Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:03

Қирғизистон расмийлари таъқиқ жорий этди


Таркибида меламин бўлган сут маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида Хитойда 50 мингдан зиёд гўдак касалланган
Таркибида меламин бўлган сут маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида Хитойда 50 мингдан зиёд гўдак касалланган

Қирғизистон Хитойдан сут маҳсулотлари ва тухум сотиб олишни таъқиқлади.

Хитойда сутга қўшилган меламин моддасидан минглаб одамлар заҳарлангани бу қарорнинг қабул қилинишига сабаб бўлди.

Қирғизистон бош ветеринар врачи Қалис Жумақановнинг айтишича, Хитойдан келаётган озиқ-овқат маҳсулотларида меламин моддаси бор ёки йўқлигини аниқлаш имконсиздир. Чунки Қирғизистонда буни аниқлай оладиган махсус ускуналар мавжуд эмас.

- Шунинг учун ҳам оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ташвишларини ўринли деб топиб, Хитойдан озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олинишини вақтинча таъқиқладик, - деди Қалис Жумақанов.

Қирғизистон санитария-эпидемиология департаменти раҳбари Тўла Исоқовнинг айтишича, меламин заҳарли кимёвий модда бўлиб, у асосан кимё саноатида ишлатилади. Лекин Хитойдаги айрим ширкатлар оқсил таркибини кўпайтириш мақсадида болалар учун ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига меламин қўшиб юборганлар.

Шу кунгача меламин заҳарли моддаси Хитойда ишлаб чиқарилган шоколад, йогурт, сут кукуни ва музқаймоқ маҳсулотларида топилган. Тўла Исоқовнинг қайд этишича, меламин моддаси буйрак, жигар ва қон системаси касалликларига сабаб бўлади.

Қирғизистонлик мутахассисларга кўра, Хитой озиқ-овқат маҳсулотларининг мамлакатга олиб кирилишини таъқиқлаш хотиржамликка асос бўлолмайди. Чунки 2007 йилда ҳукумат четдан олиб келинган маҳсулотларни сертификациядан ўтказиш мажбурий эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилган. Бунинг оқибатида эса Қирғизистон бозорларини сифатсиз маҳсулотлар эгаллай бошлаган.

- Ҳар қандай маҳсулотни, нафақат Хитой, балки бошқа давлатлардан олиб келинаётган маҳсулотларни ҳам сўзсиз сертификациядан ўтказиш лозим. Қирғизистонда 2007 йилгача қатъий қонун бор эди, шунинг учун 2007 йилгача мамлакатда сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмаган. Бу қонуннинг ўзгартирилиши фуқаролар соғлиғи учун катта зарба бўлди, - деди собиқ қишлоқ хўжалик вазири Жумақодир Акенеев.

Айни пайтда, айрим нашрлар Хитойдан озиқ-овқат маҳсулотларининг олиб кирилишига таъқиқ қўйилгани, мамлакатда озиқ-овқат танқислиги ёки нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин, деган хавотирларни билдирмоқдалар.

Бироқ Қирғизистон ҳукумати бундай хавотирга ўрин йўқ эканини билдирди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат ўзини ўзи ун, сут, тухум ва гўшт маҳсулотлари билан тўла таъминлай олади.

Бундан ташқари, қирғиз ҳукумати 2009 йил бошида Германиядан озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини текширувчи махсус мосламалар сотиб олиниши ҳақида ҳам маълумот тарқатган.

XS
SM
MD
LG