Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:43

Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар мунтазам давом этаëтир


Айни пайтда Навоий вилоятидаги қамоқхонада сақланаётган 22 ёшли маҳбус Акбар Алимбековнинг онаси Хосият Алимбекова ўз ўғлига нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида хабар қилади. Кузатувларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқлар мунтазам давом этаётир. Ҳуқуқ фаоллари маҳбусларга жисмоний қийноқлар билан биргаликда руҳий қийноқлар ҳам қўлланиши ҳақида айтадилар.

Тошкентлик Акбар Алимбеков бундан тўрт йил аввал 18 ёшида ҳисбга олинганди. Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди қарорига кўра, Акбар Алимбеков товламачилик ва ўғирликда айбланиб, саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳозирда у Навоий қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётир. Яқинда унинг онаси Хосият Алимбекова қамоқхонага бориб, ўғли билан учрашиб қайтди. Хосият Алимбекованинг Озодликка билдиришича, қамоқхонада ўғлига нисбатан қийноқ қўлланилмоқда.

“7 октябр куни мен бордим. 1 ой карантин экан. Карантинда ўтирган болани қандай асосда калтаклашади? Болам бечора мени қучоқлаб шунчалик йиғладики. Болам шунчалик қўрқиб қолган. “Мени тўхтовсиз беш кун мобайнида калтаклашди. Оëқларим шишиб, юра олмай қолдим” деди. Мен агар шуни ўз кўзим билан кўрмаганимда бу нарсаларни ëзмас эдим. Ҳеч қаерда ҳеч гап йўқ ҳар куни бола бечорани ташқарига чиқариб дабдаласи чиққунча урар экан. Нима учун уришади? Бундай қилишга кимни ҳаққи бор?”


Хосият Алимбекова ўғлининг аҳволи бўйича Навоий қамоқхонаси маъмуриятига шикоят қилган.

“Мен 29 зонани бошлиғи Шариповни олдига кирдим. Мен унга “Нима учун болани урдинглар?” дедим. Биласизми Шарипов менга нима деди: “Бизни мактабда хивичлаб уриб ўқитган. Буларни ҳам биз уришимиз керак” дейди. “Бу нима деганингиз? Сизни қамоқда ўтирган болани уришга ҳаққингиз йўқ” дедим. Мен унга ҳамма нарсани тўғридан-тўғри айтдим. Республика бош прокурорига, ИИВга, президентга ëздим. Халқаро қизил хоч қўмитасига бордим. Жазони ижро этиш бош бошқармасининг бошлиқ ўринбосарини олдига кирдим”.

Хосият Алимбековага кўра, ҳозирча бирорта ҳам мурожаатига жавоб олмаган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева ташколот Акбар Алимбеков билан боғлиқ ҳолатдан яхши хабардорлигини айтади.

“Биз Акбар Алимбековга нисбатан қийноқларни тўхтатиш ҳақидаги талаб билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга, Бош прокурорга, Ички ишлар вазирлигига хат жўнатганмиз. Яқин кунларда Навоий колониясидаги қийноқларни тўхтатиш учун Тошкент шаҳрида пикет ўтказишни мўлжаллаяпмиз. Чунки, қийноқлар масаласида жуда кўплаб шикоятлар бўляпти”, дейди ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.

Тошкентлик 14 ёшли собиқ маҳбус Шерзод Ҳайитматов ҳам орган ходимлари томонидан қийноқларга учрагани ҳақида Озодликка маълум қилган.

“Мени милициялар урди. Оëғимга тепишди. Дубинка билан орқа томонимга уришди. Кейин шаҳар ИИБсига олиб бориб у ерда ҳам уришди. Шу билан кейин Тоштурмага олиб кетишди. Тоштурмада ҳам роса уришди”.

Айни пайтда Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган диссидент шоир ва мухолифатчи Юсуф Жумага нисбатан ҳам қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида гапиради унинг қизи Феруза Жумаева.

“Президентимизни душманисан деб дадамни шафқатсиз равишда дўппослаганлар. Кўкракларини устига урганидан кўкраклари шишиб кетган. Қовурғалари синиб, бошлари ғурра бўлиб кетган. Оëқларини остига соатлаб дубинка билан уриб кейин оëқларини устида ўтирғизиб қўйишаркан”.

Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш, таъқиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланиб 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда Андижондаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 33 ёшли Шерзод Ҳакимовга нисбатан ҳам доимий равишда қийноқлар қўлланиб келинаётгани ҳақида хабар қилади унинг онаси Лола Ҳакимова.

“Уриб оëғини шол қилиб қўйишибди. Орқаларига дубинка билан уриб шилиб юборишибди. Ҳозир ўғлимни оëғи ишламаяпти”.

Ўзбекистон қамоқхоналарининг матбуот учун ёпиқ ҳудуд эканлиги кўпчиликка маълум. Шу боис ҳам мамлакат қамоқхоналаридаги аҳвол юзасидан мутасаддилардан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон қамоқҳоналаридаги қийноқлар бўйича мониторинг ўтказаётган ҳуқуқ фаолларига кўра, уларнинг қийноқлар борасидаги чиқишлари маҳаллий ва халқаро ташкилотлар томонидан деярли эътиборсиз қолдирилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса мамлакатда қийноқлар қўлланилишини ҳар доим инкор қилиб келади.
XS
SM
MD
LG