Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:50

Инқироз Қирғизистонни ҳам четлаб ўтмайди


Бир ойга яқин Германияда даволанган Қурмонбек Бакиев молиявий бўҳроннинг Европа мамлакатлари иқтисодиётига нечоғли қаттиқ таъсир кўрсатганига шахсан гувоҳ бўлган.
Бир ойга яқин Германияда даволанган Қурмонбек Бакиев молиявий бўҳроннинг Европа мамлакатлари иқтисодиётига нечоғли қаттиқ таъсир кўрсатганига шахсан гувоҳ бўлган.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев жаҳон молиявий бўҳрони Қирғизистонни ҳам четлаб ўтмаслиги тўғрисида баёнот берди.

Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати маълум қилади.

Баёнотда президент Бакиев: “Мен Европада эканимда, айтиш мумкинки, инқироз қай тариқа авжига чиқаётганини, унинг салбий оқибатларини камайтириш учун қандай ҳаракатлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдим. Молиявий инқироз иқтисодий инқирозга айланиб бормоқда”, деб билдирган ҳамда Қирғизистонни ҳам инқироз четлаб ўтмаслигидан халқни огоҳлантирган.

Шунингдек, баёнотда президент молиявий инқирознинг салбий оқибатлари қирғизистонликлар учун сезиларсиз кечиши учун чора- тадбирлар кўрилаётганини ҳам таъкидлаган.

Айни пайтда қирғиз ҳукумати савдо ва тараққиёт вазири Ақилбек Жапаров раҳбарлигида инқирознинг олдини олиш ишчи гуруҳини ташкил этган. Бу ишчи гуруҳ банклардаги аҳоли омонатларини ҳимоя қилиш жамғармасини уюштирди. Бироқ, Ақилбек Жапаровга кўра, иш шу билан тўхтаб қолмаслиги зарур. Ҳукумат молиявий инқирознинг олдини олиш учун қурилиш соҳасига ажратилган кредитлар таъминотининг нақадар кафолатлангани масаласини ўрганиши лозим.

Вазирга кўра, кредитларнинг салмоқли қисми ипотека тариқасида ҳали қурилиб битирилмаган уйларни сотиб олишга берилган.

- Миллий банкнинг назорат тузилмалари бу ҳақда маълумотларга эга эмаслар. Менимча, мана шу йўналиш хавотир олишга арзирлидир. Миллий банк бу ҳақда аниқ маълумотларни йиғиб, халққа бўлмаса ҳам, ҳукуматга очиқ маълумот бериши керак, - деди Ақилбек Жапаров.

Бироқ, Қирғизистон миллий банки раисининг ўринбосари Қубаничбек Бўкўнтаевга кўра, ипотека тизимида банклар ва мижозлар ўз мажбуриятларини бажараётганларини кузатиш мумкин. Расмийнинг айтишича, бу борада хавотирга ўрин йўқ. Ҳукумат банк тизимида кредит портфелининг камайиб бораётганидан ташвишга тушиши лозим.

- Халқаро молиявий инқирознинг Қирғизистон банк тизимига бевосита эмас, билвосита таъсири бор. Масалан, 2007 йилда тижорат банклари кредит портфели деярли 84% га ўсган бўлса, 2008 йил ўн ойида бу кўрсаткич 28% дан ошмади. Яъни кредит йўналиши бўйича уч баробар пастга шўнғидик, - деди миллий банк раиси ўринбосари.

Бишкекдаги “Азияуниверсалбанк” директорлар кенгаши раиси Михаил Надель фикрича, кредит йўналишидаги бундай ташвишли ҳолат пул тақчиллиги билан боғлиқдир:

- Қирғизистонда жаҳон молиявий инқирози бошланиши даврида банк тизимига йирик миқдордаги хориж капиталининг кириб келиши тўхтаб қолди. Шунинг учун узоқ муддатли сармоялар ётқизиш имкони камайди, - деди банкир.

Унинг айтишича, айни пайтда ҳукумат қандай бўлмасин, мамлакатга хориж капиталини жалб қилиш йўлларини қидириши ва шу билан молиявий инқирознинг салбий оқибатларини камайтириши мумкин.

Қирғизистон ҳукумати бу борада халқаро молия ташкилотлари билан музокаралар ўтказаётганини билдирди. Халқаро валюта жамғармаси Қирғизистонга юз миллион доллар маблағ ажратишга розилик бергани ҳам маълум қилинди.

Шунингдек, қирғиз ҳукумати аҳолининг тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоя қилиш учун тузилган махсус жамғармага қўшимча 35 миллион сўм ажратган. Йил охиригача бу жамғармага яна 100 миллион сўм ажратилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG