Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:09

Солижон Абдураҳмонов тақдирига муносабатлар


Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жефф Гедмин қорақалпоғистонлик мустақил журналист, радиомизнинг собиқ мухбири Солижон Абдураҳмонов устидан чиқарилган суд ҳукмини кескин қоралади. Солижон Абдураҳмоновнинг адвокатлари, қатор халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан олинган маълумотлар ҳамда Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, Озодлик радиоси президенти Абдураҳмоновга нисбатан эълон қилинган айбловни “уюштирилган”, унинг устидан чиқарилган ҳукмни эса, “қонуннинг ўта қўпол бузилиши”, деб атади.

Жаноб Гедминнинг фикрича, Абдураҳмонов устидан чиқарилган ҳукм “Ўзбекистон ҳукумати эркин сўзнинг изини ҳам қуритиш йўлида ҳаракат қилаётганига яна бир далилдир”.

Солижон Абдураҳмоновнинг 10 йилга кесилишини, ҳукм эълон қилинган куниёқ бир қатор халқаро ташкилотлар кескин қоралади.

“Бу даҳшатли. Бир журналистни қилмаган айби учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ўта қўрқинчли. Мен яқин йиллар ичида журналистга бунчалар шафқатсиз жазо берилганини эслай олмайман”, дейди дунë бўйлаб матбуот вазиятини кузатиб борувчи “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти расмийси Элза Видал.

“Солижон устидан даҳшатли ҳукмнинг матбуотни либераллаштириш мавзуидаги семинар тугаши билан чиқарилиши, халқаро ноҳукумат ташкилотлар айтиб келган фикрни яна бир бор исбот қилди. Бу режим матбуот эркинлиги, сўз ва ифода эркинлиги ва умуман ислоҳотларни бир пулга олмайди. Ундан ўз сиëсатини ўзгартиришни кутиш гўлликдан бошқа нарса эмас”, дейди “Бўҳронларнинг олдини олиш” халқаро гуруҳининг матбуот бўйича директори Эндрю Штролайн.

Абдураҳмонов устидан чиқарилган ҳукмни у ҳамкорлик қилиб келган uznews.net сайти таҳририяти ҳам кескин қоралади.

10 октябрь кечки эшиттиришларимиз ҳавога кетаётган соатларда яна бир қатор халқаро ташкилотлар Абдураҳмонов устидан чиқарилган ҳукмга ўз муносабатини билдирди.

Халқаро Хьюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Игорь Воронцов Озодлик мухбири саволларига жавоб берар экан, Хьюман Райтс Уотч ташкилоти Солижон Абдураҳмоновни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукм ортида сиёсий мотивлар бор, деб ҳисоблашини билдирди.

“Айниқса, Ўзбекистон ҳукумати ўзини Европа Иттифоқи билан инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқот ўтказаётгандай қилиб кўрсатиб турган бир пайтда, Абдураҳмоновнинг узоқ муддатга қамалиши, мамлакат кучишлатар тизимларию танқиддан қўрқадиганларнинг барчаси ўзларининг жазосиз қолишига ишончи зўрлиги аломатидир. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилиш учун илгари сурган шартларни Ўзбекистон расмийлари масахаралаётганга ўхшаб кўринмоқда”, деди Хьюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Игорь Воронцов.

Гап шундаки, Солижон Абдураҳмонов устидан ҳукм Тошкентда Ўзбекистон ва ЕИ иттифоқлигида матбуот эркинлиги масаласида ўтказилган қўшма тадбирдан бир ҳафта ўтиб, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан жорий қилган санкцияларни қайта кўриб чиқишидан эса 4 кун аввал эълон қилинди.

Солижон Абдураҳмоновни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги суд ҳукмини бош қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш” ташкилоти ҳам кескин қоралади.

Ташкилот Ўзбекистон ҳукуматини Солижон Абдураҳмоновни зудлик билан, ҳеч қандай шартларсиз озодликка чиқаришга даъват қилган.

Суд ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган Солижон Абдураҳмонов нафақат мустақил журналист, балки инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳамдир.

У профессионал фаолияти учун қамалган ўзбекистонлик биринчи мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эмас.

“Мен фақат Андижон воқеаларидан кейинги даврни айтаман. Чунки олдинги даврда ҳукумат бизни одамларни ҳатто ўлдирган ҳам. Андижон воқеаларидан кейин бизни ташкилотдаги 16 киши устидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозир 9та аъзомиз қамоқхонада ëтибди. Мен Солижонни жуда яхши танийман. Биз жуда кўп марта учрашганмиз. Мени Солижон ҳақидаги фикрим қатъий. У жуда ҳам талантли, билимли ва виждонли. Мен буни у қамалгани учун айтаëтганим йўқ. У ҳақиқатда шунақа”, дейди маъмурлар таъқибидан қочиб, Ўзбекистонни тарк этган, ҳозирда Европа мамлакатларидан бири берган сиёсий бошпанада яшаётган, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов.

Демак, профессионал фаолияти учун қамалган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сафига яна бир аристон қўшилди.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 60 йиллигини кенг нишонламоқда.

“Интерфакс” ахборот агентлигининг 10 октябрь кунги хабарига қараганда, Вазирлар маҳкамаси инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилган.
XS
SM
MD
LG