Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:49

Кароматовга қўйилган ташхис тасдиқланди


Сил таёқчалари жуда яшовчан бўлгани учун бу касалликка чалинган бемор ўта парваришталаб бўлади, аммо Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сил касалига чалинган аксар беморлар тегишли муолажа имконидан маҳрум
Сил таёқчалари жуда яшовчан бўлгани учун бу касалликка чалинган бемор ўта парваришталаб бўлади, аммо Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сил касалига чалинган аксар беморлар тегишли муолажа имконидан маҳрум

Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасида даволанаётган ҳуқуқ фаоли Алишер Кароматовнинг силга чалингани тасдиқланди.

26 ноябр куни ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Намуна Кароматова Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига бориб врачлар билан учрашган. Шифокорлар унга эрининг силга чалинганлиги ҳақидаги хабарни етказишган. Бу ҳақда Намуна Кароматованинг ўзи Озодликка маълум қилди.

- Чоршанба куни бориб, Алишер акани даволаётган шифокорлар билан учрашдим. Улар Алишер аканинг аҳволи оғир, у сил касалига чалинган дейишди. Ҳозирда қон туфлаяпти, иккала ўпкаси ҳам тешилган экан, - дейди Намуна Кароматова.

Аёлга айтишларича, ҳозир Алишер Кароматов оғир беморлар ётадиган бўлимда экан.

- Алишер аканинг касали силнинг жуда оғир формасида, юқумли экан, шунинг учун бошқа беморларга қўшишмаяпти экан. Менга дори-дармон ёзилган рўйхат беришди. Мен рўйхатдаги дориларни аптекадан сотиб олиб уларга бердим. Қони камайиб кетган, деди. Қон кўпайтирувчи дорилар, витаминлар ҳам ёзиб берди. Буларни ҳам олиб бориб бердим. Ҳар чоршанба куни маҳбуслар шифохонасига бориб, уларнинг аҳволларини сўраб билишим мумкин экан. Лекин Алишер аканинг ўзлари билан фақат янги йилнинг 16 январида учрашишга рухсат беришар экан, - дейди маҳбуснинг рафиқаси Намуна опа.

Қарши шаҳридаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 40 ёшли Алишер Кароматовни соғлиги ёмонлашгани боис Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига ўтказишганди. 16 ноябр куни маҳбуслар шифохонасига бориб эри билан учрашган Намуна Кароматова эрининг аҳволи оғир эканлиги ҳақида гапирганди.

- Аҳволлари бир ëмон. Биласизми¸ мен кўрганимда худди у кишини йўқотиб қўяëтгандай бўлдим. 112 кило чиқардилар. Шунақа кичкина бўлиб қолганлар. Ҳозир 60 кило чиқадими¸ йўқми - билмайман, - деганди Намуна Кароматова бир неча кун аввалги суҳбатимизда йиғлаб.

Алишер Кароматовнинг соғлиги борасида маҳбуслар шифохонасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Намуна опанинг айтишича, қамоқхонада эрига нисбатан қийноқлар қўлланилгани натижасида унинг соғлиги ёмонлашган.

Эзгулик жамияти фаоли Исроил Ризаев ҳам Алишер Кароматовнинг қамоқхонада мунтазам қийноқларга учраганини таъкидлайди.

- Ҳаттоки Алишер Кароматовнинг оëқларининг орасига, тирноқларининг орасига мих тиққанлари¸ уни бақиртириб уриб, охири юра олмай қолгани тўғрисида хабарлар олдим. Газниқоб кийдириб ëмон қийнашган, - дейди Исроил Ризаев.

Алишер Кароматов 2003 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлимига раҳбарлик қилди.

2006 йилнинг 29 апрелида Алишер Кароматов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти раҳбари Аъзам Фармонов билан биргаликда пора олганликда айбланиб, ҳибсга олинди.

Янгиер шаҳар жиноий ишлар суди қарорига кўра, иккала ҳуқуқ фаоли ҳам Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддасининг товламачилик банди бўйича айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири тўққиз йил муддатдан қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

Алишер Кароматовнинг ҳамкасблари ва сафдошлари унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун сохта айблар билан жазога ҳукм этилганини таъкидлашади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти эса айрим Интернет сайтлари орқали чиқиш қилиб, халқаро жамоатчиликдан соғлиғи кескин ëмонлашиб бораëтган Алишер Кароматовни озод этишда кўмак сўради.

XS
SM
MD
LG