Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:56

"Озодлик"даги 7 кун: Ўзбекистон ҳафта ичида


Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни юмшатганига қарамай, мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятда ижобий ўзгаришлар ҳамон сезилмаяпти. Ўтган ҳафта содир бўлган воқеалар шундан далолат беради.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ЕХҲТга яна бир мурожаат йўллади

Маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашларича, ЕХҲТ бугун ўзбекистонлик болаларнинг пахта далаларида эксплуатация қилинаётганини ё кўрмаяпти, ëки кўраётган бўлса ҳам, ўзини кўрмаганга солмоқда.

- Ўзбекистон ЕХҲТнинг аъзосидир. Яқинда бу ташкилотнинг Варшавада бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон ҳукумати вакили қатнашиб, мамлакатда бола меҳнатига чек қўйилганлиги ҳақида гапирди. Лекин бу ёлғон. Шунинг учун ҳам биз бу нуфузли ташкилотнинг эътиборини яна бир бор бу муаммога қаратишга ҳаракат қилдик, - дейди Альянс фаолларидан бири Елена Урлаева.

ЕИ Ўзбекистонга ëндошувини яна ўзгартириши мумкин

Европа Иттифоқи мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани борасида хавотир изҳор этиб, уларнинг яқин фурсатда озод этилишига умид билдирди.

27 октябр куни эса АҚШ давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматини қамоқда қолаётган барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини дарҳол озод қилиш ҳамда мустақил журналистлар учун таъқиб ва жазодан қўрқмасдан ишлаш имкониятини яратишга чақирган эди.

Европа Иттифоқи расмийси бу баёнотлар мамлакатда ёмонлашиб бораётган инсон ҳуқуқлари вазиятига жавобан қилинганини айтди.

- Вазиятнинг бундай давом этиши эса Иттифоқнинг Ўзбекистонга нисбатан позициясини ўзгартиришига ва ҳатто санкцияларнинг қайта жорий этилишига сабаб бўлиши мумкин¸ – деди Европа Иттифоқи расмийси.

ҲРУ: “Иноятовнинг Берлинга келгани Германия учун шармандаликдир!”

“Германия ҳукумати Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарини Берлинга таклиф этмаслиги керак эди”¸ - дея баëнот берди Хьюман Райтс Уотч (Human Rights Watch) инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

“Ўзбекистонда давом этаëтган инсон ҳуқуқлари топталиши ва журналистларга қарши репрессиялар устида турган шахснинг Германияга келиши Берлин ҳукумати учун шармандаликдир”, - дейилади ташкилот баёнотида.

Аввал хабар берганимиздек, Европа Иттифоқининг қора рўйхатида бўлиб келган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов ўтган ҳафта амалий сафар билан Берлинга келди.

Ўзбекистон бош "МХХ"чисининг Германияга сафари Европа Иттифоқи 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда содир бўлган хунрезликка масъул деб кўрилмиш 12 ўзбек расмийсига белгиланган виза таъқиқини бекор қилганидан ўн кун ўтиб амалга ошди.

АҚШ ҳуқуқ фаолларини озод қилишга чақирди

АҚШ давлат департаменти матбуот вакили Шон МакКормак ўз баёнотида октябр ойида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист Солижон Абдураҳмонов ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғунов устидан кечган маҳкама жараёнларидаги нуқсонлар ва тутқунларга қийноқ қўлланилганига оид хабарлар юзасидан хавотир билдирди.

Шунингдек, Вашингтон мулозими АҚШнинг Ўзбекистондаги суд жараёнлари, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ умумий вазият борасида ҳам жиддий ташвишда эканини таъкидлади.

АҚШ давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги борасида анчадан буён бундай кескин баёнот қилмаган эди.

27 октябр куни эълон қилинган бу баёнот мамлакатдаги аянчли вазият АҚШ ҳукуматини бефарқ қолдирмаётгани ифодаси сифатида кўрилмоқда.

Ўзаро "савдолашув" давом этмоқда

Қароргоҳи Германияда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Халқаро котибияти Ўзбекистон президенти номига хат йўллади. Ташкилот ўз аъзолари Мўътабар Тожибоева ҳамда сиёсий маҳбус Аҳмаджон Одиловнинг озод этилганини олқишлаб, Тошкентни “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси лидери Санжар Умаровни ҳам озод этишга чақирган.

Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти соҳасида айрим ислоҳотлар бораётганини эътироф этган.

XS
SM
MD
LG