Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:59

Латвия президенти расмий Тошкент учун энг азиз меҳмонлардан бири бўлди


Латвия президенти Валдис Затлерс
Латвия президенти Валдис Затлерс

2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга санкциялар жорий қилингач, Европа давлат раҳбарлари бу мамлакатга қадам босмай қўйган эдилар. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Латвия президенти Валдис Затлерс билан икки тарафлама иқтисодий муносабатлар масаласигина эмас, халқаро сиёсатга оид мавзуларда ҳам баҳс юритганлар.

Кузатувчилар фикрича, Европа Иттифоқи Латвия президенти Валдис Затлерсни минтақадаги энерготаъминотчи мамлакатлар билан муносабатларни яхшилаш мақсадида командировкага жўнатган. Сафар арафасида Латвия томони расмийлари “Грузия кризиси контекстидан келиб чиққан ҳолда, Европа Иттифоқини бугунги кунда кўпроқ энергетик хавфсизлик масаласи ўйлантирмоқда. Бу ўринда эса Жанубий Европага муқобил энергия экспорти манбаи бўлган Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар муҳим аҳамият касб этади”, деб билдирган эдилар.

Москвада нашр этиладиган “Независимая газета”нинг Оқсаройдаги манбаларга таяниб ёзишича, Латвия ва Ўзбекистон президентлари учрашувида Европа Иттифоқи томонидан 2005 йилда расмий Тошкентга нисбатан жорий этилган санкциялар масаласи ҳам муҳокама қилиниши кутилган эди. Негаки, 13-14 октябрь кунлари бу масала яна бир бор Европа Иттифоқининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинади. Бироқ, президентлар учрашувидан сўнг матбуотга берган суҳбатларида бу масала муҳокама қилинган ёки қилинмагани ҳақида аниқ маълумот бермадилар. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов музокаралар чоғида икки тарафлама иқтисодий алоқалар ва минтақа ҳамда халқаро даражадаги бир қатор масалалар муҳокама қилингани, муҳокама мавзуларининг деярли кўпчилиги борасида тарафлар позициялари бир-бирига мос келганини билдирди.

Айни пайтда айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Латвия билан иқтисодий ҳамкорлик қониқарли даражада экани билан мақтана олмайди. Масалан, Қозоғистонда Латвиянинг 44 та, Латвияда эса Қозоғистоннинг 33 та қўшма корхонаси фаолият юритади. Ўзбекистон эса Латвияга унча катта миқдорда бўлмаган пахта толаси сотиш билангина чекланади. Бироқ, шунга қарамай, Латвия президенти Валдис Затлерс “Мен таъкидламоқчиманки, Латвия Ўзбекистон билан анъанавий дўстлик алоқаларига эга. Ўзбекистон Латвиянинг муҳим ҳамкори эди ва муҳим ҳамкори бўлиб қолаверади”, деб билдирди.

Москвадаги МДҲ давлатларини ўрганиш институти ходими Андрей Грозиннинг матбуотга билдиришича, бундай дипломатик тавозелар “тарафлар бир-бирларининг кўнглига қўл солиб кўраётгани” белгисидир. Мутахассиснинг айтишича, минтақа давлатларига сафар бошлаган Латвия президенти олдидаги вазифалардан бири¸ Марказий Осиё ҳукуматларининг Грузия исёнчи ўлкалари масаласидаги аниқ муносабатларини ўрганишдир. Лекин Валдис Затлерс бу борада бирон аниқ жавоб билан Европадаги ҳамкасбларини хурсанд қила олмайдиган кўринади. Хабарларга кўра, президент Назарбоев бу масалада “Грузия биринчи бошлади”, деган жавобни айтган, президент Каримов эса музокаралар чоғида бу мавзуни усталик билан четлаб ўтган.

Айни пайтда Латвия президентининг “Ўзбекистон Латвиянинг муҳим ҳамкори эди ва муҳим ҳамкори бўлиб қолаверади”, деган баёноти расмий Тошкентда айрим умидларни уйғотиши мумкинми? Масалан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга оид санкциялари масаласи кўриладиган 13-14 октябрдаги анжуманида Латвия расмий Тошкентнинг мададкори бўла оладими? Бу саволга Латвия президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Андрес Пельш мана бундай жавоб берди:

“Албатта бу масала моҳияти санкцияларнинг қанчалик самарали эканидадир. Бу вазиятда келаси ҳафта Европа Иттифоқи кенгаши қандай қарор қабул қилса, Латвия умумий қарорга қўшилади. Мен ҳозир Латвиянинг бу масала юзасидан позициясини билдирмоқчи эмасман. Лекин умуман шуни айтмоқчиманки, Европа Андижон воқеаларига ўз қарашини билдириб бўлган. Айни пайтда эса, Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкциялар Европа Иттифоқи эришмоқчи бўлган мақсадларга ҳисса қўшяптими йўқми, ўйлаб кўриш вақти келди”, -деди Латвия президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Андрес Пельш.
XS
SM
MD
LG