Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:45

ЕИ Ўзбекистонга ëндашувини яна ўзгартириши мумкин


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг ЕИ нинг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Хавъер Солана билан сўнгги учрашувида томонлар ижобий келишувга келгандек кўринган эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг ЕИ нинг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Хавъер Солана билан сўнгги учрашувида томонлар ижобий келишувга келгандек кўринган эди.

Европа Иттифоқи мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани борасида хавотир изҳор этиб, уларнинг яқин фурсатда озод этилишига умид билдирди.

27 октябр куни эса, АҚШ давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматини қамоқда қолаётган барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини дарҳол озод қилиш ҳамда мустақил журналистлар учун таъқиб ва жазодан қўрқмасдан ишлаш имкониятини беришга чақирган эди.

Европа Иттифоқи расмийси бу баёнотлар мамлакатда ёмонлашиб бораётган инсон ҳуқуқлари вазиятига жавобан қилинганини айтди.

“Вазиятнинг бундай давом этиши эса, Иттифоқнинг Ўзбекистонга нисбатан позициясини ўзгартиришига ва ҳатто санкцияларнинг қайта жорий этилишига сабаб бўлиши мумкин¸” – деди Европа Иттифоқи расмийси.

Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновнинг узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилишлари оқибатлари ҳақида Ўзбекистон ҳукумати маҳкама жараёнлари давомида огоҳлантирилган эди. Расмий Тошкент бу огоҳлантирувларни ўз ички ишларига аралашув сифитида талқин қилиб, иккала судланувчига имкони борича қаттиқ жазо тайинлади ва яна Ғарб давлатлари билан муносабатларни кескинлаштириш йўлини танлади.

Аввалига анчадан буён Ўзбекистондаги вазият борасида сукут сақлаб келган АҚШ давлат департаменти кескин баёнот билан чиқди.

АҚШ давлат департаментининг матбуот вакили Шон МакКормак Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги суд жараёнлари, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ умумий вазият борасида жиддий хавотирда эканини таъкидлади.

Кетидан Европа Иттифоқи ҳам Ўзбекистон ҳукуматини Аъзам Турғуновнинг ҳибсда қийноққа солингани ҳамда иккала маҳкама жараёнининг адолатсиз ўтказилгани борасидаги даъволарни текшириб кўришга чақирди.

“Инсон ҳуқуқларига риоя этиш масаласида Ўзбекистон ҳукуматига ўз позициямизни билдириш биз учун ҳам қарз¸ҳам фарздир” – деди ЕИ га раислик қилаётган Франция ҳукумати матбуот вакили Марин Де Карне.

“Агар вазият ёмонлашишда давом этса, биз Ўзбекистонга қарши санкцияларни қайта жорий этишга тайёрмиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматини рағбатлантириб санкцияларни юмшатганимизда, улардан инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланишини кутган эдик. Вазият яхшиланмаса ўз позициямизни қайта кўриб чиқишимиз мумкинлигини улар ҳам англайди¸” – деди Европа Иттифоқи расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон томони ҳам бундай сценарий эҳтимолларини англаётганини кўрсатишга уринди.
Европа Иттифоқи ва АҚШ баёнотларида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Дилмурод Муҳиддинов ва Мамаражаб Назаровларнинг озод этилгани олқишланади. Уларнинг озод этилиши ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари масаласида музокаралар курсисига қайтиши эвазига Европа Иттифоқи Ўзбекистонга мисли кўрилмаган даражада ён босишга мажбур бўлди.

Андижон қирғинига масъул айрим Ўзбекистон расмийларига қарши виза таъқиқининг бекор қилиниши арафасида мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов уюштирилган айбловлар билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Сўнг Германия ҳукумати Андижон воқеаларига жавобгарлардан бири Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовни ўз мамлакатида меҳмон қилиб турган бир пайтда Аъзам Турғуновга 10 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Бундай вазиятда¸ “Ҳюман Райтс Уотч” ташкилотининг Берлиндаги директори Мариана Хюаген, Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан қолган ишончнинг ҳам ўлиб бораётганини айтади.

“Халқаро муносабатларда бирор нарсага эришиш нияти бўлса томонлар бир-бирига ишониши керак. Лекин Ўзбекистон ҳукумати ўзининг Европа Иттифоқи ишончига лойиқлигини ҳали исботлаши керак”- деди “Ҳюман Райтс Уотч” вакили.

Ўзаро ишонч масаласи ўртага чиқаётган бир пайтда Ғарбнинг Ўзбекистон ҳукуматига эътирози аста-секин бир нафар журналист ва яна бир инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг қамалиши доирасидан ташқарига чиқа бошлаëтир.

Таҳлилчиларга кўра¸ санкцияларни юмшатганидан сўнг Европа Иттифоқи ўзининг Ўзбекистонга таъсир ўтказиш имкониятини чеклади. Бироқ аслида Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан ҳали алоқа қилишни бошламаганини ҳам эътибордан соқит қилиш керак эмас¸деган фикрда мустақил кузатувчилар.

“Ҳюман Райт Уотч” ташкилотининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Игорь Воронцов фикрича, Европа Иттифоқи позициясининг ўзгариши Ўзбекистон учун анча оғриқли кечиши мумкин.

“Ўзбекистон ва Ғарб давлатлари ўртасида иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий соҳада икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларнинг имкониятлари биз ўйлаганимиздан кўпроқ бўлиши мумкин. Ғарб ҳали бу воситаларини ишга солиб¸ Ўзбекистонга босим қилгани йўқ. Бошқа томондан Ўзбекистон ҳукумати ҳам Шимолий Кореяга ўхшаб изоляцияда қолишни истамайди. Шунинг учун расмий Тошкентга Ғарб чақириқларини эътиборсиз қолдирмасликни тавсия қилган бўлардим¸” – дейди бу таҳлилчи.




XS
SM
MD
LG