Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:08

Ўзбекистонда ойликлар яна ошди...


Ўзбекистонликлар ҳали ошган ойликни қўлга олмай туриб¸ бозордаги нархлар ҳакалак отиб улгурди.
Ўзбекистонликлар ҳали ошган ойликни қўлга олмай туриб¸ бозордаги нархлар ҳакалак отиб улгурди.

Ўзбекистон президентининг 22 октябрдаги фармонига мувофиқ, 16 ноябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ишчи-хизматчиларининг ойлик маошлари, нафақа ва стипендиялар миқдори 12 фоиз оширилади. Бу жорий йилда Ўзбекистон президентиниг айни кўринишдаги учинчи фармонидир. Аҳолининг турмуш даражасини кўтариш мақсадидаги ушбу фармонлар аксинча иқтисодий муаммоларнинг кўпайишига сабаб бўлаётгани кузатилади.

Ҳар ойлик маошлари ошганда Ўзбекистон телеканали орқали аҳолига маълум қилинади.

Бу янгилик деярли ҳеч кимни хурсанд қилмайди¸ дейди самарқандлик Комилжон Ашуров.

“Бу ошди деб эълон қилинади. Аммо у бир ойдан кейин ë қўлга тегади ë тегмайди. Эълон қилинган кунни эртасига бозорлар ўша нархга тўғирлаб қўяди. Ошган пулни қўлга олгунча ҳаммаси кетиб бўлади”.

Аҳоли ойлик маошлари ошганлигидан хурсанд бўлмасада, хукумат айни тадбирдан фақат аҳоли фойдаси кўзланаётганини таъкидлайди.

Айнан аҳолининг турмуш даражасини кўтариш мақсадида экани айтилаётган бу каби фармонлар жорий йилда уч бора эълон қилинди. Яъни дастлаб 1 апрелдан, кейинчалик 1 сентябрдан ойлик маошлари оширилди. Ўзбекистон президентининг янги фармонига кўра, 2008 йилнинг 16 ноябридан иш ҳақи, пенсиялар, степендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдори ўрта ҳисобда яна 12 фоизга оширилади.

“2008 йил 16 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи ойига 28040 сўм¸ ëшга доир пенсиялар ойига 55550 сўм¸ ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич нолинчи разряд ойига 28040 сўм¸ болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа ойига 55550 сўм¸ зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ëшдаги ва меҳнатга лаëқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 33645 сўм миқдорида белгилансин”.

Ўзбекистонда ойлик маошлари оширилиши баробарида нарх навонинг ҳам кескин кўтарилиши кузатилади. Сўнгги бор ойлик маошлари 1 сентябрдан оширилган бўлса¸ октябр ойи ўзбекистонликлар учун нарх навонинг ошиши ҳақидаги хабарлар билан тўла бўлди. 1 октябрдан бошлаб табиий газ учун тўловлар нархи 20 фоизга, иссиқ ва совуқ сув нархлари ҳамда иситиш хизматлари учун тўловлар 15 фоизга оширилди. 6 октябрдан бошлаб эса нон 20 фоизга қимматлаб, ўртача навли буханка нонининг давлат нархи 300 сўм қилиб белгиланди.

Сал аввал эса бензин нархи кўтарилганди. 15 октябрдан бошлаб Тошкентда йўл кира нархлари оширилиб автобус, троллейбус, трамвай ва метро учун йўл кира 350 сўм қилиб белгиланди. Бозордаги нарх наво эса икки¸ уч баробар қимматлаб кетганлиги кузатилди.

Эндиликда ҳам шу каби ҳолат кузатилиши мумкинлигини айтади ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев.

“Инфляцини ўзи ҳамма нарсани еб кетаяпти. У фойда эмас баттар зарар бўлаяпти. Ҳали ҳеч қачон оширилган ойлик фойдага юрмаган”.

Кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, Ўзбекистонда ойлик маошлари ҳисобига кун кўриш мумкин эмас.

“Ойликлар оширилиши билан ҳаммамизга тушунарлики¸ нарх-наволар 10 баробар ошиб кетади. Ойлик оширилиши ҳам нисбий. Ошган миқдордаги ойлик ҳам халқаро меъëрлардан анча паст”.

Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш учун ойликларни ошириш эмас, балки аҳолига иқтисодий эркинлик бериш лозим, акс ҳолда аҳолининг қашшоқлик даражаси ошиб бораверади.

Шу ўринда жорий йилнинг 18 июл куни Вазирлар маҳкамасида сўзлаган нутқида Президент Ислом Каримов сентябр ойидан бошлаб, Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 221 АҚШ долларига етишини ваъда қилганлигини эслаш жоиз. Ҳозирча бирор жойда шунча миқдорда ўртача ойлик ҳақи белгилангани тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганича йўқ. Бизга маълум бўлгани фақат энг кам иш ҳақи холос. Яъни энг кам иш ҳақи тахминан 20 АҚШ доллари миқдорида.
XS
SM
MD
LG