Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:32

Топшириқ адо этилди


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Акмал Саидов 11 декабр куни Женевада ўтган анжуманда ўз мамлакатида инсон ҳуқуқлари қадрланишини исботлашга ҳаракат қилди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Акмал Саидов 11 декабр куни Женевада ўтган анжуманда ўз мамлакатида инсон ҳуқуқлари қадрланишини исботлашга ҳаракат қилди.

Ўзбекистон расмийларининг БМТ инсон ҳуқуқлари Кенгашида мамлакатдаги вазиятга оид қилган ҳисоботи ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларини ҳайрон қолдирди.

11 август куни Женевада бўлиб ўтган бу йиғилишда Ўзбекистондаги вазият ҳақида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов бошчилигидаги расмий делегация ҳисобот тақдим этди.

Ҳисоботни тақдим этган Акмал Саидов¸ Ўзбекистонда болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланишга оид халқаро танқидларга жавоб бера туриб¸ “Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига болаларни жалб этиш масаласига келсак, бизда пахта хусусий секторда етиштирилишини алоҳида қайд этишим лозим ва давлатнинг бунга алоқаси йўқ” деди.

Ўзбекистон жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Абдукарим Шодиев қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилмаслиги ҳақида шаҳодат берган бўлса¸ Ўзбекистон делегациянинг бошқа аъзолари ҳам мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятининг рисоладагидек эканини қайта-қайта таъкидладилар.

Рост гапириб хаёлимни бузма, дўстим

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази раҳбари Акмал Саидов етакчилигидаги делегация БМТнинг Женевадаги инсон ҳуқуқлари Кенгашида Ўзбекистон ҳукуматининг уларга топширган ишончини тўла оқлади.

Зеро, халқаро минбардан туриб¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳавас қилса бўладиган даражада қилиб таърифланди.

БМТ янгиликлар маркази хабарига кўра, Акмал Саидов: “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат тизимини ташкил этувчи фуқаролик жамияти институтлари актив ривожланиб бормоқда. “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш” принципи босқичма-босқич амалга оширилмоқда” деган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи фаоли Носир Зокир Акмал Саидовнинг бу айтганларини бориб турган алдамчилик деб ҳисоблайди:

- Бу албатта ëлғон. Одамлар бу ëлғонларга ўрганиб ҳам қолди. Нафақат Акмал Саидов балки ундан тепада турган раҳбарларнинг ҳам ойлик масаласидаги ëлғонларини эшитавериб¸ одамлар кўникиб кетди.

Мана 17 йил бўлди. “Босқичма-босқич” деган гап одамларнинг жонига ҳам тегиб кетди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳвол қандай эканлигини бутун дунë билади.

Бу¸ менинг назаримда¸ Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволдан хабари йўқларга айтилган қип-қизил ëлғон гап¸ - дейди Носир Зокир.

Унга кўра, Ўзбекистонда “кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш» эмас, балки бунинг акси бўлаётир.

- Мана¸ Андижон воқеаларидан олдин Ўзбекистонда қанчадан-қанча демократик институтлар бор эди. 4 йил олдин Фридом Ҳауз¸ Ҳюман Райтс Уотч ташкилотлари¸ Би-Би-Си ва Озодлик радиоларининг бюролари бор эди.

Одамлар бориб ўзларининг муаммоларини гапираëтган эди. Бугун йўқку шулар. Инсон ҳуқуқлари борасида фуқаролик жамиятининг асосини нодавлат ташкилотлар ташкил қилади. Ҳозир биттами-иккитами нодавлат ташкилот рўйхатдан ўтган холос, - дейди Носир Зокир.

Журналистларнинг қамоқхонага киритилиши ёлғон

Би-Би-Си ва Озодлик радиолари ваколатхоналарининг Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилганига уч йил бўлди.

Лекин Ўзбекистон жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Абдукарим Шодиев Женевада қилган чиқишида қамоқхона эшиклари барча оммавий ахборот воситалари учун очиқлиги ҳамда мазкур радиолар мухбирлари қамоқхоналарга кириб чиқаётганини даъво қилди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқи фаоли Аҳмаджон Мадумаров Абдукарим Шодиевнинг бу ўринда ёлғон гапираётганини айтар экан, маҳбуслар оддий ахборот олишдан ҳам маҳрум қилинганини таъкидлайди:

- Жазони ижро этиш муассасаларида ҳеч қандай ахборот воситаларига имконият йўқ. Мисол учун мен фарзандимга биронта радио олиб бораман десам¸ уни қамоқхонага киритиш мумкин эмас.

” Мумкин эмас”, деб ëзиб ҳам қўйган. Хорижий ахборот воситалари у ëқда турсин¸ ҳатто Ўзбекистон учун чиқадиган “Аргументы и факты” деган газетани қўймайди¸- дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Қиноқлар ҳам мавжуд

Аҳмаджон Мадумаровга кўра, Абдукарим Шодиевнинг “ҳукумат қийноқлар масаласига ҳам жиддий эътибор қараётгани” ҳақида гаплари ҳам ёлғон.

- Қийноқларнинг янги тури ўйлаб топилган, десам ҳам бўлади. Бошқалар ҳақида гапирмай қўя қолай¸ мен ўзим фарзандимни бир ярим йил ичида бир маротаба кўрдим.

Диний эътиқоди учун қамалган¸ муддати тугаëтганлар учун алоҳида махсус режим¸ 159 модда билан қамалганлар учун ҳам алоҳида тартиб-қоида бор, - дейди Аҳмаджон Мадумаров.

XS
SM
MD
LG