Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:02

Муҳаммад Бекжоннинг аҳволи оғир


Муҳаммад Бекжон тутқунликдан қачон чиқиши ноаëн қолаëтган сиëсий маҳбуслардан биридир.
Муҳаммад Бекжон тутқунликдан қачон чиқиши ноаëн қолаëтган сиëсий маҳбуслардан биридир.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар қарийб ўн йилдан буён қамоқхонада сақланаётган сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон соғлиги хусусида хавотир билдирмоқдалар.

“Маҳбусда сил асоратлари кучайган”

Ўзбекистондаги виждон тутқинларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозов айни пайтда Қашқадарё вилоятидаги Косон қамоқхонасида сақланаётган 52 ёшли Муҳаммад Бекжоннинг соғлиги ўта оғирлиги, маҳбусда сил касали асоратлари кучайганини маълум қилди.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов Муҳаммад Бекжонга сил касаллиги атайин юқтирилганлигини тахмин қилади.

- Муҳаммад Бекжон кўпдан касал ва аҳволи ëмон. Қамоқдагиларнинг ичида аҳволи энг ëмони шу бўлса керак. унга сил касали махсус юқтирилган, - деди Отаназар Орипов.

Ўзбекистондаги қамоқхоналарнинг матбуот учун ёпиқ ҳудуд эканлиги кўпчиликка маълум. Айни шу боис Косон қамоқхонасидаги Муҳаммад Бекжоннинг аҳволи бўйича қамоқхона маъмуриятидан маълумот олишнинг имкони йўқ.

Муҳаммад Бекжон 1999 йилнинг феврал ойида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб, суд қарорига кўра 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

“Муҳаммад Бекжон сохта айбловлар билан қамалган”

Баҳодир Намозов Муҳаммад Бекжоннинг сохта жиноятда айбланганлигини айтади.

- 1999 йилги портлашларга унинг алоқаси борлиги исботланмаган, мутлақо исботланмаган. 1999 йилги портлашларга оид маҳкамаларнинг ҳаммаси ëпиқ ҳолатда ўтди. Кимнинг нима қилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Шу баҳона билан шунча одамни қамашди. Қилишсин очиқ судларни. Ўтказишсин очиқ судларни. Улар ҳақиқатан айбдор бўлса¸ исбот келтиришсин. Ҳаммага кўрсатишсин. Унақа нарса бўлгани йўқ-ку!.. Ҳамма жойда: “Бизда сиëсий маҳбуслар йўқ”, деб гапиришади. Булар сиëсий маҳбус бўлмасдан қанақа маҳбус бўлмаса? Улар нима учун ўтиришибди? – дея савол ташлайди Баҳодир Намозов.

Виждон тутқинларини озод қилиш қўмитаси ўз интернет нашри орқали ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва жамоатчилик ташкилотлари номидан баёнот тарқатиб, Муҳаммад Бекжоннинг соғлигидан хавотир билдирди.

Ушбу баёнотда Муҳаммад Бекжонни озодликка чиқариш учун халқаро жамоатчиликдан кўмак сўраш, Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан босим ўтказиш борасидаги чақириқлар бор. Лекин “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов Ислом Каримов режимига халқаро босимнинг таъсири йўқлигини айтади.

“Сиёсий маҳбуслар гаровда ушлаб турилибди”

- Буларнинг ҳаммаси гаровда ўтирган одамлар. Президент гаровида ўтирган одамлар. Манфаатли таклиф чиқсагина, уларни озод қилади. Жамоатчиликнинг босими, илтимоси фойда қилмайди, - деди Отаназар Орипов.

Муҳаммад Бекжон мухолифатдаги “Эрк” партияси аъзоси. Шунингдек, у партия лидери Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлади. Муҳаммад Бекжон “Эрк” газетасига муҳаррирлик қилган.

1999 йили қамалгач, у дастлаб Навоийдаги, сўнг Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхоналарида сақланган.

2003 йили Муҳаммад Бекжон сил касаллигига чалингач¸ уни Тошкент шаҳридаги “Сангород” маҳбуслар шифохонасида даволашган. Кейинчалик уни Бухородаги Когон қамоқхонасига, сўнг Қашқадарёдаги Косон қамоқхонасига жўнатганлар.

Виждон тутқинларини озод қилиш қўмитаси баёнотида айтилишича, Муҳаммад Бекжонни тез-тез жазо изоляторига ташлашади ва унга нисбатан мунтазам қийноқлар қўлланилади.

XS
SM
MD
LG