Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:28

ЕвроосиëИҲ дан чиқиш ҳали олдинда


Россия етакчилигидаги Евроосиë иқтисодий ҳамжамиятининг яна икки асос устуни Қозоғистон ва Беларусдир.
Россия етакчилигидаги Евроосиë иқтисодий ҳамжамиятининг яна икки асос устуни Қозоғистон ва Беларусдир.

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиқиши масаласи ташкилотнинг декабр ойидаги йиғинида муҳокама этилади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати маълум қилди.

- Биз Ўзбекистон тарафидан бу борадаги нотани олганмиз. Бу ҳужжатда Ўзбекистоннинг ташкилотдан чиқиш сабаби айтилган. Биз буни инобатга олган ҳолда масалани декабр ойида, ташкилотимизнинг ҳукумат бошлиқлари даражасидаги учрашувида муҳокама этамиз, - деди ташкилот матбуот хизмати расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Айтилишича, Ўзбекистоннинг эътирози ташкилот доирасидаги божхона иттифоқи билан боғлиқ. Россия, Беларус ва Қозоғистон ҳамжамият таркибидаги Божхона иттифоқи аъзолари ҳисобланади. Бу уч давлат аъзо бўлган Божхона иттифоқига Ўзбекистон қўшилишига розилик берилмагани¸ ҳамда МДҲ доирасида президент Ислом Каримов илгари сурган таклифларнинг бажарилмагани¸ афтидан¸ расмий Тошкентни қониқтирмаган.

Ўзбекистон томони Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти котибиятига йўллаган нотада республиканинг бу ташкилотдаги ўз фаолиятини тўхтатиши ҳақида билдирилган.

Лекин ташкилот низомида бундай тушунча йўқ¸ дейди Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти матбуот хизмати расмийси.

- Ташкилотдаги фаолиятни тўхтатиш деган норма бизни ҳужжатларимизда йўқ. Бу юридик жиҳатдан нотўғри. Бизда фақат ташкилотдан чиқиш деган тушунча бор. Масаланинг қандай қўйилаётгани ҳам декабр ойида муҳокама этилади.

Ўзбекистон тегишли идоралари расмий Тошкентнинг Евроосиë иқтисодий ҳамжамиятидан чиқиши сабабларига оид жамоатчиликка ҳозирча ҳеч қандай маълумот ва баëнот бергани йўқ.

Ўзбекистон 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг МДҲ таркибидаги тузилмалар, жумладан Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти аъзо бўлган ва ўзи 1999 йили ташлаб кетган Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайта қўшилган эди.

Айрим Москва расмийлари Тошкентнинг Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидаги иштирокини тўхтатиш қарори икки томонлама муносабатларга салбий таъсир қилмаслигига умид қилмоқда.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлган 2006 йилдан буён ҳозиргача Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти мамлакатлари қабул қилган аксар шартномаларни охиригача ратификациялаш ҳамда уларни амалга татбиқ этишдан бош тортиб келди.
XS
SM
MD
LG