Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:53

Аъзам Турғунов 10 йилга озодликдан маҳрум этилди


http://gdb.rferl.org/6BE2211B-1DD6-4345-B4F9-86D21E3C6265_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/6BE2211B-1DD6-4345-B4F9-86D21E3C6265_mw800_mh600.jpg 23 октябр куни Қорақалпоғистоннинг Амударё туман судида ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Аъзам Турғуновни 10 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилиш бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукмига кўра, Аъзам Турғунов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165 – моддаси яъни товламачилик банди бўйича айбдор деб топилди. Ҳуқуқ фаоли жорий йилнинг 11 июль куни нукуслик бир фуқародан 20 миллион сўм пора талаб қилганликда гумон қилиниб ҳибсга олинганди.

Аъзам Турғуновнинг ҳибсга олинганига 105 кун тўлган куни Амударё туман суди ҳуқуқ фаолини ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда унинг жамоатчи ҳимоячиси Робия Ўтамуродова Озодликка маълум қилди.

“Судя ҳукмни ўқиди ва уни 10 йилга озодликдан маҳрум этди. У 165 модданинг "а" ва "б" бандлари билан айбланаëтган эди. Судя "б" бандини олиб ташлади ва "а" банд билан 10 йил берди”.

Робия Ўтамуродовага кўра, маҳкама жараёнида Аъзам Турғуновга сўнгги сўз берилганда у ўзининг айбсизлигини ва ҳибсга олинишини касбий фаолияти туфайли ҳукумат томонидан уюштирилганлигини айтган.

“Аъзам ака инкор қилиб бўлмайдиган далиллар билан шунақа гапириб қўйдики, у кишининг гапларини ëлғон дейишнинг умуман иложи йўқ. Аъзам ака ўзларига нисбатан Тошкент ва Наманганда уюштирилган провакацияларни, 2008 йилнинг қишида Нукус шаҳар прокуратурасида у кишини уриб, костюмларини дабдала қилиб, йиртиб ташлаганликлари ҳақида гапириб бердилар”.

Аъзам Турғунов қорақалпоғистонлик бир аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган пайти жавобгар томондан ишни тўхтатиш учун 20 миллион сўм миқдоридаги пора олишга ҳаракат қилган вақтида қўлга олинганлиги таъкидланади. Ҳуқуқ фаолининг адвокати Рустам Тўлагановга кўра, Аъзам Турғунов сохта жиноятда айбланган. Рустам Тўлаганов суд ҳукмига норозилик билдириб, апелляция тартибида шикоят аризаси ёзиш тараддудида. Лекин у апелляция тартибидаги аризанинг тақдири ҳам ижобий бўлишига ишонмаслигини айтади.

“Ўзи 10 йил берадиган жойини ўзи йўқ эди. Солижон Абдураҳмоновга ҳам, Аъзам акага ҳам 10 йилдан берди. Апелляцини ўтказиб дарров иккаласини ҳам олий судга олиб чиқиш керак. Буни Қорақалпоғистонда қилиш фойдасиз. Олдин ўша поғонадан ўтиш керак. Апелляциядан кейин анча осонлашади. Олий судда ҳал бўлиши мумкин”.

Аъзам Турғунов кейинги пайтларда Қорақалпоғистондаги бир қатор судларда жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашиб ғолиб чиқаётганди. Унинг сафдошлари ва ҳамкасблари айни шу каби ҳолатлар боис ҳуқуқ фаоли сохта жиноятда айбланганини таъкидлашади.

Маҳкама жараёнини бевосита кузатган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова ҳам Аъзам Турғунов уюштирилган жиноят қурбони бўлганлигини таъкидлайди.

“Бу судга бир баҳо йўқ. Бу суд бўлагни йўқ шунчаки бир спектакль бўлди. Аъзам Турғуновни у ердан оқлаб чиқармасликларига кўзим етарди. Чунки Аъзам Турғуновни чиқариш учун қамашгани йўқ. Нима баҳона қилиб бўлса ҳам Аъзам Турғуновни барибир қамашар эди. Бу унинг инсон ҳуқуқлари ва сиëсий фаолиятига боғлиқ нарсалар. Фақат шунинг учунгина бугун Аъзам Турғунов қамоқхонада. Бу судлардан ҳам юқори бир суд бор. Бугун мени жуда юрагим ачиди. Мен Аъзам акани иродали инсон эканлигини аниқ биламан. Бу кўргиликларни ҳаммасини матонат билан енгиб чиқишига ишонаман. Лекин бу барибир инсонни умрику. Менга алам қилгани санкцияларни бекор қилиниб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ижобий ўзгаришлар бор деган гапни ортидан бу ҳукмни чиқиши. Санкцияларни олишга қўл кўтарганларга ва инсон ҳуқуқлари декларациясини байрам қилаëтганларга яна битта совға бўлади бу”.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Аъзам Турғуновга нисбатан ўн йиллик қамоқ жазоси берилишини адолатсизлик деб ҳисоблайди.

“10 йил бериш бу адолатсизлик. Бу ҳозир бутун Ўзбекистонда фақат Аъзам Турғунов эмас, диний эътиқод бўйича дейсизми, ҳуқуқ ҳимоячилари дейсизми, журналистлар дейсизми ҳаммасидан бор. Бу жуда минглаб бўлиб кетди. Бунга қачондир нуқта қўйиш керак. Бунга қачондир кимлардир жавоб бериши керак. Ўйлайманки, вақти келиб бу нарса учун кимлардир жавобгарликка тортилади”.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари ва мухолифатдаги “Эрк” партияси аъзоси Аъзам Турғунов аввал ҳам товламачиликда айбланиб, икки йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққан. Эндиликда рецидивист сифатида унга нисбатан қийноқлар қўлланилишидан хавотир билдиради унинг сафдошлари.
XS
SM
MD
LG