон давлат университети талабаларини ëтарлай тарзда пахтага олиб чиқиб кетишган. Уларни соат 5.30 да уйғотишади. Соат 6 да чой нонини бериб 7 да далага чиқаришаяпти. Улар соат 1 гача пахта териб, терган пахталарини топшириб кейин тушликка чиқишади. Иккигача тушлик қилиб, иккидан кейин яна пахта даласига кириб кетади. Мана сиз ҳам талаба бўлгансиз, вақтида ишлагансиз. Талабалик пайтимизда далада этак кўтариб юриб фақат суюқ макарон ичардик. Ҳозирги пайтда ҳатто шу суюқ макарон ҳам бу бечораларга насиб қилмаяпти”.

Озодлик: Тушликка макарон шўрва ҳам ичмаса, нима ейди?

“Топганини ўлмас овқат қилиб пишириб беришаяпти. Ачиган карамми, оқшоқми деган нарсалардан тўғирлаб беришаяпти. Бу факт. Бечоралар соат 7дан 7 гача пахта теради. 12 соатлик иш куни бўлаяпти. Пахталарни топшэириб келгунча соат 7, 8 бўлиб қолаяпти”.

Боёвут туманида истиқомат қилувчи бошқа бир тингловчимизнинг сўзларига қараганда, мактаб ўқувчилари ҳам далада камида ўн соат бўлади.

Тафовут фақат бир нарсада: дала яқин бўлгани учун пахтани уйидан қатнаб терадиган мактаб ўқувчиларига коллеж, лицей ва олий ўқув юрти талабаларига берилаётган ўша ёвғон ҳам берилмайди.

Далага уйидан қатнайдиган мактаб ўқувчилари тушликни уйидан олиб бориши керак.

“Бизни Сидарë вилоятида шароит ҳар хил. Баъзи жойларда фермер хўжаликлари қишлоқ ëки мактабга яқин бўлса, эрталаб ўқувчилар ўқитувчилар раҳбарлигида соат 7.30 гача йиғилиб пахта теришаяпти. Тушликлари пахта даласининг ўзида. Топса нон олиб борадими, мева олиб борадими, ярим литрлик банкада пиширилган макарон олиб оладими хуллас пахта териб шом қоронғусида қайтиб келишаяпти. Булар 8, 9 синф ўқувчилари.

Озодлик: Далада тушликка иссиқ овқат пишириб берилмайдими?

“Йўқ. Совет даврида макаронга озгина гўшт солиб бир нарса қилиб берарди. Ҳозирги иқтисодий аҳволда фермерни аҳволи маълум бўлса, қаердан у овқат пишириб беради. Ариқни сувини қайнатиб ичига қуруқ чой ташласа ҳам катта гап”.

Тушликда ейиш учун бир бурда нонини белига тугиб пахта териб бераётган мактаб ўқувчиларидан яна бояги коллеж, лицей ва олий ўқув юрти талабаларига қайтамиз.

Далага тонг қоронғусида кетиб, шом қоронғусида қайтган талабаларнинг бир кунлик нормага етказиб пахта теролмаганлари, кечки ёвғондан кейин назоратчи ўқитувчилар томонидан жазоланади, дейди тингловчимиз.

“Ким агар нормани бажармаган бўлса, пахта теримидан қайтиб келгандан кейин ўқитувчилар томонидан дўппосланадиган, югуртириладиган ҳолатлар бўлаяпти”.

Мана бу эса, пахтадан қочиб келган жиззахлик лицей ўқувчисининг айтгани.

“Нормани бажармаганларга жазо сифатида қўл устида таяниб туриш (оджимание) қилдирилади. Армиядаги қонун-қоида бўйича бир, икки деб туриши керакку. Улар 1 дейди, кейин анча вақтгача кутиб туриб кейин икки дейди. 15, 20 минут шуни қилдириб ўқувчиларни эзишаяпти”.

Озодлик: Ким қилади бу ишни?

“Домлалар қилади бу ишни. Эртага кўпроқ терсин деган мақсадда”.

Бу ўсмир билан суҳбатнинг тўла вариантини жума кечки, шанба эрталабки эшиттиришларимизда тингланг.

Ўзбекистон республикаси бош вазири болалар меҳнатини таъқиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолаганига икки ҳафта бўлди.

Қарорнинг кучи 10 кунга ҳам етмади.
XS
SM
MD
LG