Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:16

Қишласанг Тошкентда қишла...


Ўтган йил Ўзбекистонда қиш заптига олган кунларда иситиш батареялари газ йўқлигидан ортиқча матоҳга айланди.
Ўтган йил Ўзбекистонда қиш заптига олган кунларда иситиш батареялари газ йўқлигидан ортиқча матоҳга айланди.

Ўзбекистонда кунлар совиб, уйлар иситила бошлаганига анча бўлди. Хўш, одамлар уйларини нима билан иситаяпти? Газ борми? Ўтин-кўмир ғамлаб олганми? Қишга тайёрми?

Сиз қишга тайёрмисиз?

Қишга тайёрмисиз, деган саволни Андижоннинг Олтинкўли, Жиззахнинг Пахтакори ва Самарқанднинг Ургутида, Хива ва Гулистонда яшайдиган тингловчиларимизга бердик. Эшитганимиз жавоблар хўрознинг ҳамма жойда бир хил қичқириши тўғрисидаги нақлни шубҳа остида қолдирди.

Ўзини ҳуқуқшунос, деб таништирган пахтакорлик Эргашбой Аҳмедов қишни қўрқмай қаршилаяпти.

- Шахсан менинг оилам тайëр. Чунки мен икки хонали уйда яшайман. Газим яхши. Ëниб ëтибди. Хўш, хона иссиқ.

Озодлик: Уй ўзингизникими ë...

- Икки қаватли уйнинг биринчи қаватида тураман.

Озодлик: Газнинг қиш ичи шу бугунгидай ëнишига ишончингиз борми, йўқми?

- Шу саволингиз ҳақиқатан ҳам ўринли бўлди. Бу савол мени анчадан бери қийнаëтган эди. Мен бир ҳафта олдин бу саволга ойдинлик киритдим. Бориб, тегишли жойларга учрашдим. Мутасадди ходимлар бу бўйича мени ишонтиришди. Менга “Газ бундан кейин кўтарилса кўтарилади, лекин пасаймайди” дейишди. Мен шу гапга ишониб, хурсанд бўлиб ўтирибман.

Андижоннинг Олтинкўл туманида яшайдиган мана бу тингловчимиз ҳам келса келаверсин қиши, қўрқмаймиз, деяпти. Лекин бугунги қувончлари ҳақини олтинкўлликлар 10 ой газсиз яшаб тўладилар.

- Худога шукур энди газлар келиб қолди.

Озодлик: Ҳар йилгига қараганда бу йил яхшироқми?

- Кўз тегмасин бу йил газ яхши. Бизда январдан бери газ йўқ эди-да.

Озодлик: Қачон яхшиланиб қолди?

- Мана шу ойда.

Озодлик: Қачондан қачонгача газ бўлмади?

- Январдан бошлаб бўлмади.

Озодлик: Мутлақо бўлмадими?

- Мутлақо бўлгани йўқ. Аммо бу йил қишга тайëргарлик Худо хоҳласа шунчалик бўлади.

Озодлик: Мана қиш кириб келаяпти. Шу газнинг бугунгидай ëниб туришига ишончинглар борми, йўқми?

- Энди ҳозир ишонтиришаяпти. Ўзи “Кутиб туринглар. Ноябрда газ берамиз” дейишган эди. Биз ҳам ишониб ўтирган эдик. Мана ишончни оқлашиб, газ келди Худога шукур.

Озодлик: Ҳар эҳтимолга қарши кўмирхонангизда кўмир борми, йўқми?

- Энди биз қишлоқда турамизку, ўтинимиз бор.

Қишласанг, Тошкентда қишла, ҳеч йўқ Гулистонда, лекин туманларда эмас, деган фикр пайдо бўлади гулистонлик мана бу тингловчимизнинг гапларидан.

- Бизнинг оиламиз эл қатори қишга тайëр десак бўлади.

Озодлик: Газ қиш ичида бетўхтов келадими?

- Бизда айрим сабабларни айтмаса, шаҳар миқëсида бетўхтов келиб туради.

Озодлик: Гулистон шаҳрида.

- Ҳа шундай. Вилоят маркази бўлганлиги учун катта эътиборда туради. Газ билан таъминлаб туришга ҳаракат қилишади.

Озодлик: Демак¸ Гулистон шаҳрида газ келмай қолиши мумкин, деб ҳар эҳтимолга қарши гулистонликлар ўтин, кўмир ғамламайди, шунақами?

- Йўқ, йўқ. Энди табиий газга ҳам ҳар доим ишониб бўлмайди. Шунинг учун уйларимизда бир қишга етадиган ўтин ва кўмирни ғамлаб қўйганмиз.

