Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 03:08

Ўзбек яна тезак ёқадими?


Бухородаги Хавзак конидан олинаëтган газ эгаси конституцияда айтилгани каби халқ эмас¸ балки Россиянинг Газпромидир.
Бухородаги Хавзак конидан олинаëтган газ эгаси конституцияда айтилгани каби халқ эмас¸ балки Россиянинг Газпромидир.

Расмий Тошкент ўзбек газини Европага сотишни кўзлаётган бир пайтда ўзбек халқи мол тезаги ёқиб, уйини иситмоқда; қишдан қандай омон чиқаман деган қўрқув билан кун кечирмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Болгария президенти Георгий Парванов билан музокаралардан сўнгжурналистлар учун ўтказилган анжуман чоғида Ўзбекистон газ эскпортини 17 млрд. куб метрдан 25 млрд. куб метрга етказиши ҳақида маълум қилди.

“Президентнинг гапи муҳокама ҳам қилинмайди, унга изоҳ ҳам берилмайди”

Кейинги йилларда Ўзбекистонда қазиб олинаётган газ ҳажми йилига 60 млрд. куб метрдан ошмаяпти. Лекин газ экспорти ҳажми йилдан-йилга оширилмоқда. “Хўш, бу ички истеъмолни кесиш ҳисобига амалга ошириладими?”, деган савол билан “Ўзбекнефтгаз” ташкилотига мурожаат қилдик. Лекин ташкилотнинг матбуот котибаси Елена Ким бу ҳолатни изоҳлашни истамади:

- Биласизми, президентнинг гапларига изоҳ берилмайди, - деди матбуот котибаси.

Президент сўзлари шарҳга муҳтож эмаслиги таъкидланаётган бир пайтда Ислом Каримовнинг ўзи Ўзбекистон газ экспорти бўйича истиқболли имкониятларга эга эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Комрон Алиев Ўзбекистоннинг газ экспортига катта эътибор қаратишини жаҳонда газ нархларининг ошиб кетгани билан боғлайди:

- Маълумки, охирги вақтларда нефтнинг нархи ниҳоятда ошиб кетди. Шу билан бирга, газ нархи ҳам анчагина кўтарилиб кетган. Ўзбекистон газни чет элга экспорт қилиш ҳисобига бюджетга яхшигина пул тушириш имкониятлари мавжуд, - деди Комрон Алиев.

Маълум бўлишича, Болгария президенти Тошкентга ташрифи чоғида ўзбек газига қизиқиш билдириб, уни Болгария орқали транзит қилиш таклифини киритган.

Георгий Парванов таклифини маъқуллар экан, Ислом Каримов Болгария географик, геостратегик жиҳатдан ўзбек гази транзити учун қулай имкониятларга эгалигини таъкидлади.

Аммо биз билан суҳбатлашган оддий ўзбекистонликлар мамлакат президентининг газ экспорти билан юртни бойитиш таклифидан бошлари осмонда эмаслигини қайд этадилар.

“Бу аҳволда қишдан қандай чиқар эканмиз?”

- Ҳамма ўзбек газини хоҳлайди. Ўзбекнинг ўзи ҳам. Кейинги беш-олти йил мобайнида Ўзбекистоннинг аксарият вилоятларида газ танқислиги кузатилмоқда. Жорий йилда ҳам кунлар совиши билан жойларда газ тақчиллиги сезила бошлаган, - деди ўзбек расмийлари қароридан норози бўлган ўзбекистонликлардан бири.

- “Боймиз, боймиз” деймиз - нимага боймиз? Ўзбекистон тезак ëқаяпти. Бизнинг газимизни ташқи давлатлар олиб ишлатаяпти. Совет даврида газ ҳамма жойда порлаб турди. Нима учун ҳозир бизда газ йўқ? Қандай замонда яшаяпмиз? – дея таажжубланади ўзбекистонлик бошқа суҳбатдошимиз.

- Газлар аллақачон камайди. Қишга бориб, билмадим, қандай бўлади. Ўтган йил газ жуда кам эди. Бу йил ҳам ўша аҳвол бўлса керак, - дея қайд этади учинчи суҳбатдошимиз.

Халқ ўзи айбдор”

Иқтисодчи Комрон Алиев мамлакат ичкарисида газ етишмовчилиги сабабларини изоҳлар экан, бу ҳолатда халқнинг ўзини айблайди:

- Ичкарида газ етишмаëтганлигининг сабаби шуки, ички нархлар газнинг экспорт нархига нисбатан анча арзон. Бюджетга тезлик билан катта пул туширмоқчи бўлган давлатга экспорт фойдалироқ кўринади. Ўзбекистон халқи сиëсий фаоллигининг пастлиги, Ўзбекистонда сиëсий жараëнларнинг тараққий этмаганлиги туфайли “бола йиғламаса, она сут бермайди” қабилида сиëсат юргизилади, - дейди Комрон Алиев.

Қайд этиш жоизки, ўзбек газининг асосий харидори Россия бўлиб, Россия орқали бу газ Украина ва бошқа давлатларга сотилади. Шунингдек, қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Қозиоғистон ўзбек газининг харидорлари ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG