Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:03

Қирғизлар газ нархидан норози


Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов ўзбек расмийларига ёзган мактубида Ўзбекистон табиий газни нима учун 300 доллардан сотмоқчи бўлаётганини асослаб беришни сўраган.
Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов ўзбек расмийларига ёзган мактубида Ўзбекистон табиий газни нима учун 300 доллардан сотмоқчи бўлаётганини асослаб беришни сўраган.

Тошкентда газ бўйича ўтган музокараларда Ўзбекистон Қирғизистонга газни 300 доллардан сотишини билдирди. Бишкек эса нархни 145 доллардан оширмасликни сўрамоқда.

Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов парламентда қилган чиқишида, газ борасида 2009 йил учун Ўзбекистон билан шартнома тузилмаганига қарамай, зангори олов таъминотида узилишлар бўлмаслигини билдирди.

- Газ борасида хавотирларга ўрин йўқ. Сотиб олинадиган газ миқдори аниқлаб олинган ва газ¸албатта¸ берилади. Лекин ҳозирча нарх аниқ бўлмаяпти. Бу борадаги музокаралар давом этаяпти, - деди Игор Чудинов.

Бош вазирга кўра, Қирғизистон тарафи Ўзбекистон ҳар минг куб метр газ нархини 300 доллардан белгилагани учунгина бу пулни тўлаб газни сотиб ололмайди.

Игор Чудинов Ўзбекистон қандай асослардан келиб чиқиб газни 300 доллардан сотмоқчи эканини иқтисодий жиҳатдан асослаши лозимлигин айтди.

Мана шу ҳолатни инобатга олган ҳолда Қирғизистон ҳукумати расмий Тошкентга мактуб жўнатган. Бу мактубда қирғиз ҳукумати Тошкентга газ нархини аниқлашнинг доимий формуласини ишлаб чиқишни тавсия этади.

- Бир қатор биржалардаги газ, нефт маҳсулотлари ва мазут нархи асос қилиб олинади ва шундан келиб чиққан ҳолда, газнинг ўртача баҳоси белгиланади. Қирғизистон бош вазирининг Ўзбекистон ҳукуматига жўнатган расмий мактубида ана шундай тавсия берилган, -деди бош вазир матбуот котиби Айбек Султанғазиев.

Матбуот котибининг айтишича, Қирғизистон тарафи Ўзбекистондан газ нархини 145 доллардан оширмасликни илтимос қилаётир.

Бундан аввалроқ, Қирғизистон ҳукумати аҳолини 2009 йилда газ 300 доллардан сотиб олиниши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Шунингдек, қирғиз ҳукумати ўзбек газини 300 доллардан кўп бўлмаган баҳода сотиб олишга тайёрлигини ҳам айтганди.

Бироқ Тошкентда газ бўйича музокаралар бошланиши билан расмий Бишкек Ўзбекистон томони эълон қилган баҳо уни қониқтирмаётганини билдирди.

Мутахассисларга кўра, бу дунёда углеводородлар нархининг тушиб бораётгани билан боғлиқдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қирғизистон бош вазири матбуот котиби Айбек Султанғазиев 17 декабрда якунланиши режалаштирилган музокаралар муддати чўзилганини айтди:

- Ҳозирча фақат Ўзбекистон газ нархини 300 доллар, деб эълон қилди. Қирғизистон ҳукумати музокараларни давом эттиради. Музокаралар 31 декабр кеч соат 12 гача давом этади, - деди Айбек Султанғазиев.

Айни пайтда Қирғизистон энергетика ва саноат вазири Илёс Давидов қирғиз парламентида қилган чиқишида газ борасида Ўзбекистон билан тузилажак шартнома 18 декабргача имзоланиши зарурлигини билдирди.

- Акс ҳолда, - деди вазир, - Ўзбекистон Қирғизистонга мўлжалланган газни Россияга буриб юборади.

Бироқ Қирғизистон ҳукумати бундай ҳолатнинг олдини олиш учун энергетика ва саноат вазирини хизмат сафари билан Тошкентга жўнатган. Илёс Давидовга кўра, ўзбек гази 2009 йилдаги суғориш мавсуми учун Марказий Осиё минтақасига сув тўплаб беришнинг асосий омили ҳисобланади.

- Қирғизистон ёзда суткасига 18 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлатади. Қишда эса бу кўрсаткич суткасига 62-65 миллион киловаттга тўғри келади. Негаки, асосий иситиш тармоқлари электр энергияси ҳисобига ишлатилади, - деди Илёс Давидов.

Бундай ҳолатда эса Марказий Осиё далаларини суғориш учун сув тўплаш манбаи бўлиб хизмат қиладиган Тўқтоғул сув омборидан электр энергияси ишлаб чиқариш учун кўпроқ сув олишга тўғри келади.

Натижада 2009 йилда ҳам худди жорий йилдаги каби минтақада қурғоқчилик юз бериши мумкин.

Шунинг учун ҳам ўзбек тарафининг Қирғизистонга арзон газ етказиб бериши, энг аввало, Ўзбекистоннинг ўзи учун фойдалидир, деб ҳисоблайдилар мутахассислар.
XS
SM
MD
LG