Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:21

Президент халқаро жиноятда айбланмоқда


Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш альянси фаоллари бир неча йилдан бери Каримов сиëсатини танқид қилувчи норозилик тадбирлари ўтказиб келмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш альянси фаоллари бир неча йилдан бери Каримов сиëсатини танқид қилувчи норозилик тадбирлари ўтказиб келмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш альянси фаоллари Ислом Каримовни Халқаро трибуналга топшириш талаби билан мурожаат тайёрладилар.

Мурожаатнома БМТнинг Хавфсизлик кенгаши ва дунёдаги инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар учун мўлжалланган.

Бу мурожаат яқин кунларда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонасига топширилади. Инсон ҳуқуқи фаоллари фикрича, президент мамлакатда ўз халқига нисбатан бир қанча жиноятлар содир қилди ва у президентлик даврида инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол қилиниб келди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни содир этган жиноятлари учун халқаро трибуналга тортиш ҳақидаги мурожаат Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш альянси фаоллари томонидан тайёрланди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаеванинг Озодлик радиосига айтишича, шунча йиллар мобайнида Ўзбекистон президенти ва ҳукумати мамлакатда гўёки инсон ҳуқуқлари тўла таъминланиб келинаётгани ҳақида гапириб келади, лекин аслида бундай эмас:

- Альянс ҳуқуқ ҳимоячилари БМТнинг Хавфсизлик кенгашига Ўзбекистон президенти раҳбарлиги остида мамлакатда инсон ҳуқуқларининг оммавий ва сурункали бузилишига оид мурожаат тайёрлади. Бу мурожаатнинг таги бўш эмас. Инсон ҳуқуқларининг поймол қилинишига оид етарли фактлар, ҳужжатлар тўпланган. Бизнинг фикримизча, бу жиноятлар оддий жиноятлар эмас, балки халқаро жиноятлар ҳамдир. Шунинг учун ҳам биз президентни Халқаро трибуналга ёки Халқаро жиноят судига тортилишини талаб қиламиз, - дейди Елена Урлаева.

Мурожаатда айтилишича, “давлат сиёсати доирасида” қилган жиноятлари учун ҳукуматнинг бошқа вакиллари ҳам халқаро жавобгарликка тортилиши лозим. Ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ташкилотларни ўзбек режимининг барча жиноятларини фош қилиш жараëнида фаол иштирок этишга чақирдилар.

- Халқаро суд статусига кўра, бизнинг президентимиз фаолияти суднинг бир қанча моддаларига айнан тушади. Агар Хавфсизлик кенгаши қабул қилса, 6-модда, яъни геноцид учун биз президентни жавобгарликка тортишни талаб қилганмиз. Ёки 7-модда, инсониятга қарши жиноят. Шунингдек, одамларни қийноққа солиб¸ жиноий жавобгарликка тортиш пунктлари ҳам президент фаолиятига тўғри келади. Ваҳоланки, Ўзбекистонда қийноққа солинган ва солинаётган одамлар мингларни ташкил этади, - дейди Елена Урлаева.

Мурожаатга имзо чеккан яна бир ҳуқуқ фаоли Саломат Бойматова фикрича, Ўзбекистон президенти Андижонда халқни қирғинбарот қилгани учун ҳам халқаро судга тортилиши лозим:

- Каримов Андижон воқеаларида намойишга чиққан одамларни отишга буйруқ берган. У Ўзбекистон телевидениесида “Ўғил қизларим¸ фарзандларим” деб гапиради. Лекин гапи билан иши бир хил эмас. Қайси ота-она ўз фарзандини отишга буйруқ беради? – дейди ҳуқуқ фаоли.

Саломат Бойматова фикрича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш альянси минглаб бегуноҳ одамлар Ислом Каримов режимининг қурбони бўлганлиги ҳақида рад этиб бўлмайдиган далиллар тақдим этиши мумкин.

Альянс фаолларининг фикрича, инсониятга қарши қилинган жиноят ҳеч қачон жавобсиз ва жазосиз қолмаслиги лозим.

“Шунинг учун ҳам, - дейилади мурожаатда, - улар келтирган далил ва исботлар Ўзбекистон президенти устидан адолатли ҳукм чиқаришга асос бўла олади”.

XS
SM
MD
LG