Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:29

Милиция зўравонлиги давом этаяпти


Собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов давридан бери¸ айтилишича¸ вазирлик ичида қийноқнинг янги усулларини ўйлаб топган милиционерларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилган.
Собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов давридан бери¸ айтилишича¸ вазирлик ичида қийноқнинг янги усулларини ўйлаб топган милиционерларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилган.

Хабарларга кўра¸ Ўзбекистонда диний ва сиëсий айб билан ҳибсга олинган фуқароларга нисбатан қийноқларнинг янги тўлқини бошланган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, тошкентлик 22 яшар ёш болали аёл - Шаҳло Султонова инсон чидаб бўлмас хўрликларга дучор қилинган.

Шаҳло Тошкентнинг Учтепа туманида яшайди. 29 ноябр куни эрталаб унинг уйига Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг олти нафар ходимлари бостириб кириб, ноқонуний тинтув ўтказганлар ва Шаҳло Султоновани ўзлари билан бирга олиб кетишган. Бу ҳақда унинг қайнонаси Мушарраф Худойбердиева Озодлик радиосига гапириб берди:

- Эрталаб иккита машинада келиб, босиб олиб кетишган. Ўзи кичкина синглисидан бошқа ҳеч ким бўлмаган. Олиб бориб¸ бошига роса уришибди, - дейди Мушарраф Худойбердиева.

Аёлнинг айтишича, уларнинг оиласи милициянинг қора рўйхатида туради. Зеро, унинг эри ва ўғли, яъни Шаҳлонинг эри Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадорликда ва Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганликда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Хўш, уйда ёш боласи билан ўтирган Шаҳло нега керак бўлиб қолдийкин милиция ходимларига? Мушарраф опанинг сўзларига кўра, уни қийнаб, аллақандай қоғозларга қўл қўйдириб олишган:

- Роса уришгандан кейин бунинг бўйнига бир нималарни қўйишибди. Бу ҳеч нарсани билмайди. “Ҳеч нарсани билмайман. Қўрққанимдан ўзимдан кетиб қолдим”, дейди келиним, - деб айтади Мушарраф Худойбердиева.

Шаҳло аввалига ёзилган қоғозларга имзо чекишга рози бўлмаган. Лекин унга кўрсатилган даҳшатли порнофильмлар ва агар қўл қўймаса¸ уни ҳам шундай қилишлари ҳақидаги пўписалардан сўнг имзо чекишга мажбур бўлган:

- Компьютерда ифлос нарсаларни кўрсатиб, ҳозир қўл қўймасанг, сени ҳам шунақа қиламиз, деб кийимларидан тортиб¸ тугмаларини ечиб ташлаб¸ рўмолларидан тортиб¸ роса масхара қилишиб¸ сенга ҳозир тажовуз қиламиз¸ дейишган. Бу қўрқиб қўл қўйган. Нимагалигини билмайди лекин, - дейди Шаҳлонинг қайнонаси.

Мушарраф Худойбердиевага кўра, гарчи оила аёлларининг Ҳизбут-Таҳрирга умуман алоқаси бўлмаса-да, улар милиция ходимларининг доимий таъқибидалар.

- Менинг алоқам қандай бўлади? Мен аëл киши бўлсам. Эркаклар шунақа иш қилган бўлса¸ менда айбмас-ку. Мен билан келинимда нима айб? Хўжайиним ўзи ҳам аъзо бўлмаганлар¸ мени ҳам аъзо қилдирмаганлар. Бунақа аëлларни ўзи хоҳламаганлар, - дейди Мушарраф Худойбердиева.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов сўзларига кўра, Шаҳло Султонова сингари бегуноҳ аёллардан зўрлик билан олинган кўрсатмалар яна бир қанча бегуноҳ одамларга айб қўйиш учун асос бўлиши мумкин. Зеро, Шаҳло қандай қоғозларга имзо чекканини ўзи ҳам билмайди. Бундан ташқари:

- Ўзбекистонда Ҳизбут-Таҳрирнинг борлигини кўрсатувчи сохта ҳужжатлар тайëрланиши учун қилинаяпти. Буларни қийноққа учратиб¸ мажбурлаб ҳар хил қоғозларга қўл қўйдириш ишлари олиб борилаяпти¸ - дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, Шаҳлонинг онаси Севара Султонова ҳам 12 ноябр куни қамоққа олиниб, айни пайтда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг ертўласида қийноқлар билан тергов қилинмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишларича, қамоқхоналарда ҳам қийноқлар давом этмоқда. Самарқандлик ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг бир қўли деярли ишламай қолганига қарамай, қамоқхонада айтган ҳақ сўзлари учун уни ўн кунлик жазо камерасига ташлашган. Бу ҳақда Норбой Холжигитовни яқинда кўриб қайтган хотини Бўригул опа маълум қилди:

- Аҳволи унчалик яхши эмас. Бир тарафи ишламайди. Қанд касали хуруж қилганлиги сабаблими - бир тарафи ишламай қолибди. Ноҳақликларни кўрса¸ чидаб тура олмас экан-да. Шу сабабли уни 10 кунга карцерга ташлашибди. 26 ноябр туғилган куни эди. Ўшанга ҳам болаларимизни киритишмабди, - дейди Бўригул опа.

Ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитов 2005 йилда товламачиликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
XS
SM
MD
LG