Озодлик: Демак¸ Гулистонда яхши эканда?

- Энди Гулистоннинг ўзида. Лекин туманларда аҳвол чатоқ. Эшитишимизга қараганда Боëвут тумани 15-16 йилдан бери газдан қийналиб келишаяпти. Ëнимиздаги Мирзаобод туманида ҳам шу аҳвол. Туманларимизда шунақа газ танқисроқ.

Андижоннинг Олтинкўли, Жиззахнинг Пахтакори ва Гулистонда яшайдиганлар қишдан деярли қўрқмаяпти. Бироқ хиваликлар, тошлоқликлар ва айниқса ургутликлар қишда совқотиб қолишдан қўрқмоқда.

Фарғонанинг Тошлоғидаям шу кунда газни мутлақо йўқ, деб бўлмайди.

- Газ тармоқларини тортиб ташлаган, кўрсангиз ҳавас қиласиз. Лекин мана октябр ойидаëқ кўп ерларда газ йўқолиб қолди. Етиб бормайди. Ўша¸ тақсимот яхшимас-да!

Шундай бўлгач, кун кўмирга қолади. Хўш, неча пул бўлди кўмир?

- Бир тонна кўмир 75 минг сўм бўлса, уйга кириши билан 100 мингдан ошиқ бўлади.

Озодлик: Бир тонна кўмирнинг уйга кириши 100 мингдан ошади?

- Ошади. Бизники яқинроқ бўлган жойлар. Бу агар туманнинг нариги чеккасига борадиган бўлса, 120 мингга тушади. Агар икки тонна оладиган бўлса, боринг 250 минг сўм кетади. Ëқаман деган одамга бир-икки тонна кўмир етмайди. Тутларнинг ҳам ҳаммаси кесиб ташланди.

Хиваликлардан бирини ҳам суҳбатга тортдик.

Озодлик: Газ борми ҳозир?

- Ҳозирча бор. Секин-секин ëниб турибди.

Озодлик: Газнинг қиш ичида ҳам бўлишига ишончинглар борми?

- Энди билмадим. Бунга кафолат йўқ.

Озодлик: Газ босими пасайиб кетса, ҳар эҳтимолга қарши кўмир борми?

- Кўмир йўқ. Бизда унақа нарса йўқ. Қишлоқларда газ йўқ лекин.

Озодлик: Қишлоқларга газ етиб бормаганми ëки...

- Труба борган, лекин унинг ичида газ йўқ.

Озодлик: Нима учун йўқ?

- Унисини билмадим.

Бугунги суҳбатдошларимиз орасида қишдан энг қўрқадигани ургутлик бўлиб чиқди.

- Ҳозир норозичилик кучайган. Газдан норозичилик, чироқдан норозичилик.

Озодлик: Газ йўқми?

- Бор ҳисобига пул йиғиладию, лекин газнинг ўзи йўқ.

Озодлик: Газ қачондан бери йўқ?

- Шу бир йилдан бери.

Озодлик: Нима учун йўқ?

- Ташкилотларга ва керак жойларга бериладида. Қайси бири соққани нақд тайëрласа берилади. Аҳолининг ўзига йўқ.

Озодлик: Газ йўқ бўлса, совуқда аҳоли нима ëқаяпти?

- Экиб қўйган 30-40 йиллик дарахтларини кесиб, тайëргарлик кўраяптида.

Озодлик: Кўмир сотиб олса бўлмайдими?

- Бўладию, кўмир жуда ҳам қимматда.

Озодлик: Неча пул?

- Ҳозир бир машина кўмирнинг нарчи 500 минггача борган. Энди у 4 тоннами, 5 тоннами билиб бўлмайди.

Озодлик: Қанча дедингиз?

- 500 мингларга чиқиб борган. Бир қопи 8000.

Озодлик: Қиммат бўлса ҳам кўпми?

- Энди олса бўладию маошга ҳам қаралади-да. Кўмирнинг пули 3 ойлик олгандан кейин бўладими, 5 ойлик олгандан кейин бўладими.

Озодлик: 5 ойлик пулга бир машина кўмир беради, шунақами?

- Албатта, худди шундай.

Қишласангиз, Тошкентда қишланг, ҳеч йўқ Гулистонда, лекин туманларда эмас, айниқса, Самарқанднинг Ургутида эмас.

Тилга олганимиз аҳоли пунктларига бир ойдан кейин яна қайтиб, қандай қишлаяпсизлар, деб сўрамоқчимиз.
XS
SM
MD
LG