Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 04:15

АҚШ ҳуқуқ фаолларини озод қилишга чақирди


AҚШ Давлат департаменти мулозими Шон МакКормак матбуот брифинги чоғида.Октябр¸ 2008 йил.
AҚШ Давлат департаменти мулозими Шон МакКормак матбуот брифинги чоғида.Октябр¸ 2008 йил.
АҚШ давлат департаменти матбуот вакили Шон МакКормак ўз баёнотида октябр ойида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист Солижон Абдураҳмонов ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғунов устидан кечган маҳкама жараёнларидаги нуқсонлар ва тутқунларга қийноқ қўлланилганига оид хабарлар юзасидан хавотир билдирди.

Шунингдек Вашингтон мулозими АҚШнинг Ўзбекистондаги суд жараёнлари, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ умумий вазият борасида ҳам жиддий ташвишда эканини таъкидлади.

АҚШ давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги борасида анчадан буён бундай кескин баёнот қилмаган эди.

27 октябр куни эълон қилинган бу баёнот мамлакатдаги аянчли вазият АҚШ ҳукуматини бефарқ қолдирмаётгани ифодаси сифатида кўрилмоқда.

АҚШ нинг кескин баёнот билан чиқишига 23 октябр куни таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг, 10 октярб куни эса мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновнинг уюштирилган айбловлар билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани сабаб бўлди.

“Ишончли манбаълар дастлабки тергов давомида Аъзам Турғуновнинг қайноқ сув билан қийноққа солингани ва унга жиддий шикаст етганини маълум қилди. 10 октярб куни эса гиёҳванд моддалар сотганликда айбланган мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов ҳам 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Иккала маҳкама жараёнидаги камчиликлар ва қийноқ иддаоларидан ҳафсаламиз қаттиқ пир бўлди” – дейилади Мак Кормак баёнотида.

Айни пайтда¸ АҚШ дипломатик идораси сентябр охири ва октябр бошларида протестант Айирмурод Қайбураҳмоновга қарши илгари сурилган диний экстремизм айбловларининг бекор қилингани¸ ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари Дилмурод Муҳиддинов ва Мамаражаб Назаровларнинг қамоқдан озод этилганини олқишлади.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси мулозими Кэрол Фаҳардо Қўшма Штатлари мана шу жараённинг давом этишига умид қилишини билдирди.

“Фикримизча, умуман олганда Ўзбекистон ҳукуматининг бу каби муаммоларни ҳал этиш нияти бор.Бу жараёнлар давом этишига умид қиламиз¸” – деди АҚШ элчихонаси расмийси.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматини Турғунов ва Абдураҳмонов билан бирга қамоқда қолаётган барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини дарҳол озод қилишга чақирди.
Қолаверса¸ Ўзбекистон ҳукуматини мустақил журналистлар учун таъқиб ва жазодан қўрқмасдан ишлаш имконини беришга даъват этган Америка томони расмий Тошкентга инсон ҳуқуқлари борасида ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини яна бир бор ҳақида эслатиб ўтди.

Мустақил халқаро гуруҳларга кўра, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг ёмонлашуви жорий ой Европа Иттифоқининг Андижон воқеалари сабабли Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий этган санкцияларни юмшатгани билан боғлиқ.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел сўнгги ҳодисалар Европа Иттифоқини ҳам ташвишга солганини билдирди.

“Биз АҚШ томони билан яқиндан ҳамкорликда ишлаб келмоқдамиз. Улар инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариб чиқаётган экан, бу борадаги бизнинг ҳаракатларимиз уларникидан фарқ қилмайди.” – деди жаноб Морел.

Бир неча ҳафтадан сўнг АҚШ да бўлиб ўтадиган президентлик сайловидан кейин анъанага кўра, АҚШ Давлат департаменти раҳбариятида ҳам жиддий ўзгаришлар бўлиши кутиляпти. Шон МакКормакнинг ушбу баёноти жорий маъмуриятнинг Ўзбекистондаги аҳвол борасида билдирган энг сўнгги баёноти бўлиши мумкин.

“Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи” нинг вакили Эндрю Стролайн: Жорий маъмуриятнинг жилла қурса кетишидан аввал бундай позицияни эгаллагани маъқулдир” - дейди.

“Уларнинг Ўзбекистондаги вазият ўзгаришсиз қолаётганини англагани олқишга сазовордир. Буш маъмурияти жилла қурса Тошкент режимини тўғри иш қилишга чақирмоқда. Бундай чақириқларнинг тез-тез¸ айниқса Германия томонидан қилинишига умид қилиб қоламиз¸”- дейди Стролайн, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисини ўз мамлакатида меҳмон қилаётган Германияга ишорат қилиб.


XS
SM
MD
LG