Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:29

Ўзаро "савдолашув" давом этмоқда


Ғарб ҳуқуқ ҳимоячилари “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров тақдиридан жиддий хавотирдалар.
Ғарб ҳуқуқ ҳимоячилари “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаров тақдиридан жиддий хавотирдалар.

Қароргоҳи Германияда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Халқаро котибияти Ўзбекистон президенти номига хат йўллади. Ташкилот ўз аъзолари Мўътабар Тожибоева ҳамда сиёсий маҳбус Аҳмаджон Одиловнинг озод этилганини олқишлаб, Тошкентни “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси лидери Санжар Умаровни ҳам озод этишга чақирган.

Шу билан бирга Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти соҳасидаги айрим ислоҳотлар бораётганини эътироф этган.

Oзодлик ушбу чақириқ ортидан ташкилот расмийси Ван Зидлер хоним билан суҳбатлашди.

- Зидлер хоним, ташкилотингиз Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга йўллаган мактубида Ўзбекистон ҳукуматини “Серқуёш Ўзбекистоним” коалициясининг қамоқда ётган лидери Санжар Умаровни зудликда озод этишга чақирмоқда. Бундай чақириқнинг айнан бугун янграшига сабаб нима?

“Бундан асосий мақсад, жаноб Умаровнинг ҳаётини сақлаб қолишдир. Сабаби биз Ўзбекистондан олган хабарларга қараганда, Умаровнинг соғлиги жуда хавотирли аҳволга тушган. Унга нисбатан муносабатда бироз яхшиланиш бўлган эди. Яъни, уни бир қамоқхонадан иккинчисига кўчириб, бироз даволашган эди. Бироқ, ҳозирга келиб бу даволаниш унга етарлими ёхуд энди кечми, бизга номаълум. Шундай оғир вазиятда унинг ҳолидан сўзламаслик ва унинг озод этилиши учун ҳаракат қилмаслик жиноят бўлар эди”.

- Зидлер хоним, ташкилотингиз президент Каримовга йўллаган мактубда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти соҳасидаги айрим ислоҳотлар бораётгани ва буни халқаро жамоатчилик қувватлаётгани айтилади. Қандай ислоҳотлар ҳақида гап бормоқда?

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари яхшиланиши томон дастлабки қадамлар, дастлабки кичик қадамлар ташланди, бизнингча. Хусусан, бир қанча сиёсий маҳбуслар озод этилди ва ҳуқуқ-тартибот идоралари соҳасида айрим яхши ўзгаришлар бўлди. Жумладан, Мўътабар Тожибоева озод этилди ва у¸ ваниҳоят¸ даволаниш учун Ғарбга боришга ҳам муваффақ бўлди. Албатта, бу ҳали жуда оз ва бизнинг мақсадимиз янада яхшироқ натижаларга эришиш йўлида Ўзбекистон ҳукуматига хайрли ишлар томон туртки беришдир”

- Ўз мактубида Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти ташкилот аъзоси Мўътабар Тожибоева ҳамда 20 йилдан ортиқ қамоқда ўтирган сиёсий маҳбус Аҳмаджон Одиловнинг озод этилганини олқишламоқда. Фикрингизча, бу сиз каби халқаро ташкилотлар босими остида ташланган қадамми ёки ҳозир танқид қилинаётгани каби, Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарб билан ўзаро савдоси натижасими?

“Фикримча, ҳар икки ҳолат ҳам сабаб бўлиши мумкин. Лекин, халқаро ташкилотлар йиллар давомида қамоқда ётган сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини қанчалик кўп талаб қилса, шунчалик кўпроқ натижаларга эришиш мумкин. Боиси, ҳар қандай давлат бундай чақириқларни инобатга олишга мажбур. Ҳар бир ҳукумат демократик давлатлар билан яхши муносабатда бўлишни истайди. Фақатгина биз мулоқотлар чоғида озод этилиши керак бўлган барча сиёсий маҳбусларнинг номини конкрет тилга олишимиз керак. Модомики, бу шахслар гапира олмаётган экан, улар учун биз гапиришимиз керак”.

XS
SM
MD
LG