Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:34

Маҳалла раислигига сайловлар ўтказилиши эълон қилинди


http://gdb.rferl.org/5BEA1167-743B-4BC3-B594-BEA99240D2B0_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/5BEA1167-743B-4BC3-B594-BEA99240D2B0_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон Олий Мажлиси сенати 2008 йил ноябр-декабрь ойларида маҳалла қўмиталари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди. Янги сайловнинг ўтказилиши 2006 йилда сайланган маҳалла қўмиталари раислари ваколатларининг якунлангани билан изоҳланади. 2006 йилда Ўзбекистонда 8843 та маҳалла раиси ва 84 минг 300 маслаҳатчи сайланган эди. Бу йил эса 9067 та маҳалла қўмитаси раиси сайланади. Бу сайлов жараёни қандай ўтказилади, унга тайёргарлик қай тарзда олиб борилмоқда?

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг маҳалла оқсоқоллари билан учрашувлар пайтида эътироф этишича, фуқаролик жамиятининг энг дастлабки босқичи бўлмиш бу тузилма президентнинг таянчи ва суянчидир.

“Сизларни асосий вазифаларингиз мана шу маҳаллага¸ халқимизга бош-қош бўлиш. Ҳаëтни мазмунини тушунтириш. Сизлар президентнинг суянчисизлар”¸ деган эди президент маҳалла оқсоқоллари билан учрашуви чоғида.

Президентнинг бундай эътирофидан сўнг маҳалла жамоасининг ички иши ҳисобланган маҳалла раисини сайлаш жараёнига матбуотда ҳам, ҳокимият тузилмаларида ҳам катта эътибор қаратилиши турган гап. Оддийгина маҳалла раисини сайлаш Ўзбекистон Олий мажлиси қарори билан амалга оширилиши ҳам, мамлакатда фуқаролик жамиятининг бу ячейкасига нақадар катта аҳамият берилаётгани исботидир. Шундоқ экан, бу жиддий жараёнга тайёргарлик қай тарзда ўтаётгани билан қизиқиб бир қатор ташкилотларга сим қоқдик. Бироқ, ҳайит байрами муносабати билан дам олаётган бўлсалар керак, бу ташкилотлар расмийлари билан боғлана олмадик.

Озодлик мухбири билан ҳамсуҳбат бўлган қашқадарёлик оқсоқол Исмоилжон Раҳматуллаев эса¸ Ўзбекистонда маҳалла қўмитаси раисини сайлаш ҳам маҳалла аҳли ихтиёридан ташқарида эканини айтди.

“Қонун бўйича ҳеч бўлмаганда 3¸ 4 кун олдин эълон қилиниши керак. Уйлардан вакиллар сайланиши керак¸ сайлов бўладиган кун белгиланиши керак. Охирги сайловда соат 2 да одамларни уйига кириб эълон қилиб соат 5 да мажлисни ўтказиб юборишган. “Сиз маҳалла раислигидан бўшадингиз¸ сиз эса бугундан маҳалла раисисиз” деб айтганлар холос. Шу билан мажлисга якун ясалган”.

Ўз овозини ёзиб олишимизни истамаган бир неча суҳбатдошларимиз ҳам қашқадарёлик оқсоқолнинг бу гапларини тасдиқладилар. Уларнинг айтишларича, одатда ҳокимият вакиллари маҳалла қўмитасига номзодни ўзлари таклиф қилиб, ўзлари сайлаб кетаверадилар. “Буни сайлов эмас, тайинлов деб атасак тўғри бўлади”, дейдилар суҳбатдошларимиз.

Тошкентлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев бундай кўринишни изоҳлар экан, мана буларни гапирди.

“Маҳалла раисини ким бўлишини ҳокимиятдан тайинлаб қўйишади. Ҳозирги сайловларни 100 фоиз¸ 99 фоиз ҳам эмас¸ 100 фоиз кўзбўямачилик билан ўтказишаяпти. Маҳалла оқсоқолларига ойликни тайинланиши ва озми¸ кўпми маълум миқдорда пул берила бошланиши билан маҳалла ҳукуматнинг фуқаролар устидан назорат қилиш органига айланиб қолган. Шунинг учун фуқаролар маҳалла раислигига сайлов бўладими¸ бўлмайдими олдиндан ҳаммасини билгани учун билганини қилсин деб юришибди”¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Айни пайтда президент Ислом Каримов маҳалла оқсоқоллари билан бўлган учрашуви чоғида¸ маҳалла жамият осойишталиги ва барқарор тараққиëти таянчи эканини ҳам эслатиб ўтди.

“Маҳалла бизни ҳаëтимизни асосий халқаси десак бўлади. Маҳалла тинч бўлса¸ маҳалла рози бўлса¸ маҳалла эртанги кунга ишонч билан қарайдиган бўлса¸ ўйлайманки жамиятимиз ҳам шундан куч-қувват топиб¸ жамиятимиз ҳам¸ давлатимиз ҳам янги-янги ютуқларга интилади”.

Бироқ, қашқадарёлик оқсоқол Исмоилжон Раҳматуллаев маҳалла қўмиталари президент айтиб ўтгани каби маҳалла аҳлининг умумий муаммоларини ҳал этишга қодир эмаслигини айтади.

“Мен уларга “Сизлар ҳозир учта масалани ижро қилаяпсизлар. Биринчиси катта келди¸ кичик келди бўлган пайтда кўчани супуриш. Иккинчиси молиядан берилган нафақаларни тақдим қилиш. Учинчиси жанжал чиқса¸ аралашиб қўшилиб турасизлар. Ишқилиб сизлар ҳеч қандай масала ҳал қилмайсизлар. Сизларда бирор масалани ҳал қилиш имконияти йўқ” деб айтиб¸ улар билан жанжаллашиб олдим”¸ деди Исмоилжон Раҳматуллаев.
XS
SM
MD
LG